Коронавирус, карантин, интернет ва почта. АКТ вазири ўринбосари брифингда саволларга жавоб берди
Бугун, 21 март куни Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев иштирокида брифинг ўтказилди.
Вазир ўринбосари фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан берилаётган кўплаб саволлар ва мурожаатларга батафсил жавоб берди.
– Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалиши натижасида ҳаво, темир йўл ва автомобил транспортида йўловчиларни ташиш тўхтатилган. Халқаро почта жўнатмалари алмашинувини қандай ва қайси давлатлар билан амалга оширилмоқда?
– Халқаро почта жўнатмаларини ташиш учун ҳаво транспорти (Uzbekistan Airways, Aeroflot, Korean Air, Fly Dubai) хизматларидан фойдаланилар эди. Қатнов тўхтагани сабабли қўшни мамлакатлар почта операторлари билан олиб борилган музокаралар натижасида жорий йил 20 мартдан бошлаб «Ўзбекистон почтаси» АЖ ер усти транспорти орқали юбориладиган почта жўнатмаларини қуйидаги давлатлардан қабул қилишни тиклади: Австрия, Белгия, Болгария, Венгрия, Буюк Британия, Греция, Германия, Дания, Италия, Ирландия, Испания, Кипр, Люксембург, Латвия, Малта, Нидерландия, Португалия, Полша, Руминия, Словения, Словакия, Франция, Финляндия, Хорватия, Чехия, Швеция, Эстония, Украина, Хитой, Литва, Беларус, Қозоғистон, Туркманистон, Россия каби давлатлар билан почта алоқалари тўлиқ тикланди.
Бунда почта ер усти транспорти билан Қозоғистонга етказилади ва кейин Европа ва Хитойга жўнатилади.
Транспорт алоқалари тикланишига қараб ушбу давлатлар рўйхатига ўзгартириш киритиб борилади. Киритилган ўзгаришлар ҳақидаги хабарлар маълум қилиб борилади.
– Aliexpress орқали товарларни буюртма қилиш мумкинми?
– Ҳозирги кунда Aliexpressдан товарларга буюртма бериш мумкин. Хитой ҳукумат комиссиясининг қарорига биноан 4 февралдан 4 мартгача (Хитойда коронавируснинг энг юқори даражаси) Хитойдан почта жўнатмаларини жўнатиш тақиқланган эди. Ҳозирги вақтда эса Хитой билан почта алмашинуви Қозоғистон орқали ер усти транспорти орқали амалга оширилмоқда.
Aliexpress орқали буюртма қилинган почта жўнатмалари етказиб бериш вақтида бироз кечикиши мумкин. Бир қатор мамлакатларда парвозларнинг бекор қилиниши муносабати билан почта орқали асосан ер усти транспорти орқали амалга оширилмоқда.
«Ўзбекистон почтаси» ва «Қозоғистон почтаси» ўртасида Хитой Халқ Республикасидан почта жўнатмаларини (жумладан Aliexpress буюртмаларини) юк машиналари орқали Қозоғистон орқали транзит қилиш тўғрисида келишувга эришилди.
Почта жўнатмалари ва уларни жўнатиш санитария-эпидемиология стандартларига мувофиқ амалга оширилади, шунинг учун қабул қилувчиларни ташвишга соладиган ҳеч қандай сабаб йўқ.
– Ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларининг онлайн дарсликлари ишлаб чиқилиб интернетга жойлаштирилмоқда. Шундан келиб чиқиб, интернет тезлиги ва сифатини ошириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?
– Биринчи навбатда, Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тайёрланаётган видеодарслардан бемалол фойдаланиш учун интернет провайдерлар ва мобил алоқа операторлари томонидан жорий йилнинг 1 май кунига қадар http://eduportal.uz, http://kitob.uz, https://edumarket.uz, https://online-maktab.uz, https://talim.uzedu.uz, https://utube.uz, https://itschool.uz/, http://coronavirus.uz веб-сайтларга кириш бепул амалга оширилиши таъминланди.
Иккинчи навбатда, карантин даврида интернет трафик, мобил ва телефон алоқа трафиги ўзгаришлари доимий назоратга олинган. Юкланиш ўта юқори даражада ошиб кетадиган ҳолатларда амалга ошириладиган ишларнинг режалари тайёрланган.
Яна шуни айтиш жоизки, интернет хизмати тезлиги фойдаланилаётган технология билан чамбарчас боғлиқдир. Яъни оптик толали алоқа линиялари орқали хизмат тақдим этилган ҳолларда компания юқори тезликларда, яъни 100 Мбит/сониягача тезликда интернет хизматини кўрсатиш имконияти мавжуддир. Шунингдек, абонентлар фойдаланаётган тариф режаси ҳам интернет тезлигига чамбарчас боғлиқ. Яъни 4 Мбит/сония тезликда интернет хизмати тақдим этиладиган тариф режасида ундан катта тезликда интернетдан фойдаланиш имкони мавжуд бўлмайди. Демак, ишонч билан айтишимиз мумкинки, истеъмолчининг тариф режасига таъсир кўрсатилмайди. Бу борада барча имкониятлар ишга солинган.
– Республикамизнинг чекка ҳудудларини интернет билан қамраб олиш юзасидан қандай ишлар олиб борилмоқда?
– Ҳозирги кунда операторлар томонидан тармоқларни ривожлантириш режалари бўйича ишлар тўхташларсиз давом этирилмоқда. Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) пандемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида мобил алоқа операторлари томонидан ўрнатилаётган таянч станциялари учун Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан база станцияларини ишга тушириш тартибини соддалаштириш, жумладан паралел лойиҳалаш учун рухсатномалар тақдим этилиши йўлга қўйилди.
Бугунги кунга келиб, ушбу соддалаштирилган тартиб бўйича 100 дан ортиқ база станциялар муддатидан аввал ишга туширилмоқда.
– Карантин даврида умумий ўрта таълим муассасалари ва мактабгача таълим ташкилотлари ўқувчиларига телевизион видеодарсларни етказиш бўйича қандай чоралар кўрилмоқда?
– Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг топшириғига мувофиқ:
Видеодарс машғулотлари жойлаштириладиган вазирликларнинг ижтимоий тармоқлардаги каналлари ва расмий веб-сайтлари (UZ домени) фойдаланувчилар томонидан талаб ортиб кетган ҳолатларда узлуксиз ишлашини таъминлашда ҳамда зарурат бўлганида хостинг имкониятларини кенгайтиришда техник кўмаклашилмоқда.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда очиқ ҳолда 4 та телевизион канал орқали «онлайн-мактаб» рукни билан ташкил этилаётган телевизион видеодарс машғулотларини республика бўйича ер усти рақамли телевидение, кабел телевидение, IP-телевидение тармоқлари орқали ҳамда ер сунъий йўлдоши орқали узоқ ва бориш қийин аҳоли пунктларида ўрнатилган кам қувватли телеузаткичлар орқали очиқ ҳолда тарқатилишини ташкиллаштириш чоралари кўрилмоқда.
– Жамоат транспорти, кафе ва ресторанларда ўрнатилган экранларда коронавирус профилактикаси тўғрисидаги роликларни мунтазам узатиб бориш имконияти борми?
– Коронавирус профилактикаси тўғрисидаги роликларни ҳар бир киши расмий веб-сайтлар ва ижтимоий тармоқлардаги каналлардан бемалол юклаб олишлари мумкин. Жамоат транспорти, кафе ва ресторанларда ўрнатилган экранларда кўрсатиладиган роликлар мазкур муассасалар эгалари томонидан амалга оширилади. Ушбу ўринда кафе ва ресторанлар фаолияти чекланганлигини, жамоат транспорти рейслари сони ҳам қисқартирилганлигини ҳисобга олишимиз зарур.
– (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида Call-марказига қўнғироқ қилиб тушиш жуда мушкул. Бу камчиликлар қачон бартараф этилади?
«Ўзбектелеком» АК ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ўзаро ҳамкорликда 15 мартдан бошлаб, COVID-19 масалалари бўйича туну-кун 24 соат ишлайдиган олий тоифали шифкорлар ва мутахассислар томонидан хизмат кўрсатиладиган Call-маркази ташкиллаштирилган.
Бундан ташқари «Ўзбектелеком» АК томонидан вазирликнинг 1003 қисқа рақамига хизмат кўрсатувчи операторларига барча қулай шарт-шароитлар яратиб берилди. Бугунги кунга келиб, «Короновирус COVID-19» масалалари бўйича 1003 ишонч рақамига 100 дан ортиқ олий малакали шифокорлар хизмат кўрсатиб келишмоқда. Статистик маълумотларга кўра, 1003 рақамига 15.03.2020 йилдан ҳозирги вақтга қадар 135 152 та қўнғироқ келиб тушган бўлиб ўз вақтида малакали ходимлар томонидан жавоб берилган. Ҳозирда барча техник муаммолар бартараф этилган.
– Айрим давлатлар Youtube, киносайтлар, ишлаётган call-марказлар, штаб ва оператив маълумотлар марказлари мурожаат қилувчиларнинг кўплигидан белгиланган меъёрдан ошиб кетмаслиги учун ўз трафикларини камайтирмоқда. Бизда бу ҳам шу амалиёт бўлиши мумкинми? Агар шу холата юзага келса интернет орқали бизнес юритадиган фирмалар зарар кўриб қолиш эҳтимоли бор? Шу бўйича нима ишлар қилинмоқда?
– Ўзбекистонда коронавирус (COVID-19) эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида операторлар ва провайдерлар томонидан хизматлар шартнома шартларига мувофиқ тақдим этилиши таъминланади. Бу бўйича барча чоралар белгиланган трафикни қисқартиришга йўл қўйилмайди. Агар бундай ҳолатлар бўйича аниқ фактлар маълум бўлса, тегишли чоралар кўрилади.
– Карантинга олинган тиббиёт муассасаларида бепул Wi-Fi ўрнатиб бериш мумкинми?
– Ҳозир кунда карантинга олинган тиббиёт муассасалари барча алоқа воситалари билан таъминланган. Агарда карантинга олинган тиббиёт муассасалари томонидан Wi-Fi зоналар ўрнатиш масаласида мурожаат қилинса, уни албатта таъминлаб бериш имкониятимиз мавжуд.
– Карантин режими вақтида бошқа давлатлардан почта жўнатмалари қабул қилиш ва юбориш мумкинми ёки йўқ? Агар бошқа давлатлардан почта жўнатмаларини қабул қилиш ва юбориш мумкин бўлса, қандай почта жўнатмаларига рухсат берилган?
– Бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Почта узоқ тарихга, жудаям кўп қиррали йўналиш эга соҳа. Почта хизмати стратегик аҳамиятга эга деб бемалол айтиш мумкин. Чунки, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик вазиятларда ҳам почта хизматига бўлган талаб ва таклиф ҳеч қачон тўхтаб қолмаган, аксинча, доимий равишда ўсиб боради. Ушбу тенденция почта хизмати мутахассисларини доимий равишда ўз устида ишлашга, тизимга янги технологияларни жорий қилишга, почта хавфсизлигини таъминлаш каби муҳим йўналишларни доимий такомиллаштиришни талаб этади.
Шу нуқтаи назардан, биз почта тизимида хавфсизликни таъминлаш, почталар орқали келиши мумкин бўлган турли эпидемиологик ҳолатларни олдини олишга доимий равишда жиддий эътибор қаратамиз. Почта санитария-эпидемиология хизмати билан параллел равишда иш олиб боради. Шу боис, жаҳонда турли эпидемиологик касалликлар ва вируслар тарқалишидан қатъий назар, юртимиз аҳолисига ҳеч қандай хавф-хатар почта орқали кириб келишига йўл қўйилмайди. Ва энг муҳими шу вақтгача Ўзбекистонда бундай ҳолат кузатилмаган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, коронавирус нарсалар устида, жумладан посилка, бандеролларда узоқ сақланмайди. Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-эпидемиологик жиҳатдан уларни хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда.
Лекин глобал хавфсизлик чораларининг кучайиши туфайли кўп мамлакатларда ҳаво ва темир йўллари транспортлари ҳаракатланиш режалари ўзгартирилмоқда ёки камайтирилмоқда. Кўплаб йўналишларга ҳаво транспорти қатнови бутунлай тўхтатилган. Шу нуқтаи назардан кўп мамлакатлардан почта жўнатмалари кириб келишида вақт нуқтаи назаридан муаммолар юзага келиши мумкин.
Бу муаммо бўйича ҳам барча ишлар амалга оширилмоқда.
Таъкидланишича, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги томонидан коронавирус эпидемиясини тарқалишини олдини олиш, хусусан, почта хизматларида санитария-эпидемиология стандартлари асосида почта жўнатмаларида хавфсизликни таъминлаш масалаларига, шунингдек, онлайн масофавий таълимни йўлга қўйиш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ахборот технологиялари соҳаси бўйича бериладиган барча саволлар учун вазирликнинг 24 соат ишлайдиган қисқа рақамли 1199 ишонч рақамига фуқаролар мурожаат қилишлари мумкин!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter