Таълим, харажатлар ва «Реал Мадрид»га бўлган муҳаббат – Испаниядаги ўзбек талабаси билан суҳбат
«Хориждаги ватандошлар»нинг навбатдаги суҳбатдоши Испаниянинг Аликанте университети “Халқаро алоқалар” йўналиши талабаси Азиза Заирова. Қаҳрамонимиз 2019 йилдан буён Испанияда таълим олиб келади.
Ҳозир бакалавр босқичининг 3 курсида ўқияпман
Мен 1997 йил 18 октябрда Бухоро шаҳрида туғилганман. Болалигимнинг деярли ярми Россияда ўтган. 11 ёшимда эса Ўзбекистонга қайтдим. 2013 йил Бухоро шаҳридаги 2-мактабни тамомлаб, 1-сонли академик лицейнинг ижтимоий гуманитар йўналишига ўқишга кирдим. 2016 йил у лицейни тугатдим ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетининг “Халқаро муносабатлар” факультетига кириш имтиҳонларини топширдим. Афсуски, натижа мен кутганидек бўлмади, аниқроғи ўқишга кира олмадим. Бир йил ўтиб, яъни 2017 йил ана шу олийгоҳ талабаси бўлдим.
Бакалаврнинг иккинчи курсини тугатгандан сўнг, хорижда, хусусан, Европанинг ривожланган мамлакатларидан бирида ўқишга иштиёқ уйғонди. Натижада мен Испаниянинг Мурcия университети (Universidad de Murcia)нинг Халқаро алоқалар йўналишига ўқишга кирдим. Биринчи курсдан яна ўқишни бошладим. Мурcия университетида бир йил ўқиганимдан сўнг, мен Испаниянинг Аликанте шаҳри чеккасида жойлашган Аликанте университетига (Unuversidad de Alicante) ўтдим. Ҳозир бакалавр босқичининг 3-курсида ўқияпман.
Таълим муассасамиз 1979 йил октябрь ойида университет таълими маркази (испанча: Centro de Estudios Universitarios) негизида ташкил этилган бўлиб, у 1968 йилда Ориуэла университети (Universidad de Orihuela) вориси сифатида ташкил этилган. Ҳозир элликдан ортиқ бакалавр ва магистрлик дастурлари мавжуд. Аликанте университети эса етмишдан зиёд факультетдан иборат бўлиб, қуйидаги йўналишдаги тадқиқот бўлинмаларидан иборат: ижтимоий ва юридик фанлар, экспериментал технология, соғлиқни сақлаш таълими технологияси ва бешта тадқиқот институтлари.
Испанияда ўқиш бошқа Европа мамлакатларига нисбатан арзон
Мен испан тилини «Реал Мадрид» футбол клубига бўлган муҳаббатим туфайли, шунингдек, «Il Divo» халқаро опера ва эстрада квартети туфайли ўргандим. Очиғи, тилни ўрганиш орқали Испаниянинг ўзи ҳақида кўп нарсаларни билиб олдим. Масалан, Испания давлат университетларида ўқиш бошқа Европа мамлакатларига нисбатан жуда арзон (йилига ўртача 900-1500 евро). Шунингдек, турар жой, масалан, Франция ёки Германияга қараганда қиммат эмас. Шахсан мен учун асосий афзаллиги шундаки, бу ерда ўқиб бошқа Европа мамлакатларида тан олинадиган халқаро дипломни оламан.
Ўзимни бошқа йўналишда тасаввур қила олмайман
Халқаро алоқалар йўналишини танлашимга дадам сабабчи бўлган. Ва бунинг учун ҳозир мен улардан жуда миннатдорман. Аввалига унинг таклифига қаршилик кўрсатдим, лекин кейин англадимки, мен учун халқаро алоқаларни ўрганиш жуда қизиқ. Очиғи, эндиликда ўзимни бошқа йўналишда тасаввур қила олмайман. Чет тилларини ўрганишни ва турли мамлакатлардан келган одамлар билан учрашишни, мулоқот қилишни яхши кўраман.
Улар ҳеч қандай ёрдамсиз кўчаларда бемалол юра олади
Саволингиздан келиб чиқиб айта оламанки, Испанияда имконияти чекланганлар учун барча қулайликлар яратилган. Улар ҳеч қандай ёрдамсиз ногиронлар аравачасида кўчаларда бемалол юра оладилар. Қолаверса, жамоат транспортларида улар учун алоҳида ўрнатилган рампалар ва ўтириш жойлари мавжуд. Агар керак бўлса, ҳайдовчининг ўзи рампани туширади ва автобусга чиқиш ва тушишга ёрдам беради. Мен Ўзбекистонда имконияти чекланганларга шаҳар атрофида бемалол юришлари учун кўпроқ қулайликлар яратилишини жуда хоҳлардим.
Турар жой ойига 500-600 евро атрофида
Чет эллик талабалар, агар улар Европа Иттифоқига кирмаган мамлакатлардан келган бўлса, Испанияда иш топиши жуда қийин. Фақат ишлаш рухсатномаси бўлса, ишлашлари мумкин. Ва бу рухсатномани олиш жуда қийин. Турар жой нархи шаҳарга қараб фарқ қилади. Албатта, пойтахтда яшаш қиммат. Аммо мамлакат жанубида нархлар анча паст. Турар жой учун ойига тахминан 500-600 евро керак. Уй-жой ва озиқ-овқат нисбатан арзон. Энг арзон усул — хонани ижарага олиш (150-300 евро).
Фурсатдан фойдаланиб Испанияга ўқиш учун келмоқчи бўлганларга қуйидаги тавсияларни билдираман. Биринчи маслаҳатим – давлат университетларини танлаш. Албатта, уларда ўқиш хусусийларга қараганда қийинроқ, лекин уларнинг нархи 4-5 баробар арзон. Агар сиз испан тилида ўқишни хоҳласангиз, DELE B2 сертификати талаб қилинадиган нарсага тайёр бўлинг. Университетга қабулнинг барча тафсилотларини билиш учун топшираётган олийгоҳ маъмурияти билан олдиндан боғланиш энг самарали йўл.
Кейин виза олишда қийинчиликлар бўлиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун, ҳужжатларни 2-3 ой олдин топшириш мақсадга мувофиқ. Мендаги маълумотга кўра, ўзбекистонликлар визани фақат Испаниянинг Москвадаги Бош консуллигида олиш имкониятига эга.
Келажакдаги режаларим ҳақида гапирадиган бўлсам, бакалаврни тамомлаб, Испаниянинг ўзида магистратурани давом эттирмоқчиман. Қолганини вақт кўрсатади.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter