Ишга кетаётганда ҳалок бўлган банк ходими учун компенсация ундирилди
2020 йилнинг 17 декабр куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)га Жиззах вилоятида яшовчи фуқаро О.Т. турмуш ўртоғининг иш билан боғлиқ ҳолатда вафот этгани учун компенсация ундирилишини сўраб мурожаат қилди.
Омбудсман матбуот хизмати хизматига кўра, Халқ банкининг собиқ кассири, марҳума М.Т. 1989 йилда туғилган бўлиб, унинг 2 нафар вояга етмаган фарзанлари бўлган. Коронавирус инфекцияси тарқалишини олдини олиш ҳамда карантин муносабати билан сайёр касса хизматини кўрсатиш мақсадида АТ Халқ банки Жиззах вилояти филиалининг 2020 йилнинг 21 август кунги буйруғи билан марҳума М.Т. ҳамда 20 дан ортиқ ходимлар 22-23 август кунлари ишга жалб қилинган. 22 август, яъни шанба куни эса собиқ банк ходимаси ишга кетаётган вақтида автоҳалокат туфайли воқеа жойида вафот этган.
Бир неча ойдан сўнг, марҳуманинг турмуш ўртоғи Жиззах вилояти Бандлик бош бошқармасига рафиқасининг иш вақтида бевақт вафот этганлиги сабабли иш берувчи томонидан тўланадиган бир йўла бериладиган нафақа миқдорининг ундирилишини сўраб мурожаат қилган. Лекин, «Халқ суғурта» масъулияти чекланган жамият шаклидаги суғурта компанияси бир неча маротаба ходимнинг ишга келаётган вақти иш вақти ҳисобланмаслиги важи билан суғурта қопламасини тўлаб беришдан бош тортган.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 11 февралдаги қарори билан тасдиқланган «Ходимларга уларнинг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда жароҳатланиши, касб касалликларга чалиниши ёки саломатликликнинг бошқа хил шикастланиши туфайли етказилган зарарни тўлаш Қоидалари»да «Иш берувчи иш берувчининг ҳудудида ва унинг ташқарисида, шунингдек иш берувчи берган транспортда ишга келиш ёки ишдан кетиш вақтида ходимнинг соғлигига меҳнат жароҳати билан етказилган зарар учун моддий жавобгар бўлади» деб белгиланган.
Шундан сўнг, Омбудсман содир бўлган мазкур бахтсиз ҳодисага меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий баҳо бериш ва компенсация ундирилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилди.
Мурожаат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилиб, содир бўлган бахтсиз ҳодиса меҳнат вазифасини бажариш билан боғлиқ деб топилди ҳамда фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро судига даъво аризаси киритилди.
Ваниҳоят, суднинг ҳал қилув қарори билан марҳуманинг турмуш ўртоғи О.Т. фойдасига «Халқ банки» Жиззах филиалидан сал кам 218 млн сўм бир йўла тўланиши лозим бўлган нафақа ҳамда 2 нафар вояга етмаган фарзандлари учун улар 16 ёшга тўлгунларигача ҳар ойда 756 минг сўмдан зарар ундирилиши белгиланди. Агарда болалар кундузги ўқишни давом эттирсалар, ҳар ойлик сумма, улар 18 ёшга киргунларига қадар ундирилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter