Помидор қишлоғида катта фестивал. Оқ куйлакка қизил помидор ирғитилмади, лекин...
Помидорнинг асл ватани Жанубий Америка бўлса-да, кўпчилик уни ўзбекнинг иккинчи нони дейди. Севимли шох таомимиз паловхонтўра ҳам, бошқа таомларимиз ҳам помидорли аччиқ-чучуксиз кетиши қийин.
Помидор билан боғлиқ дунёда кўпгина фестиваллар ўтказилиб турилади. Шулардан энг машҳури ҳар йили Испаниянинг Валенсия провинцияси, Буньоль шаҳридаги La Tomatina фестивалидир.
Мана 71 йилдирки, августнинг сўнгги чоршанбасида маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар ҳаммага кетма-кет помидор отишади. Эътиборлиси, мазкур фестивалга жаҳоннинг турли бурчакларидан 40 мингдан ортиқ сайёҳ келади.
Илк бора ўтказилаётган ва келгусида Испаниядаги каби минглаб инсонлар эътиборини тортадиган Булунғурдаги помидор сайли ҳам шукуҳли ва кўтаринки кайфиятда бўлиб ўтди. Туманнинг «помидор қишлоғи» дейиладиган Фозил Йўлдош маҳалласидаги сайлда оқ куйлакли пўрим иштирокчилар бир бирига помидор улоқтирмаса-да, ундан-да қолишмайдиган тадбирлар, бадиий кўринишлар, концерт дастурлари ўтказилди.
Тадбирда шунингдек ҳудудларда етиштирилаётган помидорнинг турли навлари, уларни парваришлаш усуллари, баҳоси ва ўзига хослиги ҳақида маълумотлар, илмий ишланмалар, янги навлар ҳақидаги маълумотлар улашилди.Ишлаб чиқариш корхоналарининг маҳсулотлари кўргазмаси намойиш этилди, ҳосил етиштирувчилар ва ишлаб чиқарувчиларнинг ҳар иккиси учун ҳам манфаатли ҳамкорликлар йўлга қўйилди. Тадбиркорлар томонидан помидор маҳсулотларидан тайёрланган тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар, салқин ичимликлардан намуналар тақдимот қилинди.
Тадбир давомида эътиборимизни тортгани, помидорларни биз соғинган ўша қадрдон навларини учратганимиз бўлди.Татиб кўрсак ўша таъм. Сир эмас, кейинги пайтларда хариддаги помидорлар чўзинчоқ, сувсиз ва камига сертомирлашаётгандек. Шунингдек, улар аввалги хушбўй ҳидидан ҳам мосуво бўлаётгандек. Нега шундай? Шу савол билан булунғурлик уста деҳқон Нарзулла Худойбердиевга юзландик.
— Мавриди келганда бир гапни айтмай илож йўқ. Гибрид ва генетик ўзгартирилган нав, албатта ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Сиз ушлаб турган помидор қаттиқ бўлса-да, касалликка чидамли, сотувга чиқаришга қулай, тез айниб қолмайди. Етиштирувчилар учун муҳими шу. Албатта, аввалги навлар ҳам йўқолиб кетгани йўқ. Мана ўзим уруғини олиб, томорқамда етиштирадиган ширин помидор. Буни исталган шароитда етиштириши мумкин, — дейди Нарзулла Худойбердиев.
Помидор етиштириш осон иш эмас. Биз истаган ширин ва серсув нав, кейинги йилларда кўп тегаётган касалликлардан ва ҳашоратлардан тез зарарланаётган экан. Шу мақсадда помидор сайлида деҳқонлар ва селекционер олимлар бу борада бамаслаҳат иш кўришиб, келгусида ҳаммабоп тотли навларни етиштириш борасида келишиб олдилар.
«Помидор сайли» доирасида турли номинациялар бўйича танловлар эълон қилинган бўлиб, тадбир давомида ғолиблар тақдирланди. Жумладан, «Энг яхши безатилган павильон» номинацияси бўйича Булунғур тумани 1-ўрин, Жомбой тумани 2-ўрин, Тойлоқ тумани эса 3-ўринни қўлга киритди. Шунингдек, булунғурлик Қулматов Жомонқул «Энг намунали томорқачи», Исломов Сирожиддин эса «Энг намунали фермер», деб топилди. «Энг намунали қайта ишловчи ташкилот» каби йўналиши бўйича ҳам ғолиблар тақдирланди.
Фестивалда намойиш этилган помидорлар иштаҳа очарлиги билан бир қаторда, инсон саломатлигига ҳам жуда фойдали.У ўзининг бой таркиби туфайли юрак қон томир касалликларининг олдини олади. Артериал қон босимини меъёрлаштириш, атеросклерозни ривожланишига тўсқинлик қилиш ҳамда қондаги «ёмон холестерин»ни камайтириш хусусиятига эга. Шу билан бирга помидор қондаги қанд миқдорини назорат қилади, инсон ўзини яхши ҳис қилишига ҳисса қўшиб, очлик, қандли диабет ҳамда бошқа сурункали касалликларни олдини олади. Ушбу маҳсулот таркибида C витамини миқдори лимондагидан ҳам кўпроқ бўлади. Ушбу витамин тўқима ҳужайралари, милк, қон томир ҳамда тиш суякларининг ўсиши ва тикланиши учун муҳим саналиб, иммунитетни мустаҳкамлайди.
Ўз навбатида, сиз ўзингиз ҳоҳлаган яхши нав помидордан татиб кўрмоқчи бўлсангиз, яхшиси Булунғурга келинг...
Шуҳрат Нормуродов
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter