Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон нуфузли ҳарбий мусобақада АҚШни ортда қолдирди

Ўзбекистон нуфузли ҳарбий мусобақада АҚШни ортда қолдирди

Фото: Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Жорий йил 29 сентябрдан 17 октябрга қадар Буюк Британиянинг Брекон шаҳрида ўтказилган разведка ва махсус бўлинмаларнинг «Кембрия патрули» халқаро мусобақасида дунёнинг жами 18 та давлатидан 103 та жамоалар иштирок этди.

Жумладан, унда мезбон Буюк Британия, Ўзбекистон, Косово, Греция, Ирландия, Германия, Латвия, Франция, Гана, Италия, Ҳиндистон, Польша, АҚШ, Дания, Индонезия, Швейцария, Литва, Нидерландия Қуролли Кучлари разведка ва махсус бўлинмалари ҳарбий хизматчиларидан иборат жамоалар ўзаро баҳс олиб бордилар.

Мусобақанинг фаол фазаси 14 октябрь куни бошланди.

Мусобақа конкурсларидаги йўналиш 90 км. масофадаги турли даражадаги мураккаб шартлардан иборат бўлиб, ҳар 8-10 км.да бир нечта жанговар топшириқлар бажарилди.

Шунингдек, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш воситаларидан фойдаланган 3 км масофадаги зарарланган ҳудуддан ўтиш, жойни разведка қилиш ва тоғ дарёсини кесиб ўтиш, ярадорларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, жароҳатланганларни турли йўллар билан эвакуация қилиш, мина тўсиғидан якка ва гуруҳ таркибида ўтиш, душман объектига босқин уюштириш, гаровга олинганларни озод қилиш ва ҳарбий асирларни сўроқ қилиш каби шартлар ҳам бажарилди.

Бундан ташқари жамоаларга 8 та кутилмаган «тест сюрприз» (хорижий давлатлар қуроллари ва ҳарбий техникаси турларини аниқлаш, симуляция ва алоқа ускуналари ёрдамида артиллерия оловини йўналтириш, ҳарбий топография меъёрларни бажариш, Женева конвенцияси бўйича тест топшириш, разведка бўйича ҳисоботларни тайёрлаш ва тузиш, алоқа тайёргарлиги бўйича меъёрларни бажариш, бажарилган тадбирлар бўйича ва кейинги топшириқларни бажаришга шайлиги бўйича билдирув бериш) топшириқлари ҳам берилган эди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги жамоаси мусобақада турли мураккаб шартлардан иборат 90 км масофани 37 соатда босиб ўтди, дея маълум қилди Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти.

Халқаро мусобақа натижаларига кўра, I ўрин ва олтин медалларни мезбон давлат – Буюк Британия жамоаси, II ўрин ва кумуш медалларни Германия, Франция, Италия, Ҳиндистон, АҚШ каби катта давлатлар жамоаларини ортда қолдирган Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги жамоаси, III ўрин ва бронза медалларни Америка Қўшма Штатларининг жамоаси эгаллади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг