Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Карантин вақтида бошқа давлатлардан почта жўнатмалари қабул қилиш ва юбориш мумкинми?

Карантин вақтида бошқа давлатлардан почта жўнатмалари қабул қилиш ва юбориш мумкинми?

Ўзбекистонда коронавирус  эпидемияси бўйича эълон қилинган карантин режими вақтида фуқароларимиз, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари томонидан ахборот технологиялари соҳаси бўйича бир қатор саволлар ва мурожаатлар келиб тушмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Шерзод Ахматов бугун энг кўп берилаётган саволлар ва мурожаатларга жавоб берди.

  1. Бугунги карантин ҳолатида интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни амалга оширишда аҳоли учун қандай имкониятлар яратилади? Телефон ва интернет учун тўлов кечикса ҳам карантин даврида узиб қўйилмаслиги ҳақидаги қарорни ўқидим.

– Вазирлар Маҳкамасининг «Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб фуқаролар томонидан интернет ва телефон алоқаси учун тўловларни ўз вақтида амалга оширмаганлик учун 2 ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди.

Бундан ташқари, қарорда Комиссиянинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

Шу билан бирга, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилиши ҳам белгиланган.

  1. Карантин вақтида бошқа давлатлардан почта жўнатмалари қабул қилиш ва юбориш мумкинми?

– Бир муҳим жиҳатга эътиборингизни қаратмоқчиман. Почта хизматини стратегик аҳамиятга эга деб бемалол айтиш мумкин. Чунки, ҳар қандай ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, эпидемиологик вазиятларда ҳам почта хизматига бўлган талаб ва таклиф тўхтаб қолмаган, аксинча, доимий равишда ўсиб боради.

Шу нуқтаи назардан, биз почта тизимида хавфсизликни таъминлаш, почталар орқали келиши мумкин бўлган турли эпидемиологик ҳолатларни олдини олишга доимий равишда жиддий эътибор қаратамиз. Почта санитария-эпидемиология хизмати билан параллел равишда иш олиб боради. Ва энг муҳими, шу вақтгача Ўзбекистонда бундай ҳолат кузатилмаган.

Бугунги кунда «Ўзбекистон почтаси» АЖ бошқа давлатлардан барча турдаги почта жўнатмаларини санитария-эпидемиологик жиҳатдан хавфсизлигини таъминлаш бўйича барча зарур чораларни кўрган ҳолда қабул қилмоқда ва юбормоқда.

Лекин глобал хавфсизлик чораларининг кучайиши туфайли кўп мамлакатларда ҳаво ва темир йўллари транспортлари ҳаракатланиш режалари ўзгартирилмоқда ёки камайтирилмоқда. Кўплаб йўналишларга ҳаво транспорти қатнови бутунлай тўхтатилган. Шу нуқтаи назардан кўп мамлакатлардан почта жўнатмалари кириб келишида вақт нуқтаи назаридан муаммолар юзага келиши мумкин.

Бу муаммо бўйича ҳам барча ишлар амалга оширилмоқда.

  1. Ҳозирги кунда мактаб ўқувчиларининг онлайн дарсликлари ишлаб чиқилиб, интернетга жойлаштирилмоқда. Интернет тезлиги ва сифатини ошириш бўйича нима ишлар қилинмоқда?

– Биринчи навбатда, Халқ таълими вазирлиги ва Мактабгача таълим вазирлиги томонидан тайёрланаётган видеодарслардан бемалол фойдаланиш учун интернет провайдерлар ва мобил алоқа операторлари томонидан жорий йилнинг 1-май кунига қадар eduportal.uz, kitob.uz, edumarket.uz, online-maktab.uz, talim.uzedu.uz, utube.uz, itschool.uz, coronavirus.uz веб-сайтларга киришни бепул амалга оширилиши таъминланди.

Бундан ташқари маҳаллий интернет-провайдерлар ва мобил операторлар — Uztelecom, UCELL, MobiUz ва Beeline томонидан ўз абонентларига оммавий ахборот воситалари манбаларидан — uzreport.news, xabar.uz, daryo.uz, gazeta.uz, kun.uz, podrobno.uz, repost.uz, uznews.uz, spot.uz ҳамда «ЗиёНEТ» хизматидан бепул фойдаланиш имконини тақдим этилди.

Иккинчи навбатда, карантин даврида интернет трафик, мобил ва телефон алоқа трафиги ўзгаришлари доимий назоратга олинган. Юкланиш ўта юқори даражада ошиб кетадиган ҳолатларда амалга ошириладиган ишларнинг режалари тайёрланган.

Яна шуни айтиш жоизки, интернет хизмати тезлиги фойдаланилаётган технология билан чамбарчас боғлиқдир. Яъни оптик толали алоқа линиялари орқали хизмат тақдим этилган ҳолларда компания юқори тезликларда, яъни 100 Мбит/сониягача тезликда интернет хизматини кўрсатиш имконияти мавжуддир. Шунингдек, абонентлар фойдаланаётган тариф режаси ҳам интернет тезлигига чамбарчас боғлиқ. Яъни, 4 Мбит/сония тезликда интернет хизмати тақдим этиладиган тариф режасида ундан катта тезликда интернетдан фойдаланиш имкони мавжуд бўлмайди. Демак, ишонч билан айтишимиз мумкинки, истеъмолчининг тариф режасига таъсир кўрсатилмайди. Бу борада барча имкониятлар ишга солинган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг