Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қора лайлак — камёб тур. Аммо «Сурхон» қўриқхонасида учратиш мумкин

Қора лайлак — камёб тур. Аммо «Сурхон» қўриқхонасида учратиш мумкин

«Сурхон» давлат қўриқхонаси ҳудудида «Қизил китоб»га киритилган табиатан камёб тур қора лайлаклар борлиги аниқланди. Бу ҳақда Ekologuz каналида хабар қилинди.

Сурхондарё вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси Матбуот хизмати маълумоти кўра, қора лайлаклар Ғарбий Тянь-Шань, Ғарбий Помир-Олой текисликлари ва пасттоғли ҳудудларида, Ўзбекистондан ташқари Қозоғистон, Европа, Ғарбий Осиё, Сибирь, Узоқ Шарқ, Корея, Хитой шимоли (уялаш) Африка, Ҳиндистон, Хитой жанубида (қишлаш) учрайди.

Баҳорги учиб ўтиши февраль-март ойларида кузатилади. Қоялар ва жарликларда уялайди. Апрель-май ойида 2-5 та тухум қўяди. Полопонлари июнь-июль ойида уча бошлайди. Кузги учиб ўтиши август-сентябрь ойларида кузатилади. Майда балиқлар, қурбақалар, судралиб юрувчилар ва умуртқасизлар билан озиқланади.

Қурама тоғининг шимолий ёнбағирларида қора лайлаклардан 4-5 жуфт, Чотқол тоғининг Қорабошсой, Шовозсой, Ақчасой, Қорабойсойида камида 10 жуфт, Шерободдарёда 1 жуфт ва «Сурхон» давлат қўриқхонасида 10-12 жуфт атрофида уялайди.

Сурхондарё вилоятида турли йилларда 50–80 донагача ушбу турга мансуб қушларни учратиш мумкин. Кейинги ўн йилликларда Ғарбий Тянь-Шанда сони бироз ошгани кузатилмоқда. Дунёдаги популяцияси 24–44 мингта дея эътироф этилади.

Қора лайлакларни овлаш тақиқланган. Тоғ қўриқхоналари ва миллий табиат боғларида муҳофаза остига олинган. Ушбу қушлар СИТЕСнинг II ва Бонн конвенциясининг II иловасига киритилган.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг