Комил Алламжонов: «Кўзи ожизлар босмахонаси»нинг ишлаб чиқариш қуввати бугунги кун талабига жавоб бермайди»
Бугун, 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташаббуси билан «Кўнгил кўзи» лойиҳасини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тақдимотига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.
— Юртимиздаги 12 та махсус интернатда 3 минг нафардан ортиқ кўзи ожиз ёшлар тарбияланади. Улар учун Агентлик тизимидаги ягона нашриётда зарур дарслик ва бошқа адабиётлар нашр этиб келинмоқда, — деди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи Комил Алламжонов.
– Аммо «Кўзи ожизлар босмахонаси»нинг 1960 – 1980 йилларда ишлаб чиқарилган техникалари жуда эскирган бўлиб, ишлаб чиқариш қуввати бугунги кун талабига жавоб бермайди. Ускуналар билан йилига бор-йўғи 18 номдаги дарсликни чоп этиш мумкин. Ҳолбуки, таълим дастури бўйича кўриш қобилияти чекланган ўқувчилар учун 48 номдаги дарсликлар зарур. Шунингдек, олий таълим муассасалари учун бундай махсус дарсликлар умуман нашр этилмайди.
Шунингдек, «Кўнгил кўзи» лойиҳаси доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
– Кўзи ожиз бўлган болаларни дарсликлар , бадиий, илмий ва бошқа адабиётлар билан таъминлаш;
– Босмахона ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва улар учун қулай меҳнат шароити яратиш;
– «Кўзи ожизлар босмахонаси»ни моддий-техник базасини модернизация қилиш;
Ушбу йўналишлардаги ишларни амалга ошириш жараёнида махсус мактаб интернатларда ўқийдиган болалар учун дарсликлар чоп этиш, аудио китоблар онлайн кутубхонасини яратиш, «Шарқ эртаклари», «Ўзбек адабиёти дурдоналари» «Алоҳида тоифадаги болалар» рукнидаги китоблар тўпламини нашр қилиш, кўзи ожизлар учун «Бир жамоа» ягона интернет-порталини яратиш ҳамда кўзи ожизлар учун музей, театр ва дам олиш масканларига ташриф ва экскурсияларни ўтказиш методикасини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Тадбирда Агентлик томонидан пойтахтимиздаги ихтисослаштирилган кўзи ожизлар мактаб-интернати ўқувчиларига эртак ҳамда бадиий асарларнинг аудио талқини жамланган махсус совғаси топширилди.
Бугунги кунда кўриш имконияти чекланган ўқувчилар фақатгина математика ва она-тили фанлари бўйича олимпиадаларда иштирок этадилар, холос. Тадбирда уларнинг бошқа фанлар бўйича ҳам фан олимпиадаларида иштирок этиши, мусиқа ва санъат мактабларида бепул ўқиши, кутубхоналар, таълим муассасаларини замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозлашга қаратилган энг долзарб масалалар бўйича таклифлар билдирилди, уларни ҳал этиш чоралари белгилаб олинди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter