Италиядаги шаҳарча мўр-малахдек ёпирилган коронавирусни қандай қилиб тўхтата олди?
![Италиядаги шаҳарча мўр-малахдек ёпирилган коронавирусни қандай қилиб тўхтата олди?](https://static.xabaruz.com/crop/6/6/720_460_95_661993722.jpg)
Италия шимолидаги Во Эуганео коммунаси коронавирус тарқалишини тўхтатишга муваффақ бўлди. Ҳолбуки, Италия айни пайтда кўҳна қитъада инфекция ўчоғи бўлиб тургани сир эмас. Хўш, Во Эуганео коммунаси қандай қилиб COVID-19 вируси йўлига тўғаноқ бўла олди?
Инфекция тарқала бошлаган илк кезларданоқ шаҳарча маъмурияти ошиғич равишда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказди. Коронавирус аломати бор-йўқлигидан қатъи назар, ҳудудда яшовчи 3400 нафар аҳолининг барчаси ушбу инфекция бўйича таҳлил топширди. Текширувларда аҳолининг 3 фоизи инфекция юқтириб олгани маълум бўлди. Инфекцияга чалинганлар ва улар билан мулоқотда бўлганларнинг барчаси қатъий равишда карантинга олинди.
Орадан ўн кутиб ўтиб, такрорий текширувлар ўтказилди ва касалланиш 90 фоизга камайгани аниқланди.
Жорий йил 22 февраль куни айнан Во Эуганео коммунасида Италия бўйича коронавирусдан илк ўлим ҳолати қайд этилган эди. Шаҳарча ҳокими Жулиано Мартинига кўра, текширув усули орқали эпидемия тарқалиши тўхтатилди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Аданом Гебреисус ҳам дунё мамлакатлари ҳукуматларини ўз фуқароларини коронавирус бўйича текширишга чақирмоқда. Жанубий Корея ҳам айнан тест усули орқали вазиятни назоратга олганини қайд этиш жоиз.
Албатта, кўп миллионли аҳолининг барчасини коронавирус бўйича текширувда ўтказиш имконсиз. Бу катта маблағ талаб этиши ҳам бор гап. Аммо мутахассислар ҳеч бўлмаса ушбу инфекцияга чалинган бемор билан мулоқотда бўлганларни карантинга олиш билан чекланмай, истисносиз текширувдан ўтказиш лозимлигини таъкидламоқдалар.
Во Эуганео коммунасида COVID-19 пандемияси бартараф этилган бўлса-да, ушбу офат мамлакатнинг бошқа ҳудудларига мўр-малахдек ёпирилмоқда. Сўнгги 24 соат ичида Италияда коронавирус билан хасталаниш натижасида 475 киши вафот этди. Мамлакатда қарийб 36 минг киши вирусни юқтирган, ундан вафот этганлар сони 3 мингга яқинлашди. Расмий Рим пандемияга қарши кураш учун қатъий чоралар кўришга мажбур бўлмоқда. Зотан, Италия COVID-19 вирусидан энг кўп жабр кўрган мамлакатлар рўйхатида Хитойдан кейинги ўринда турибди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter