Огоҳлик: пластик карталардан пул ечиб олувчи фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг
Истеъмолчилар федерацияси фуқароларимизни пластик карталардан пул ечиб олувчи фирибгарлардан огоҳлантирди.
Пластик картадаги маблағларни ўмарувчи кимсалар гўёки маълум миқдордаги суммани Сизга ўтказиб бериш баҳонасида, карта эгаси ишончига киради ва керакли кодни билиб олиб, пластик ҳисобидаги суммани ечиб олади. Ёки сохта ёрдам берувчи қиёфасига кириб, тегишли пластикка ёрдам маблағларини ўтказиб олиб, сўнг жуфтакни ростлайди.
«Юртдошларимиз орасида бу каби ҳолатларнинг содир бўлишида уларнинг молиявий саводхонлиги етишмаслигидан ва ёки комуникацион технологиялар, қурилмаларни тўғри ва хавфсиз ишлатишни билмасликлари оқибатида юз бермоқда» – дейди Марказий банк Тўлов тизимлари департаменти директори Улуғбек Маҳмудов.
Пластик карта эгалари қуйидагиларга эътибор қаратиши зарур:
Банк пластик карталарини, уларнинг пин-кодини бегона шахсларга берманг.
Cvv ёки cvc махсус кодларини, банк пластик картасининг ҳисобрақамини, шунингдек, карта рақами ва амал қилиш муддатларини бошқаларга маълум қилманг.
Банк пластик картасини банкдан олганда махфий калит сўз рўйхатга олинган бўлса, ушбу калит сўзни ошкор этманг.
Бир нечта банк пластик карталарига эга бўлинган ҳолда уларнинг пин-кодларини бошқаларидан фарқли қилиб ўрнатинг.
Савдо нуқталари атрофдаги бегона шахслар орасида карта пин-кодини маълум қилманг ва тўлов терминалларига пин-кодни шахсан киритинг.
Банкоматлар, тўлов шоҳобчаларидан фойдаланилганда картани қўйиш, пин-кодни киритиш қурилмалари олдидан шубҳали қопламалар (скимминг қурилмалари) мавжуд эмаслигини текширинг.
Масофадан туриб интернет тармоғи орқали мобил дастурий иловалар ёрдамида электрон тўловларни ёки пул ўтказмаларини амалга ошириш давомида тўлов амалиётини тасдиқловчи махсус кодни ошкор этманг.
Интернет тармоғи орқали электрон тўловларни бегона компьютер ва мобил қурилмалар орқали ўтказманг (бунда карта ҳақидаги маълумотлар ҳамда руйхатдан ўтиш учун зарур логин ва пароллар ушбу қурилмаларда сақланиб қолиш хавфи мавжуд);
Шубҳали бўлган, ишончлилиги тасдиқланмаган интернет сайтларида, шунингдек ютуқли акцияларда банк пластик карталари тўғрисидаги маълумотларни қўллаб пул ўтказмаларини амалга оширманг.
Интернет тармоғи орқали электрон почта ёки ижтимоий тармоқлардан банк пластик картаси тўғрисидаги махфий маълумотларни жўнатманг;
Телефон орқали банк соҳаси мутахассиси сифатида ўзини таништириб турли сабаблар асосида карта тўғрисидаги конфиденциал маълумотларни сўраган шахсларга уларни ошкор этманг ва бу ҳақида банкка зудлик билан мурожаат қилинг.
Банк пластик картаси учун СМС-хабарнома хизматини бегона шахслар телефон рақамига уламанг.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter