Ўзбек тилига «мағлубият» ёзилган кун
Шу кунлардаги энг долзарб мавзу бу — тилимиз, ҳаёт-мамотимиз масаласи. Бу кўплаб тақдирларга тушов бўлаётган, ҳаётий оғриқли дардимиздир.
Бунга жонажон ватанимизда кунда бир учраб турадиган оддий воқеликлар билан мисол келтирсак. Бир неча йил олдин шаҳар марказидаги туғруқхоналардан бирига ҳомиладор аёл шошилинч олиб келинади. Қишлоқ шифокорининг кўрсатмасига биноан юборилган аёлнинг ҳомиласи юраги суст уриб тургани боис, тезлик билан кесарча жарроҳлик амалиёти ўтказишни тақозо этар эди.
Навбатчи русийзабон шифокор эса олис қишлоқдан келган ҳомиладор аёл ва унинг қайнонасига русчалаб бир нималар дейди, табиийки, улар буни тушунишмайди. Аёл ҳомиласи ҳаракати сустлашганини тушунтиришга ҳаракат қилади, лекин шифокор «не поняла» дейдию, эртага ўзбек шифокори келишини айтиб, кутишини буюради. Афсуски, шу кеча ҳомила ҳам, аёл ҳам нобуд бўлади. Бу икки жон, ўз юртида, ўз она тилида дардини тушунтира олмаганидан, шифокорнинг давлат тилини билмаслигидан қурбон бўлади. Минг бир таассуфли бу каби ҳолатлар бошқа вазиятларда ҳам учраб туради.
Аҳоли шошилинч мурожат этувчи масканлар, аэропорт, вокзал, меҳмонхоналар, хусусий клиникалар, кўплаб корхоналарда ўзбек тилини билмайдиган ходимлар сабаб ачинарли ҳолатларга тушаётганлар, сарсону саргардонликка маҳкум этилаётганлар борлигини-да инкор этиб бўлмайди. Майли, бизда тил ва сўзлашув борасида ҳадсиз эркинлик бор, лекин масъул лавозимдаги ходим уйида, кўчада хоҳлаган тилида сўзлашса ҳам, иш жойида мурожаат этувчига албатта ўзбек тилида жавоб берсин. «Не поняла» дея бировнинг ҳаёти, тақдирига нуқта қўймасин.
Буни ўша биргина тугмани босиш билан қонунларни тасдиқлаб, миллат тақдирини ҳал этувчи, халқ сайлагану, аммо шу халққа «ўгай» бўлган баъзилар ҳис этишса яхши бўларди.
Ачинарлиси, бугун жуда кўп муассасаларнинг сайтига кирсангиз, ҳали ҳам давлат тилида очилмайди, бир четда турган ўзбекча ҳаволани қидиришга мажбур бўласиз. Кўпгина ташкилотларга сим қоқишингиз билан «слушаю» деган жавоб эшитилади. Балки туғилгандаёқ, «мы открылись» деб нафас ола бошлаган корхонаю муассаса, савдо мажмуалари ўзларига алал оқибат бу қисматни тақдир этар.
Бир пайтлар машҳур бўлган бир нуфузли хонимимиз хориж тилларини билгани ҳолда, ўз давлати тилини билмас эди. Ўзбек тили унга ўгай эканини эса, ўша пайтларда бот-бот уюштириладиган тадбирларда номигагина, истар-истамас гапирадиган уч тўрт жумласидаёқ сездириб қўярди.
Ўзга тилларни билиб, ўз тилини билмасликдан ҳижолатсиз фахр туядиганлар бугун ҳам бисёр. Балки ўзимиз тилимизни шу қадар ожиз қилиб қўйдикмикан, деган ўйлар чарх уради баъзан. Қайсидир давраларда, мажлису савол жавобларда русча мурожаатларни ўзбек тилидагисидан устун қўямиз. Русийзабон ҳамсуҳбатга шу тилда ёндашамиз, русча гапирмасак, ўзимизни мулзам ҳис этамиз. Лекин бугун ўша кун келди, тилимизга бефарқликни баъзи «элита»ларимиздан ўрганаётган авлод ҳам ўзга тилларни «элита»лаштирмасидан, ўз тилимизни ва шу билан қаддимизни тиклайлик энди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter