Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Халқимиз бошига тушган синовни ҳамжиҳатлик билан енгамиз

Халқимиз бошига тушган синовни ҳамжиҳатлик билан енгамиз
Мамлакатимизда коронавирус хасталигининг олдини олиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган мақсад битта — бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган вирусдан одамларимизни асраш, ундан талафотларсиз чиқишдир.
 
Ҳукумат ва барча тегишли тузилмалар бу йўналишда ўз вазифаларини ишонч билан, масала моҳиятини англаган ҳолда амалга ошираётгани кўриниб турибди. Бу энг аввало муаммо билан шуғулланишни Ўзбекистон раҳбарияти ҳозир эмас, балки анча аввал, бу борада бошқа давлатларда дастлабки маълумотлар пайдо бўлиши билан бошлаб юборганлиги, ушбу йўналишда тизимли ишларни амалга оширишга киришганлиги натижасидир.
 
Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу масала юзасидан алоҳида йиғилиш ўтказиб, амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганганлиги, қолаверса қилиниши керак бўлган навбатдаги вазифалар кўламини белгилаб берганлиги бу борада жамоатчиликда туғилаётган кўплаб саволларга жавоб бўлган эди.
 
Шу ўринда мамлакатимиздаги энг кўп аъзоларни бирлаштирган йирик сиёсий партия бўлмиш Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси юзага келган вазиятни ўнглаш борасида қуйидагиларга эътибор қаратади:
 
биринчидан, мамлакатимиз ҳукумати ва ушбу масалага дахлдор бўлган давлат идоралари Ўзбекистон Республикаси Президенти ва ҳукумат раҳбари ўтказган брифингда тегишли идоралар олдига қўйган вазифаларни сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлашлари лозим. Ушбу масалаларга муносабати орқали ҳар бир масъул ходим нафақат ўз ишининг қанчалик профессионали эканлигини, балки ҳақиқий ватанпарварлигини кўрсатиши, бу билан барча юртдошларимизга ўрнак бўлаётганлигини унутмаслиги зарур.
 
иккинчидан, масаланинг яна бир муҳим жиҳати шундан иборатки, юзага келган вазиятдан халқимизни безарар олиб чиқиш кўп жиҳатдан ҳукумат идоралари билан фуқаролик жамиятининг бақамти ишлашига, ҳукумат амалга ошираётган ишларнинг аҳолимиз томонидан ҳам тўлиқ қўллаб-қувватланишига бевосита боғлиқ.
 
учинчидан, биз фуқаролик жамияти институтларини, кенг жамоатчилигимизни бугун ҳукумат томонидан коронавируснинг юртимизда тарқалишини олдини олиш борасида белгиланган чора-тадбирларини амалга оширишда яқиндан кўмакчи бўлишга чақирамиз.
 
тўртинчидан, бундан бу ёғига видеоконфренция форматида ишлаш, вирус тарқалишини олдини олиш бўйича зарур чораларни кўриш, фуқаролар ўзини-ўзи изоляция қилиши лозим деб ҳисоблаймиз. Қўл бериб, қучоқлашиб сўрашиш, оммавий тадбирлар бўладиган жойларда камроқ бўлиш, қўлни тез-тез ювиб туришни тавсия этилаётгани ҳам бежиз эмас. Мазкур жараёнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги вирус тарқалишининг оғир оқибатларини олдини олиш ва бартараф этиш учун зарур жиҳозлар ва аппаратлар билан таъминлаш чораларини зудлик билан кўриши жуда муҳим.
 
бешинчидан, жойларда комиссиялар тузиб, уларда депутатларнинг иштирокини таъминлаш, айниқса, аптекаларда маскалар нархини ошиб кетиши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, маскаларни рецепт бўйича текин тарқатишни йўлга қўйиш зарур.
 
Аввало, эълон қилинган карантин билан боғлиқ айрим чекловларни тўғри тушуниш ҳамда уларни бузмаслик барчамизнинг олдимиздаги энг асосий вазифа ҳисобланади. Ваҳоланки, бундай касалликларга қарши туришда қатъиятлилик ва тартиб-интизом жуда катта самара бериши шубҳасиз.
 
Касаллик ўчоғида бўлган, қолаверса ушбу касалликка чалинганлар билан мулоқотда бўлган юртдошларимиз тезликда бу ҳақда маълум қилиши нафақат унинг ўзига ўз вақтида ёрдам берилишини, балки кўплаб бошқа юртдошларимизни ушбу хавфдан халос қилишини таъкидлаб ўтмоқчи эдик.
 
Фуқароларнинг касалликдан ўзини асраш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари бераётган тавсияларга амал қилиши касалликнинг тарқалишида энг самарали воситалардан бири эканлигини унутмаслигимиз керак.
 
Шу кунларда кўзга ташланаётган ҳодисалардан бири айрим “тадбиркорлар” томонидан сотаётган маҳсулотлари ва кўрсатаётган хизматлари нархини оширишга бўлаётган уринишларда ўз ифодасини топмоқдаки, элга бошига келган ишдан ўз фойдасини устун қўйиш ҳақиқий тадбиркорнинг иши эмас. Имкониятдан фойдаланиб, шундай вазиятда одамларга ёрдам кўрсатиш учун саховатпешалик қилаётган тадбиркорларимизга миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда, юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўяётган “тадбиркор”ларни бундай хатти-ҳаракатлардан тийилишга чақириб қоламиз.
 
Шунингдек, иш берувчи вазирлик, идоралар, корхоналар раҳбарлари, у ерда ишловчи ходимлар чекловчи чора-тадбирларга қатъий амал қилиши лозим. Бу ўзлари, ҳаётлари учун муҳимлигини яхши англашлари керак. Иситмаси бор ходимлар икки ҳафта давомида уйида карантин шароитида ўтказсин ва бу режимни ҳеч ким бузмаслиги керак.Касал одамларни кўришни, ҳол-аҳвол сўрагани боришни вақтинча тўхтатиб туриш, йиғилиш ўтказиш мумкин бўлган жойда иссиғи чиққан бўлса, уларга алоҳида кириш йўлаги қилиш мақсадга мувофиқдир. Бу борада жойлардаги бирламчи бўғин врачлари ва тиббиёт ходимларини коронавирусга қарши фаоллиги учун уларни рағбатлантириш масаласи кўриб чиқилса яхши бўлади.
 
Юзага келган вазиятда журналистлар, блогерлар, барча ОАВ вакилларининг аҳолига зарур маълумотларни ўз вақтида ва объектив тарзда етказишдек муҳим вазифани бажаришга киришганлиги, шу орқали ўз гражданлик позициясини намоён этаётганлари ниҳоятда катта аҳамиятга эга бўлаётганлигини алоҳида кўрсатиб ўтмоқчимиз.
 
Буларнинг барчаси бир нарсани яққол кўрсатадики, шу жамиятнинг ҳар бир аъзоси баҳамжиҳат ҳаракат қилиб, ушбу вазиятда ўзига юкланган масъулиятни тўла ҳис қилган ҳолда иш олиб борса, албатта қисқа вақт ичида биз бу муаммони бартараф этамиз.
 
Биз кўп синовларни бошидан ўтказиб, уларни мардона енгган доно халқимизни ушбу шароитда ҳам энг тўғри йўлдан боришига ишонамиз.
 
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
OʻzLiDeP фракцияси раҳбари
Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг