Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ёзувчи Саъдулла Сиёев вафот этди

Ёзувчи Саъдулла Сиёев вафот этди

Фото: «Ziyouz.uz»

Таниқли ёзувчи Саъдулла Сиёев 2021 йилнинг 21 февралида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди.

Ёзувчи Саъдулла Сиёев 1939 йил 25 майда Қозоғистоннинг Туркистон шаҳри яқинидаги Қарноқ қишлоғида деҳқон оиласида туғилган. 1946—1956 йилларда Қарноқдаги ўрта мактабда, 1957—1962 йилларда Тошкент Давлат университетида ўқиди. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган адиб дастлаб Тошкент радиосида, кейинчалик республика вақтли матбуоти, «Муштум» ҳажвий журналида ишлади.

Сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Адабиёт жамғармасига раҳбарлик қилди. Саъдулла Сиёев ўз ижодини шеър ёзишдан бошлаган. Унинг дастлабки шеъри 1956 йилда матбуотда босилади. У шеърлар билан бир қаторда «Қиз боланинг панди» (1963), «Минг бир қилиқ» (1964), «Чархпалак» (1965), «Уйимизга меҳмон келди» (1966) каби ҳикояларини ҳам эълон қилди. Бу ҳикояларида бугунги қишлоқ ҳаёти тасвирланган.

Ёзувчининг биринчи ҳикоялар тўплами «Қасам ичмаган йигит» 1970 йилда чоп этилди. Бу тўпламга унинг лирик ва ҳажвий ҳикоялари киритилган. Шундан сўнг С.Сиёевнинг «Садағанг кетай» (1972), «Тўйлар муборак» (1975), «Ой бориб, омон келинг» (1976), «Оғир вазнли жанжалкаш», «Эркаклар учун эртаклар» каби ҳикоялар тўпламлари босилиб чиққан. Уларда ёзувчи замондошларининг меҳнат фаолиятини, характери ва инсоний ҳис-туйғуларини ардоқлайди.

Кейинги йилларда унинг қисса ва ҳикоялардан иборат «Ёруғлик» (1986), «Бепарво бўлмоқчиман» (1990) китоблари ҳамда «Аваз» (1987) романи ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилди. 1993 йилда унинг «Яссавийнинг сўнгги сафари» романининг биринчи китоби, 1997 йилда эса «Ҳақиқат йўли» деб номланган иккинчи китоби чоп қилинди. Бу китобларда Аҳмад Яссавий ҳақида ҳикоя қилинади.

С.Сиёев ҳикоялари рус, қозоқ, қирғиз, тожик тилларига таржима қилинган. У М.Зошченко, Л.Ленч, А.Арканов, Г.Горин каби рус ёзувчиларининг ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

Саъдулла Сиёев сценарийси асосида суратга олинган «Бозор кўрмаган йигит» видеофильми томошабинлар эътиборини қозонган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг