Ўрмон хўжаликлари фаолиятига бағишланган семинар ўтказилмоқда
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон хўжалиги агентлиги томонидан 24-25 январь кунлари «2025 йил – Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» муносабати билан ўрмон хўжаликларини ривожлантириш, амалга оширилган ишлар ва истиқболдаги режалар муҳокамасига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказилаётган семинарда Экология вазири Азиз Абдуҳакимов, Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳитдинов, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда фаолият кўрсатаётган 79 та ҳудудий ўрмон хўжаликлари раҳбарлари, шунингдек, Жаҳон банки, БМТнинг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO), KOICA ва Suppro Ltd. компанияси вакиллари, мутахассис олимлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этмоқда.
Тадбир доирасида шунингдек, Ўрмон хўжалиги агентлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамкорлигида «Атроф-муҳит ва хавфсизлик йўлидаги ҳамкорлик» мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди. Унда Ўрмон хўжалиги агентлиги директори Эркин Муҳитдинов, Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари, Штаб бошлиғи полковник Санжар Зуфаров ҳамда мутасаддилар иштирок этди.
Семинар давомида ўрмон хўжалигини ривожлантириш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва бутун дунёда содир бўлаётган ёнғинлар мисолида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, икки ташкилот ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва фавқулодда вазиятларда ўрмон хўжаликлари билан боғлиқ хавф-хатарларни камайтириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
«Ўрмонлар нафақат экология, балки иқтисодиёт ва хавфсизлик учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бизнинг асосий вазифамиз – табиатни муҳофаза қилиш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва келгуси авлодлар учун соф муҳит яратишдир», – деди Эркин Муҳитдинов.
Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжар Зуфаров эса ўрмон ёнғинлари нафақат табиатга, балки инсонларга ҳам жиддий таҳдид солишини таъкидлади.
«Биз бу хавфларни бартараф этиш учун замонавий техника ва методларни жорий этишимиз шарт. Бугунги семинар соҳа мутахассислари учун тажриба алмашиш ва хавфларни камайтириш йўлида муҳим қадам бўлди», – деди у.
Тадбир давомида ФВВ мутахассислари томонидан махсус техника ва ускуналардан фойдаланиш бўйича амалий ва кўргазмали машғулотлар ташкил этилди. Мутахассислар ўрмон хўжаликларида ёнғин содир бўлганда уни бартараф этиш, шунингдек, тоғли ҳудудларда сув етказиб бериш учун мўлжалланган замонавий ускуналар намойиш этилди.
Семинар якунида соҳада амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, келгусида қилиниши керак бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter