Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда яшаётган арман: «Тевос Аршакян ғараз тўла мақоласи учун узр сўраши шарт»

Ўзбекистонда яшаётган арман: «Тевос Аршакян ғараз тўла мақоласи учун узр сўраши шарт»

Ўзбекистонда туғилиб ўсган Абдураҳмон Мешаян

Фото: «Azon.uz»

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Самвел Бабаян футболдан четлаштирилганидан сўнг Арманистоннинг «Armenian Report» нашри ўзбекларни миллатчиликда айблаб, нохолис мақола эълон қилган эди.

Ўзбекистонда яшайдиган арман миллатига мансуб Абдураҳмон Мешаян ушбу мақолага эътироз билдириб чиқди. Унинг ёзганлари шу қадар ҳақиқатга яқинки, Тевос Аршакяннинг бўҳтонлари бамисоли гарддек бўлиб қолади, пуфласа учиб кетади. Қуйида ўзингиз ўқишингиз мумкин.

«Мен Ўзбекистонда туғилиб ўсганман.

Шу юртда истиқомат қилаётганимга 27 йил бўлди.

Чорак асрдан ошиқроқ вақт давомида бу ўлкада яшарканман, бир бора бўлсин менга ё қондошларимизга нисбатан миллатчилик қилинганига гувоҳ бўлмаганман.

Қондошларим ичида ўз бизнесига, дўконларига эга бўлганлари ҳам талайгина.

Ҳеч қайсисидан мол-мулки тортиб олингани, бизнес фаолиятига тўсиқ қўйилгани йўқ ҳанузгача.

Агар Ўзбекистонда туҳматчи Тевос Аршакян айтаётганидек арманларга кун берилмаётган бўлганида, Артур Григорян ҳеч қачон бокс бўйича жаҳон чемпиони бўлолмаган, Тамарахонимнинг уй музейи ёпиб ташланган, Ареват Григорян миллионлаб ўзбекларнинг энг севимли телебошловчиларидан бирига айланмаган, ана ўша ҳақли равишда футболдан бир умрга четлаштирилган Самвел Бабаяннинг ўзи эса Ўзбекистон миллий терма жамоасини шунча йил бошқармаган бўларди.

Ўзбекистонда фаолият юритаётган футбол бўйича мураббийлар ичида келиб чиқиши арман миллатига мансуб шахс фақатгина Самвел Бабаян эмас.

Юрий Саркисян ҳам арман миллатига мансуб. Унга ҳам кун берилмаяптими?

Агар Тевос Аршакян туҳмат қилаётганидек Ўзбекистонда арманиларга тазйиқ кучайиб кетган бўлса, қандай қилиб арманларнинг бири эл суйган ҳофиза, бири телеюлдуз, бири миллий терма жамоанинг бош мураббийи бўлиши мумкин?

Қани мантиқ?
Ўзимдан қиёс.
Мен шеър ёзаман.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ижод фонди томонидан ҳар йили бир гуруҳ истеъдодли ёшларнинг шеърлари битта китобга жамланиб, алманах бўлиб бепул нашр қилинади.

Ўша бепул нашр қилинган китобларнинг бирида каминанинг ҳам шеърлари босилиб чиққан.

Ҳолбуки у алманахда шеърлари чоп қилинишини неча йиллардан бери кутаётган ўзбеклар бор.

Кимнинг қай тилда сўзлашишига эмас, истеъдоди бор-йўқлигига қараб китобга шеърлар киритишига кучли далил бу.

Ўзбекистон халқ шоири, сенатор Иқбол Мирзонинг менга берган кўмаклари ва дастакларини гапирсам, соатлар озлик қилади.

На ҳукумат, на халқ арманларга нисбатан тазйиқ ўтказаётганининг, аксинча, энг баланд мансабу мартабаларга эришган ўзбекларнинг ҳам арманиларга миллатчиликни хаёлининг бир бурчагига келтирмай ёрдам қилаётганининг ёрқин далили бу.

Шундай экан, тадбиркор армани тадбиркорлигини, телеюлдуз ўз журналистлигини, мураббий ўз мураббийлигини эмин-эркин амалга ошираётган Ўзбекистонда, шу Ўзбекистон халқига туҳмат қилган Тевос Аршакян ғараз тўла мақоласи учун узр сўраши шарт.

Мураббийга келсак, уни 32 миллион халқни ўз терма жамоасининг жаҳон чемпионатига чиқишини яна тўрт йил кутишга маҳкум этганидан анча аввал бўшатиш керак эди.

Бунда эса уни қўллаган «қўли узун»ларнинг ҳам, унга қарши «бунт» қилмаган ашаддий футбол фанатларининг ҳам айби салмоқли.

Дунёнинг бошқа мамлакатида қандайлигини билмадим, аммо Ўзбекистонда арманлар, чапаничасига айтсам, маза қилиб яшашяпти.

Дарвоқе, бундан тўққиз йил бурун бир қондошим Ўзбекистондан кўчиб кетди. Қайга кўчганини айтмай қўя қолай. Сотқин, лаганбардор, ўзбекларнинг думи каби лақабларга дучор қилишмасин яна.

Хуллас, ўша қондошимиз, икки йил зўрға дош бериб, бор-йўғини арзон-гаровга сотиб, яна Тошкентга қайтиб келди.

Балки ўзи каби арманларга кун бермайдиган, миллатчилик қиладиган, тинимсиз камситадиган ўзбекларни соғингандир?

А, лаббай?»

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг