Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон борми? Энг зўр ва бепул тиббий хизмат қаерда?

Ўзбекистон борми? Энг зўр ва бепул тиббий хизмат қаерда?

Оилавий поликлиникадаги навбат

Фото: «Nuz.uz»

Тиббий хизмат ҳақида қанча ёзилса, шунча кам. Балки, Ўзбекистонда ҳам тиббиёт соҳасида қандайдир ютуқларга эришилаётгандир, аммо тиббий хизмат сифатли ва иложи борича бепул бўлмас экан, дунё тиббиётида юқори ўринларда бўлишимиз даргумон. Келинг, аввало қайси давлатларда сифатли ва бепул тиббий хизмат борлиги ҳақида гаплашайлик. Қуйидаги рейтингда даволаниш учун энг зўр шароитга эга мамлакатлар келтирилган.

10. Ҳонгконг

Рейтингни пастдан бошласак. Дунёга машҳур Ҳонгконгда тиббий хизматга алоҳида эътибор беришади. Ушбу шаҳар-давлат аҳли узоқ умр кўради, шунингдек, чақалоқлар ўлими жуда кам қайд этилади. Шундан билса бўладики, у ерда соғлиқни сақлаш тизими яхши ривожланган. Давлат ва хусусий клиникаларда ҳам сифатли хизмат кўрсатишади.

9. Сингапур

Бу ерда ҳам тиббиёт даражаси дунё бўйича юқори баҳоланади. Сингапурда тиббий хизмат жуда яхши молиялаштирилгани билан алоҳида ажралиб туради. Ҳам давлат, ҳам хусусий клиникаларда аҳоли сифатли тиббий хизмат олиш имкониятига эга.

8. Япония

Юқори технологиялар мамлакати Япония ҳам тиббиётда етакчилардан ҳисобланади. Японлар давлат томонидан универсал тиббий суғурта билан таъминланадилар. Бундан ташқари, ишчи-ходимлар иш берувчи томонидан қўшимча суғурта оладилар, агар бу хизмат йўқ бўлса, улар ҳукумат субсидиясига суянадилар. Шунинг учун уларни турли тиббий «йиғим-теримлар»дан озод қиладилар.

7. Исроил

Ушбу давлат азалдан тиббиёт соҳасида илғорлардан саналиб келган. У ерга дунёнинг турли бурчакларидан беморлар ташриф буюришади ва даволаниб кетишади. Исроил ўз фуқаролари учун тиббий хизматга алоҳида ҳуқуқ жорий этган бўлиб, аҳоли 100 фоиз тиббий суғурта билан таъминланиши шарт.Соғлиқни сақлаш тизими Исроилда бирламчи масалага айланганини шундан ҳам билса бўлади.

6. Испания

Олий даражадаги тиббиёт ва соғлиқни сақлаш давлат тизими бу давлатда ҳам зўр йўлга қўйилган. Энг аввало кадрлар масаласига қаттиқ эътибор қаратилади: шифокорлар билимли, ҳамширалар яхши ўқиган. Буларга энг зўр тиббий жиҳозларни қўшсангиз, даволаниш учун қўрқмай борадиган давлатлар қаторига киритиш мумкин. Испанларнинг ўзлари эса, дори-дармоннинг қанчадир фоизига ҳақ тўлашади, қолганини давлат молиялаштиради.

5. Италия

Кучли бешликни ушбу қадимий давлат очиб беради. Апеннин яриморолида ҳам тиббиётга ҳукумат даражасида катта эътибор берилади. Узоқ умр кўриш статистикаси рейтингда 2-ўринни олган давлатники билан бир хил. Италияликлар ўртача 82 йил умр кўришади. Демак, соғлиқни сақлаш тизими тўғри йўлга қўйилган. Бу ерда исталган клиникада (хоҳ хусусий, хоҳ давлатники бўлсин) исталган жарроҳлик амалиёти учун беморлардан бир чақа ҳам олинмайди. Тез тиббий ёрдам хизмати эса барча фуқаролар учун мутлақо бепул, ҳатто муҳожирлар учун ҳам.

4. Австралия

«Яшил қитъа»да яшаш шунчаки қулай бўлибгина қолмай (иқлим томонидан-да шароит яхши), тиббиёт ҳам анча тараққий этган. Австралияда соғлиқни сақлаш универсал мақомга эга бўлиб, фуқароларнинг 75 фоиз тиббий чиқимлари федерал ҳукумат, қолган 25 фоизи эса хусусий тиббий суғурта томонидан қопланади. Қайд этиш керак, ҳукумат тишни даволаш, оптометрия (кўз касалликлари) ва тез тиббий хизмат учун пул тўламайди, лекин аҳоли мазкур хизматлар учун субсидия олиш ҳуқуқига эга.

3. Жанубий Корея

Учинчи ўринда ушбу давлатни кўришни сиз ҳам кутмаган бўлсангиз керак. Корея тиббиёт тизими нафақат дунёга машҳур, ҳатто энг зўрларидан бири. Маҳаллий ҳукумат гарданида турган энг оғир муаммолардан бири — маҳаллий аҳоли ўртасида турли касалликларни қўзғатувчи экологиядир. «Тонгги мусаффолик» мамлакатида фуқароларга тиббий хизмат кўрсатиш харажатлари тўлиқ давлат томонидан таъминланади.

2. Швейцария

Кичик, лекин бой бу давлат ўз фуқаролари соғлиғи учун яхши ғамхўрлик қилади. Шунинг учун бўлса керак, бу ерда одамларнинг узоқ умр кўриш статистикаси мақтовга лойиқ: эркаклар 80,5, аёллар 85 ёш. Албатта, ушбу кўрсаткичларнинг келиб чиқишига аҳоли турмуш тарзининг яхшилиги сабаб. Тиббий хизматлар давлат томонидан тўлиқ молиялаштирилмаса-да, барибир, аксарият қисми қопланади. Қолганини одамларнинг ўзлари тиббий шахсий суғурта орқали тўлайдилар. Ҳар бир швейцарияликда ўзининг суғурта полиси бўлиши шарт.

1. Швеция

Фахрий рейтингимизнинг энг юқори поғонасидан бежизга Швеция ўрин олмади. Мазкур давлат нафақат иқлими ва иқтисодиёти, балки фуқароларига юқори сифатли, қулай ва бепул тиббий хизматлари билан ҳам мақтана олади. Соғлиқни сақлаш тизими ҳукумат томонидан молиялаштирилади ва тиббий харажатлар 97 фоиз қопланади. Қолган 3 фоизни одамларнинг ўзлари тўлашса кифоя. Шунинг учун ҳам тиббиёт анча ривожланган бўлиб, энг замонавий жиҳозлар, ўта малакали шифокорлар мазкур соҳани тўлдиради. Фақат тишни даволашни ҳукумат ўз бўйнига олмайди – аҳоли субсидиядан фойдаланади. Дарвоқе, стоматологлар 19 ёшгача бўлганларни мутлақо бепул даволашади.

Ўзбекистонни 11-ўринга ҳозирча қўймай турамиз. Нега, дейсизми? Чунки юқоридаги кўп омиллар ҳали биз учун «бегона». Лекин яқин келажакда шу ўнталикка киришимизга умид қилиб қоламиз.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг