Юнусобод ҳокимлиги жим. Ҳасанбой маҳалласи қурилиш чиқиндихонасига айлантирилмоқда (фото)
Қуйида келтирилган фотоларни кўриб, бу — бугун янгиланаётган, янги қиёфа касб этаётган Тошкент шаҳрининг бир маҳалласи, деб ўйламайсиз. Пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Ҳасанбой ҳудуди аҳолининг кўз ўнгида улкан қурилиш чиқиндихонасига айлантирилмоқда.
«Xabar.uz» таҳририятига келиб тушган мурожаатга кўра, шу ерда яшовчи аҳолининг эътирозларига қарамай, катта юк автомашиналари пойтахтдаги бузилишлардан ортилган қурилиш чиқиндиларини аҳоли яшаши учун ажратилган ерларга тўкиб, қочиб кетишяпти.
Бу масалада Юнусобод тумани ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилинган. Аммо натижа йўқ. Тошкент шаҳар ҳокимлигига йўлланган мурожаатлар ҳам Юнусобод туманига қайтариб юборилмоқда ва табиийки, муаммо муаммолигича қолиб кетмоқда.
Бир неча ойдан бери ташланиб кетилаётган чиқиндилар 2-3 гектар майдонни қоплаб улгурган. Қурилиш чиқиндилари маҳалланинг айрим хонадонлари деворлари, дарвозалари остига тукиб кетиляпти.
«Бу ерлар эгасиз эмас. Кўпчилик ўзининг 2-3-хонали квартираларини топшириши эвазига уларга шу ҳудуддан тўрт сўтихдан ер ажратилган. Айримларнинг эса уйлари бузилишга тушгани учун шу ердан ҳовли-жой ажратилган. Улар бу ерда иморат кўтариб, кўчиб келишлари керак. Аммо уй қуришга қурби етмай турган бу инсонларга энди икки карра бошоғриғи пайдо бўлди: улар уй қуриш учун ерни тонналаб бетон бўлакларидан иборат чиқиндидан тозалашлари керак. Бу юмуш уларга қанчалик жиддий муаммо туғдиришини тушунсангиз керак», — дея вазиятни изоҳлади маҳалла фаолларидан бири.
Айтишларича, бу ачинарли ҳолат пойтахтдаги «Тошкент сити» қурилиши билан бир вақтда бошланган. Шу кунларда Себзор маҳалласидаги бузилишлар бошлангач, Ҳасанбойга чиқиндилар оқими яна ошган.
Пойтахт марказидаги бузилаётган маҳаллалар, иншоотларнинг қурилиш чиқиндилари аслида белгиланган жойларга олиб бориб ташланиши лозим. Аммо, чиқинди ташувчилар ўзларига яқинроқ бўлган шу ҳудудни топиб олишган ва ҳар қандай эътироз ва қаршиликларга қарамай, Ҳасанбойни улкан чиқиндихонага айлантиришда давом этишмоқда.
Пойтахтга кўрк берадиган қурилишлар бўлишини, замонавий «Сити»лар қурилишини барча ҳам истайди, бу ўзгаришлардан қувонади. Аммо улкан бунёдкорликлар кимларнингдир «бурнини қонатиш», бир ҳудудни обод қилиб, иккинчисини чиқиндихонага айлантириш эвазига бўлмаслиги керак.
Тошкент шаҳри ва Юнусобод ҳокимлигидан амалий ҳаракат ва натижа кутиб қоламиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter