Президент янги қарорни имзолади
Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказлари фаолияти такомиллаштирилади. Бу ҳақда Президент қарори қабул қилинган.
Ҳужжат билан, Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази тугатилади.
Унинг негизида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузурида Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика маркази ташкил этилмоқда. Бунда мавжуд 197 та марказлар мақбуллаштирилиб 29 та марказ тузилади.
Марказнинг асосий вазифалари этиб тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган, ўз жонига суиқасд қилган ёки ўз жонига қасд қилишга мойиллиги бўлган хотин-қизларга аноним тарзда шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, педагогик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдам кўрсатиш белгиланмоқда.
Вазирлик ва идораларга эса қўшимча вазифалар юкланмоқда. Масалан, энди ҳимоя ордери нусхасини олган, яъни тазйиқ ўтказган ва (ёки) зўравонлик содир этган ёхуд уларни содир этишга мойил бўлган шахсларни ИИВ профилактик ҳисобга олади.
Шунингдек, «AZIZ-AYOL.UZ» ягона интерактив миллий платформаси доирасида 24 соат узлуксиз ишловчи «ишонч телефони» рақами ташкил этилади. У орқали хотин-қизларга шошилинч руҳий, психотерапевтик, ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter