Самарқандлик депутатлар йўл белгилари ва светофорлар жойлашувини қайтадан кўриб чиқишни таклиф қилмоқда
![Самарқандлик депутатлар йўл белгилари ва светофорлар жойлашувини қайтадан кўриб чиқишни таклиф қилмоқда](https://static.xabaruz.com/crop/5/8/720_460_95_583394426.jpg)
Халқ депутутлари Самарқанд вилоят Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президентимизнинг 2017 йил 1 июндаги “Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасининг ишлаб чиқариш ва экспорт масалалари бўйича раис ўринбосари Илёс Ҳайдаровнинг ҳисоботи тингланди.
Ҳисоботда таъкидланганидек, бугунги кунда вилоятда 1730 гектар ер майдонларида интенсив ёнғоқ, писта ва бодом плантациялари барпо этилган. Республика миқёсида бу кўрсаткич 7000 гектарни ташкил этади. Шу боис, бугун Жаҳон банкининг 10,4 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари эвазига чет элдан ҳудуд иқлим шароитига мос 1 миллион дона ёнғоқ, писта ва бодом кўчат навлари келтириб экилмоқда.
Йиғилишда депутатлар томонидан мазкур кўчатларнинг касалланишига қарши амалга оширилаётган ишлар, уларни томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўйишда учраётган камчиликлар ўрганилди ва тегишли кўрсатмалар берилди.
Йиғилишда шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 11 июлдаги “Йўл харакати хавфсизлигини таьминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан вилоят ИИБ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқарма бошлиғининг шахсий таркиб бўйича ўринбосари Нурназар Тилобовнинг ҳисоботи эшитилди.
O‘zLiDeP депутатлари томонидан йўл белгилари ва светофорлар жойлашувини қайтадан кўриб чиқиш, йўлларни кенгайтириш, бозорлар олдидаги кўчаларни тартибга олиш, йўл ўтказгичлар ва ер ости йўллари қурилиши, кўчаларга ведиокамералар ўрнатиш бўйича қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳининг тегишли қарори қабул қилинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter