Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ўша кун ким маст эди? (фельетон)

Ўша кун ким маст эди? (фельетон)

Иллюстратив сурат

Хонанда Баҳодир Мамажондай марди кам. Ҳофиз ҳеч қачон айбидан тонмаган жўмарддай туюлади менга. Машҳур қўшиқларидан бири бунга далил: «Ўша кун мен ма-аст эдим, мен ма-аст эдим...». Отволган одам қачон айбини тан олган, а? Балли. Ҳофизимизнинг бировдан қўрқадиган жойи йўқ. Борини тўкиб соляптики, бундан кўплар — биринчи навбатда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати инспектори Турсунбой Юнусов ва ҳайдовчи Сайфулло Санаев ўрнак олиши керак!

Нега?

Гап шундаки, шу йилнинг 18 ноябрь куни ЙПХ инспектори  Т.Юнусов фуқаро Сайфулло Санаевни маст ҳолда автомобиль бошқарганликда айблаб, баённома тузади ва дарҳол улов — «Матиз»ни жарима майдончасига тиқиб қўяди. Ўша куни ҳайдовчи ростдан ҳам «отволганмиди» ёки маст одамга ўхшаб кўринганми, шунингдек у ҳаракатланиб кетаётган пайтда қўлга тушгандими ёхуд йўл четида ҳаракатсиз турганидами — булар алоҳида, жиддий суриштирув талаб қиладиган жараён. Бироқ факт шуки, баённома тузилди, иш судга оширилди...

Ҳамма машмаша шундан кейин бошланди денг. Судга С.Санаев эмас, мутлақо нотаниш-бегона Бобур Абдураҳмонов деган фуқаро чақирилди! Қандай? Маълум бўлишича, инспектор С.Санаевни ушлаган-у маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишни мутлақо бегона шахс — Бобур Абдураҳмонов номига расмийлаштирибди?! Энг қизиғи, иш ҳужжатларига Абдураҳмоновнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси тиркалган бўлиб, у (Абдураҳмонов) бу «права»сини йўқотиб, топилишига умид қолмагач, аллақачон янгисини олиб улгурган экан?

Бировнинг йўқолган ҳайдовчилик гувоҳномаси инспекторнинг қўлига қандай тушиб қолгани ва у юридик кучини йўқотган ҳужжат асосида қандай қилиб маъмурий иш ясаган — бу энди катта жумбоқ!

Инспектор ҳайдовчини ўзиники қолиб, ўзганинг «праваси»ни берганликда айблаяпти? Ҳайдовчи эса буни зўр бериб инкор этаётир. Ҳар иккисининг гапини мантиқ тарозисига қўйсак, ҳайдовчи турган палла оғирроқ келиши табиий. Хўп, Санаев бировнинг ҳайдовчилик гувоҳномасини  берган ҳам дейлик. Инспектор ҳужжатга қарамадимикан? «Права»да эгасининг сурати ёпиштириб қўйилади, ахир?!

Одамга одамга ўхшайди-ку, дейсизми? Балли, бу гапга ҳам қўшилдик. «Матиз» Санаевнинг рафиқаси номида. Баски, Абураҳмонов Санаевга икки томчидек ўхшаган тақдирда ҳам фамилиялар бошқа-бошқа-ку? Наҳот, ҳужжатларни кўздан кечириш чоғида ишончнома, суғурта қоғози қани, деган савол туғилмади инспекторда? ЙПХ инспекторининг ҳайдовчилар берадиган саволи маълум: «Права қани?», «Ишончнома-чи?», «Суғуртани кўрсатинг» ва... «Ичмаганмисиз?». Бўлди. Мулоқот шу саволлар теварагида бўлади, холос. Шундай экан, ҳайдовчилик гувоҳномасига тузукроқ разм солмай, ишончнома бор-йўқлигини суриштирмай, суғурта қоғози ҳақида қизиқмай Эшматни ичганликда айлаб, Тошматга нисбатан ҳужжат расмийлаштириш... тасаввурга сиғадими?

Шу ўринда Санаевга ҳам савол йўқ эмас: баённомани имзолаганмиди? Ҳа! Ўқиб чиқиб, кейин қўл қўйилганми? «Йўқ»! Албатта, «йўқ» дейиш осон, бироқ буни исботлаш қийин. Негаки, аксарият инспекторлар баённома тузиш чоғида ҳужжатни чала-чулпа тўлдириб, ҳайдовчига имзо қўйдирволиш пайида бўлади. Имзо нақд экан, баённомани кейинроқ, хотиржа-ам тўлдириш мумкин-да. Ўша пайтда илҳом хуруж қилса борми, ҳайдовчини урди Худо: содир этган қоидабузарлигиданам кўра оғирроқ «нарушение»га мустаҳиқ этилиши ҳеч гапмас. Ҳужжатда имзоси бор экан, минг чиранмасин,  фойдаси йўқ!..

Хуллас, масаланинг аталаси чиқибди: ЙПХ инспектори ҳайдовчини мастликда айблайди, бироқ ҳужжатларда «айбдор» бошқа одам бўлиб чиқди. Ўз навбатида ҳайдовчи бўш келишни хоҳламайди: мен эмас, инспекторнинг ўзи маст бўлса керак, йўқса, етти ёт бегонага нисбатан ҳужжат расмийлаштирармиди, деб?

Ким нима демасин,  бир нарса аниқ:  бундай жумбоқли ҳолат юзага келишига соғ одам сабабчи бўлмайди, тўғрими?

...Томонларни Баҳодир ҳофиздан ўрнак олишга чақириш осон, албатта. Хонанда ишқ азобидан оҳ чекиб нола қилади-да қўшиқда. Айни пайтда қаҳрамонларимизнинг кўнглига ишқ-муҳаббат сиғармиди?! Ўртада маъмурий ва қаттиқ интизомий жазо эҳтимоли кўндаланг турар экан, томонлар бунақа қўшиқ тинглаб, ундан ўрнак олиш уёқда турсин, зўр бериб куйлаётган ҳофизнинг бошига тори билан боплаб тушириши мумкин: «Ўчир-е, овозингни!». Яхшиси инспектор ва ҳайдовчини ўз ҳолига қўйиб, хонандага юзланамиз: «Ҳофиз, «Ўша кун мен ма-аст эдим»нинг иккинчи қисмини ёзсангиз қандай бўларкин, унинг номи «Ўша кун ким ма-аст эди» дея аталса, нур устига аъло нур! Вақт сероб, мана, бир ойдирки, шугина масала Горбачёвнинг маърузасидек чўзилиб ётибди, ойдинлик кирганича йўқ. Шунча пайтдан бери Санаевнинг хотини номида бўлган «Матиз» қор-ёмғир остида жарима майдончасида ётибди. Ўтаётган ҳар кун  машина соҳибасининг чўнтагига зарба бермоқда. Мутасаддилар машинани «банди»ликдан озод этишга шошилаётгани йўқ: худдики «Матиз» ўша кун ким ма-аст эканига гувоҳлик бериб қоладигандай гўё...

Ҳотам Тамтам

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг