Мубашшир Аҳмад: «Маънавий сув омборимизнинг дамбалари аллақачон чириган...»
Ҳозир-ку Бухоро ва Сардобадаги зоҳирий халтураларимиз кўриниб қолди. Аммо бир асрдан бери давом этаётган қалбларимиздаги ботиний халтураларнинг натижаси бундан ҳам ёмон бўлади.
Аслида, Бухоро ва Сардоба ҳам Худодан қўрқмайдиган қалбларимиз халтураси. Кўнглида муқаддас туйғуси йўқ ёки ўша туйғу хиралашган кишилар кўрсатган иш. Зоҳирда у том кетиши ва сув босиши кўринишида намоён бўлди, холос.
Тўғри фикрлайлик, чала қурилган намунавий уйлар, кўтарилган сифатсиз дамбалар ишида кўзга кўриниб турган жиноятларнинг илдизи – диёнатсизлик, ахлоқсизлик ва Аллоҳдан қўрқмаслик эмасми?!
Фақат ўзини ўйлаш, қорин ғами, халққа азият бериш, очкўзлик, шаҳват ортидан қувишларнинг манбаси динсизлик эмасми?!
Мен бу гапларни ўрни келганда, нимадир гапириб қўяй, қабилида айтаётганим йўқ. Анчадан бери бу ҳақда хатар қўнғироғини чаламиз.
Маънавий сув омборимизнинг дамбалари аллақачон чириган, баъзи ерларидан сув «сизиб» ётибди. Тезроқ уни ислоҳ қилмасак, катта-катта «тошқинлар»га сабаб бўлади. Ислоҳ ислом таълимотини кенг ёйишга имконият бериш билан бўлади. Бошқа давлатларда одатий ҳол бўлган (ҳақиқий) диний муассасаларни кўпайтириш, диний-маърифий телеканал ва нашру нашриётларга рухсат бериш, исломий молияни ривожлантириш, диний таълимни «доступный» қилиш ва буларни тартибга соладиган қонунни халқчиллаштириш ҳамда диний соҳада йиғилиб қолган жуда кўп масалаларни ҳақиқий маънода (!!) ҳал этиш билан бўлади.
Бу муаммоларни ҳамма билади.
Лекин ечимига панжалар орасидан қаралади, ёки-да соҳа масъуллари томонидан умуман эътибор берилмайди. Бу тўғридаги гапнинг лўндаси, диний соҳада умуман ислоҳот қилинмади. Ислоҳот бўлиб кўринаётгани ҳам мамлакатдаги ислоҳот тўлқинидан қолиб кетмай деб, зўрма-зўраки оёқни сувга тиқиб, тортиб олишга ўхшайди.
Модомики, ҳаммаси ботиний халтураларга тақалар экан, масаланинг моддий томони билан шуғулланаётган кучишлатар тизимлари қатори, маънавий жиноятлар қисмини ҳам тафтиш этиш ва муолажа қилишни ўз эгаларига топшириш вақти келди. Улар эмин-эркин ҳолда ўғирлик, ҳаромхўрлик, коррупция, фаҳш, рибохўрлик, қиморбозлик ва ахлоқсизлик иллатларига қарши ўз йўллари билан курашсинлар. Жамиятда Аллоҳдан қўрқиш, диёнат, гўзал ахлоқ ва олийжаноблик туйғу ва хусусиятларини ёйсинлар! Бунга йўл қўймаслик ҳам асли Худодан қўрқмаслик ва диёнатдан узоқликка бориб тақалади. Маънавий дамбаларимиз қулаш арафасида тургани ҳолда, бунга эътибор бермаслик ва огоҳлантирганнинг овозини ёпиш, худди сув омбори ёрилишига бепарво бўлиш, огоҳлартирганни «ишингни қил», дея четга суришга ўхшайди.
Аслида бу ундан ҳам даҳшатли жиноят!
Бу сатрларни фожиа юз берган куни ёзгандим. Мусибат онларида, яралар оғриқли пайтда эълон қилишни эп кўрмадим. Мана, ғалвир сувдан кўтарилаётган, яраларга малҳам босилаётган ва фожеа айбдорлари аниқланаётган бир пайтда эълон қиляпманки, ҳақиқий ва улкан жиноятни унутиб қўймайлик. Зеро, маънавий жиноятлар моддийларининг онаси, асоси ва озуқасидир.
Бунга барҳам бермагунча кўзлаган мақсадимизга ета олмаймиз.
(муаллифнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасидан олинди)
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter