Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда биоемирилувчи полиэтилен пакетлар тайёрлаш кўриб чиқилмоқда

Ўзбекистонда биоемирилувчи полиэтилен пакетлар тайёрлаш кўриб чиқилмоқда

6 апрел куни оммавий ахборот воситалари вакиллари учун Табиат ресурслари вазирлиги ҳузуридаги Aтроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ихтисослаштирилган аналитик назорат марказига пресс-тур ташкил этилди.

Тадбир давомида полиэтилен маҳсулотларнинг зарарли таъсирлари ҳамда юртимизда бунга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди.

“Дунёда ҳар сонияда 160 000 та бир марталик пакетлардан фойдаланилади. Йилига табиатга 4 триллион дона бир марталик пакетлар чиқинди сифатида ташланади. Океанга эса 4 миллиондан 6 миллион тоннагача пластик чиқиндилар чиқариб юборилади, – деди полимер технологияси бўйича муҳандис Aбдуфорух Ҳидоятов. – Бошқа давлатларда бу муаммонинг олдини олиш мақсадида ҳозирги анъанавий полиетилен ўрнига биоемирилувчи полиетилен пакетлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Ўзбекистонда ҳам айнан шундай маҳсулотлар ишлаб чиқариладиган корхона қуриш масаласи муҳокама қилинмоқда”.

Биологик парчаланадиган полимер материалларни яратиш ва улардан фойдаланиш табиатнинг ифлосланиш миқдорини анча камайтиради. Шунингдек, экологик вазиятни ёмонлаштирадиган синтетик полимерларга эҳтиёж қолмайди.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда полиэтилен пакетларни қайта ишлаш бўйича 101 корхона фаолият кўрсатмоқда. Қолаверса, полиетилен пакетлар билан ифлосланишнинг олдини олиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, чиқиндиларнинг атроф-муҳитга етказадиган зарари миқдори аниқланиб, тартибга солинади. Шунингдек, Табиат ресурслари вазирлиги томонидан Ўзбекистонда биологик парчаланадиган полимер материаллар технологиясини жорий этиш масаласи кўриб чиқилмоқда.

"Пластик пакетлар инсоният томонидан ишлаб чиқарилган чиқиндиларнинг 7-10 фоизини ташкил қилади. Уларда диоксинлар, кансерогенлар каби кўп миқдорда зарарли моддалар мавжуд. Бундан ташқари, пластик пакетлар ишлаб чиқаришда қўрғошиндан фойдаланилади. Унинг инсон танасида тўпланиши эса кўплаб касалликларга сабаб бўлади", – деди Aбдуфорух Ҳидоятов.

Пресс-тур якунида журналистларга биологик парчаланадиган маҳсулотлар, жумладан, харид учун биологик парчаланадиган пакетлар, озиқ-овқат буюмлари, стаканлар, чой пакетлари, қопқоқлар, идиш-товоқлар, бир марта ишлатиладиган идишлар, шакарқамишдан тайёрланган тушлик қутиси ва бошқа буюмлар совға қилинди.

Маълумот учун, маиший ва полигон чиқиндиларининг асосий қисмини пластик пакетлар ташкил қилади. Пластик пакетлар биологик парчаланмайди. Улар ўртача 25 дақиқа давомида ишлатилади ва кейин чиқинди сифатида ташланади. Пластик пакетларнинг парчаланиши учун 100-500 йил керак бўлади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг