Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Ортиқхўжаев &«Kun.uz»: ютган киму ютқазган ким?

«Ортиқхўжаев &«Kun.uz»: ютган киму ютқазган ким?

Фото: «Kun.uz»

...Воқеалар ривожи бундай якун топиши кўпларнинг етти ухлаб тушига кирмаган бўлса керак! Бамисоли саратонда қор ёғди...

Йигирма тўрт соат аввал кенг жамоатчилик бир муштга айланган ҳолда «Kun.uz» журналистларини ҳақорат қилиб, жисмонан йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилган пойтахт ҳокимини «обориб-олиб келган» бўлса, энди бор «эътибор» сайтнинг ўзига қаратилмоқда. Сабаби маълум: кеча тунда таҳририят жамоаси ҳоким билан учрашиб, «томонлар бир-бирини тушуниб, ўзаро муросага келди». Бундан англашиладики, ҳаммаси «шесть секунд»да ҳал бўлибди, буёғи энди «бхай-бхай»!

Жамоатчилик бу «сулҳ»ни ҳазм қилаётгани йўқ. Зеро, масала тор доирадан чиқиб улгурган, якуни  ҳам шунга монанд бўлиши шарт. Айни шарт эса, бизнингча, кун тартибидан тушмаслиги керак! Негаки, «сулҳ» наинки сайт жамоаси, балки энди-энди қаддини тиклаётган бутун журналистикага ҳам қоплаб бўлмас зарар етказаётганини ҳамма кўриб, билиб турибди. Қолаверса, бугун бундай таҳдидга бир журналист дуч келган экан, эртага бошқаси рўбарў келмаслигига кафолат йўқ. Бундай сирли «сулҳ» эса бу борадаги хавотирни баттар кучайтиради, холос.

Оммавий ахборот воситалари ходимларига ҳеч қачон осон бўлмаган. Тоталитар тузумда нафас ололмай изтироб чекса, демократик шароитда реал хавфлар соядек эргашиб юради. Журналистика энг хавфли касблардан бири экани шунчаки гап эмас. Дунёни кўринг: бир йилда неча нафар журналист сирли-сирли ўлим топмоқда?!

Жамиятда сўз эркинлиги қарор топиб бораверар экан, бу ҳол маълум тоифа вакилларининг пайтавасига қурт тушириши тайин. Ўзбек журналистикаси айни пайтда, таъбир жоиз бўлса, «ўтиш даврини» бошдан кечираётир. Бундай мураккаб жараёнда хатоларга йўл қўйилиши табиий, баробарида маълум босимларга дуч келиши ҳам турган гап. Босимларнинг тугаши даргумон. Хуллас, журналистнинг куни синов, туни синов...

«Kun.uz» ўзбек оммавий ахборот воситалари орасида жиддий синовга ошкора (пинҳона синовлар ҳар куни оёқ остидан чиқиши мумкин) дуч келган сайт бўлса, эҳтимол. Чунки, Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳақорат-у таҳдидлари қачон ва қай пайтда янграганини маълум қилиб, аудиони ўз вақтида ошкор этилмаганини «шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик» билан боғлаган сайт саноқли соатлардан кейин ўз обрў ва мавқега путур етказиш эвазига «бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни» сўрашга тушганининг ўзи кўп нарсаларга далолат қилади. 

Агар сайт «муросагўй» бўлганида ҳоким билан илк учрашувда «бешни ташлаб», фаолиятини келган жойидан давом эттирган, бугун бу каби ғурбатларга гирифтор бўлмасди-да. Ўшанда,  «Kun.uz» ва Олмазор тумани ҳокими ўринбосари можароси сабаб, шаҳар раҳбари томонларни ҳузурига чорлаб, муросага келтиролмагач, таҳдидга ўтгани бугун энди сир эмас.

Аудио қачон, қай мақсадда ва ким томонидан эълон қилингани эса суриштирув йўли билан аниқлик киритиладиган масала. Ахир бу масалада сиёсий партиялардан тортиб, Бош прокуратурагача муносабат билдирди.

Бизни ўйлантираётган, қийнаётган масала бошқа. Бу ҳолатдан ким ютди? Ҳеч ким! Ҳокимнинг обрўйига обрў қўшилдими? Йўқ, аксинча, амалдорнинг маънавий қиёфаси хиёл очилди, холос. Иккинчидан, нафақат «Kun.uz», балки энди тетапоя бўлаётган журналистиканинг «оч биқинига» мушт тушдики, ким билсин, унинг заҳри қачон кетаркин?..

Мағлубиятнинг энг каттасини эса жамият тортмоқда. Зеро, айни можаро ва унинг кутилмаган якуни Ўзбекистоннинг имижига ижобий таъсир этмаслиги аниқ. Ва бунда ўша таҳдидни кенг оммага тарқатганлар эмас, уни айтишдан, гапиришдан тийилмаганлар сабабчи аслида.

Р. S. Саноқли дақиқалар аввал «Kun.uz»нинг икки ходими, ёш ва иқтидорли журналистлар — Зафар Солижонов ва Баҳодир Аҳмедов истеъфо берганини эълон қилишди. Иккала  ҳамкасбимиз ўз қарорини «муроса»га исён сифатида изоҳлашди...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг