Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Қайнона-келин: ўн бир йиллик жанжал

Қайнона-келин: ўн бир йиллик жанжал

Қайнона ва келин ўртасидаги муносабатлар, зиддият ва ихтилофлар кўҳна замонлардан бери бор. Уларнинг келишмовчилиги ҳақида кўп ва хўп айтилган. Бу борада баъзилар қайнонани айбласа, айримлар келинни қоралайди. Бир-бири билан муроса қилган қайнона-келин кам топилади. Наҳотки ўзаро муроса қилиб яшаш шунчалик қийин бўлса? Азалий келишмовчиликни олдиндан бартараф этиш мумкин эмасми? Қуйида шу каби саволларга мутахассис жавоблари билан танишасиз.

Борича қабул қилиш... машаққати

??? «Мен яқинда бир оилага келин бўлиб тушдим. Момоларимиз айтганидай, «ўзга хонадонда тошдай қотишим» учун нималарга эътибор беришим керак?»

Т.Ж.

Қизларимиз турмушга чиққанларидан кейин янги ҳаётга қадам қўйиш билан бирга, уларнинг елкасига катта масъулият, жавобгарлик тушади. Ота-онасининг уйида эмин-эркин юриб, айтгани адо этилган қизлар бегона хонадонга боргач, эркинликлари чекланади. Бу эса уларнинг руҳий ҳолатига таъсир қилади.

Янги келинларимиз, аввало, ҳар бир хонадоннинг урф-одати, анъаналари, қоидаларига мослашишга ҳаракат қилишлари лозим. Бу борада келинжонларимиз йўл қўядиган энг катта хато шундаки, улар янги оилани ўз хонадони билан солиштира бошлайдилар. Оқибатда ўниб-ўсган масканини яхши, янги уйини ёмонга чиқариб, қийин аҳволда қолишади.

Энг тўғри йўл: янги хонадонни борича қабул қилиб, унинг ҳақиқий аъзосига айланишга интилишдир. Бунинг учун эса ўша оиланинг яшаш тарзига ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак, шунда атрофдагилар келинни ўз оила аъзосидек қабул қилишади. Агар янги келинлар уялиб, шахсий фикрини айта олмаса, бошқалар ҳам уни тушунишга қийналишади. Шундай экан, энг самарали йўл: тушунмаганини уялмасдан сўраш ва, албатта, ўрганишдир.

Ҳар қандай инсоннинг етти ёт бегона шароитга мослашув даври 3 – 6 ой! Бу вақт мобайнида сабр қилиб, «ҳаёт шундан иборат», дея ҳеч нима билан таққосламасдан, келган жойини астойдил қабул қилган келинлар ютади. Турмушга чиққан қизларимиз меҳр-муҳаббат ато этган онасини бир умр қалбида сақлаган ҳолда, қайнонасининг ҳам ҳурматини жойига қўйишса, қайнона-келин муаммосидан анча узоқлашган бўладилар.

Ўғил ажрашмайди... жанжал эса авжида!

Менинг дугонам ёлғиз ўғли учун келин олишда адашди. Оқибатда ўн бир йил мобайнида келини билан ўртасида жанжал тўхтамади. Бу орада уч нафар невара туғилди. Бесабр келини кўп марта дугонамнинг кўнглини қолдирди. Охирги бир йилдан буён қайнона-келин гаплашмай ҳам қўйишди. Дугонамнинг ўғли эса, «хотиним билан шунча йил яшаб қўйдим, ажрашмайман», деяпти. Қандай йўл тутгани маъқул?»

Дилором опа, 55 ёш

Мазкур вазият таҳлилидан келиб чиқсак, демак, она ўғлига кўп эркинлик бериб юборган. Бугунги кундаги ҳаёти ўғлига берган тарбиясининг мевасидир. Оиласига бошқа келин келган тақдирда ҳам аҳвол шу тарзда такрорланган бўларди.

Бизда аёллар ўз фарзандлари, айниқса, ёлғиз боласи учун барча шароитни бекаму кўст яратиб беришади, ўзи емаса ҳам едиради, киймаса кийдиради. Энг катта хато эса онанинг ўзини унутиб қўйишидир. У ўғлига ширинлик тутқазиб, «менга ҳам берасан-а?» дейиш, инъомни қайтариш кераклигини ўргатмайди. Аммо боласи улғайгач, фарзандидан худди шуни кута бошлайди. Ўғлингиз ёки қизингизга болалигидан беришни ўргатмай, яна нимани кутасиз? Агар фарзанд онасига меҳр кўрсатиши кераклигини билганида рафиқасидан ҳам шуни талаб қиларди.

Бу онага айтадиганим: таги куйиб кетган ошингизни егингиз келмаяптими, демак, мазали таомни бошқатдан пиширасиз. Лекин анча вақт керак бўлади. Келинни эмас, ўғлингизни тарбияланг. Унга меҳр бериб, чиройли таомлар тайёрланг, кўпроқ мулоқотда бўлинг. «Эсингдами, болалигингда қандай эдинг? Ўшанда менга берган нарсангни бекор олмаган эканман. Бугун фалон ширинликдан озгина келтириб бер, сенинг қўлингдан ейиш бошқача-да, болам» деб, ўзингиз учун нимадир олиб келишни ўргатинг. Шу тариқа ўғлингиздан эътиборни талаб қилинг, унга келинникидан ҳам зиёда меҳр кўрсатиб қўйинг. Ана шунда ўғлингиз хотини билан бирга сиз томон интилишига сабабчи бўласиз.

Ёшингиз элликдан ошган экан. Бундай ёшдаги қайнона юриш-туриши, тоат-ибодати, чиройли муомаласи билан келинига ўрнак бўлиши кераклигини ҳам унутманг.

«Онамни десам... рафиқам...»

??? Менинг онам ўзи танлаган қизни келин қилган. Аммо энди уни ёқтирмаяпти. Бошим қотган, чунки хотиним меҳрибон, оқибатли. Беихтиёр бир оғиз мақтаб юборсам, онам тумтайиб олади. Илтимос, маслаҳат беринг. Фақат «онангиз келинининг ўрнига қизини қўйиб кўрсин», деманг! Асло бундай бўлмайди. Онамга келини ёқмайди, вассалом! Уни кўрса, ўз-ўзидан қовоғи уюлаверади, жаҳли чиқади. Айниқса, хотиним менга гапирса, онамнинг тепа сочи тикка бўлади. Нима қилай, ажрашайми ёки икки ўт орасида юраверайми?

Р.

Бундай муаммо аксарият оилаларда учрайди. Гап шундаки, она бир мурғак вужудни вояга етказиш учун кечани кеча демай уйқусидан кечади, керак бўлса ўзи емай едириб, анчагина тер тўкади, ният ва сабр қилади. Ҳосилининг мевасини ейман деган вақтда эса унга шерик пайдо бўлади. Ўроқда йўқ, машоқда йўқ, хирмонда ҳозир! Она аввалига ўғлига тўй қилиш орзусида келин қилганига хурсанд бўлиб уни кутиб олади, аммо кейин ёқимсиз ҳолат бошланади.

Вазият тизгини эса ўғилнинг қўлида! Агар у тўғри тушуниб, онасини олдингидай ҳурмат қилса, бу унчалик билинмайди. Аксинча бўлса, яъни ўғил кўпроқ аёлига ВАҚТ ва ЭЪТИБОР ажратса, тамом! Онанинг ички инстинкти худди ёш болалар волидасини гўдаклигида қизғангандай бўлади-қолади. Бу пайтда кимлигидан қатъи назар, қайнонами ёки қайнотами, ИЧКИ ИСЁН пайдо бўла бошлайди ва бу, албатта келинни ёмон кўришга олиб келади. Халқимизда ажойиб нақл бор: «Келининг ёмон бўлса ўғлингдан кўр, куёвинг ёмон бўлса қизингдан!»

Шундай экан, келинини ёмон кўрадиган қайноналарга айтар сўзим: ўғлингиз билан муносабатингизга ойдинлик киритинг, келишинг. Қандай муносабат бўлса сизга ёқади? Шу ҳақда таҳлил қилиб кўринг!

Сиз, ўғиллар эса онангизни тўғри тушунинг ва волидаи муҳтарамангиз учун албатта вақт ажратинг, ЭЪТИБОРли бўлинг. Аёлингизга муҳаббатингизни онангиз олдида кўрсатманг. Муҳаббат, энг аввало, икки киши ўртасида бўлгани маъқул, уни эҳтиёт қилишни билсангиз узоққа боради.

Аксарият эркаклар «мен ишдаман, вақтим йўқ», дейишади. Вақтни тўғри режалаштириш ва тақсимлашни ўрганиш керак. Агар ўғил адолатли бўлмаса, тарозининг бир палласига кўпроқ эътибор берса, иккинчи томонида ИСЁН туғилади. Баъзида эса аксинча, ота-онага эътибор бериб, хотинига эътиборсиз бўлганда келинда ИСЁН пайдо бўлади, чунки энди унда аёллик инстинкти ишга тушади.

Шу боис ҳам эркаклар оила учун масъулдирлар. Агар улар ақл билан иш тутишса, ҳаммаси маромида кечади!

Бахтинисо Азимбоева,

руҳшунос, шифокор-валеолог.












Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг