Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

«Обод қишлоқ» дастури маблағларини талон-тарож қилган раҳбарларга жазо тайинланди

«Обод қишлоқ» дастури маблағларини талон-тарож қилган раҳбарларга жазо тайинланди

Фото:«Xabar.uz»

Фарғонада бюджет ва «Обод қишлоқ» дастури учун ажратилган катта миқдордаги маблағларни талон-торож қилган йўл корхонаси раҳбарларига суд томонидан тегишли жазо тайинланди. Бу ҳақда «ЎзА хабар берди.

Гуруч курмаксиз бўлмагани каби соҳа ходимлари орасида ўз манфаати йўлида давлат маблағларини жиғилдонидан ўтказиб юборадиганлари ҳам учраб туради.

Бағдод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбарлари Шарофиддин Камолов, Мирзаанвар Ҳамдамов ва бош ҳисобчи Шерзод Ҳожимуродов ана шундайлар сирасидан.

Улар мансаб ваколатларидан фойдаланиб, давлат бюджетининг маблағларини мақсадли сарфлаш ўрнига ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиб юборишди.

Ш. Камолов мазкур лавозимда ишлаб келиб, хавфли рецидивист бўлган ҳолда корхона бош ҳисобчиси Ш. Ҳожимуродов билан олдиндан режа тузади.

Улар буюртмачи «Фарғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси томонидан Бағдод тумани Қатағон қишлоғида 4,2 километр узунликда ички хўжалик йўлларини жорий таъмирлаш учун аванс тариқасида ўтказиб берилган 179 миллион 340 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағларидан 105 миллион 453 миллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишларини бажаришган, холос.

Қолган маблағларни тўлов топшириқномалари орқали ҳеч қандай ҳужжатларсиз чиқим қилиб, 63 миллион 434 минг сўм кўп миқдоридаги бюджет маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилишган. Мазкур ўтказилган пулларни корхона ҳисоботларида қайд этмасдан, расмий ҳужжат ҳисобланган корхона ҳисоботларига била туриб, сохта маълумотлар киритиб, «Фарғона минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонасига тақдим қилиб, давлат ва жамоат манфаатларига жиддий зарар етказилишига сабабчи бўлишган.

Бундан ташқари, Ш.Камолов жиноий ҳаракатларини давом эттириб, «Ўзйўл-бутлаш» шўъба корхонаси томонидан Буюк Британиядан божхона тўловларидан имтиёз қўллаб импорт қилинган ва «Обод қишлоқ” дастури доирасида йўл қурилиш ишларини амалга ошириш учун корхонага берилган умумий қиймати 94 миллион 695 минг 675 сўмлик 53 тонна 780 килограмм битум маҳсулотини «Kokand Gold Future” масъулияти чекланган жамиятига майда донали иссиқ асфальт тайёрлаш учун далолатнома асосида ўтказиб беради.

У ерда тайёрланган 747,5 тонна 143 миллион 45 минг 963 сўмлик маҳсулотни ишончнома бўйича бошқа масъул ходим олиши лозим бўлса-да, унинг номидан имзо қўйиб, ҳужжатларни қалбакилаштирган. «Уддабурон» раҳбар 109 миллион 861 минг 307 сўмлик 574,9 тонна асфальт маҳсулотини корхонага кирим қилмасдан ўзлаштириб юборган.

М.Ҳамдамов 2018 йил 16 октябрдан 2019 йил 18 мартга қадар Бағдод туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари лавозимида ишлаган.

У ҳам миллион-миллион пулларни олдида нафсини жиловлай олмасдан бош ҳисобчи билан тил бириктиради. Қатағон қишлоғининг ички йўлларини жорий таъмирлаш учун аванс тариқасида ўтказиб берилган 278 миллион 220 минг сўм миқдоридаги бюджет маблағидан 199 миллион 220 минг сўмига қурилиш-таъмирлаш ишларини бажариб, қолган пул маблағини ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланиб, тўлов топшириқномалари орқали турли фирмаларга ўтказади.

70 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини бошқа мақсадлар учун сарфлаб юбориб, давлат ва жамият манфаатларига кўп миқдорда зарар етказишди.

Бу кимсаларнинг кирдикорларига вақтида нуқта қўйилди. Суд ҳукми билан қонунбузарларнинг ҳар бирига ўз қилмишларига яраша жазо тайинланди. Жиноят оқибатида етказилган зарар тўлиқ қопланди.

Шунингдек уларнинг барчаси маълум муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни корхона, ташкилот ҳамда муассасаларда моддий жавобгарлик ва мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг