Иқлим ўзгариши шароитида сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда

Тошкентда «Зарафшон дарёси ҳавзасининг иқлимга чидамли комплекс сув ресурсларини бошқариш» лойиҳасининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Лойиҳа Швейтцария ҳукумати кўмагида Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ва Швейцариянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Тадбирда Экология вазири Азиз Абдуҳакимов, Швейцариянинг Ўзбекистон Республикасидаги элчиси Константин Оболенский, вазирлик ва идоралар, халқаро ташкилотлар ва молия институтлари, илмий жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида А.Абдуҳакимов давлатимиз раҳбари ташаббуси билан эълон қилинган «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили»да лойиҳанинг ишга туширилиши рамзий маънога эга эканлигини ва унинг аҳамиятини таъкидлади.
«Иқлим ўзгариши ва сув ресурсларига талаб ортиб бораётган шароитда Зарафшон дарёси ҳавзасида сув ресурсларини комплекс бошқариш лойиҳасини амалга ошириш алоҳида аҳамиятга эга. Лойиҳа нафақат сувдан фойдаланишни оптималлаштириш, балки янги технологияларни жорий этиш, ахборот алмашинуви ва маҳаллий аҳолининг кўникмаларини ривожлантириш орқали мамлакатимизнинг Зарафшон сув ресурсларига боғлиқ бўлган бешта ҳудудида иқлим ўзгаришига мослашиш учун узоқ муддатли асос яратади”, — деди вазир.
Caritach Switzerland (SACh) томонидан Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CАРEC) билан ҳамкорликда 2027 йилгача Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Қашқадарё вилоятларидаги Зарафшон дарёси ҳавзасида амалга оширилаётган лойиҳа иқлимга чидамли ва интеграциялашган сув ресурсларини бошқариш орқали аҳоли турмуш даражасини оширишга қаратилган.
«Маълумотларни тўплаш ва бошқариш тизимларини кучайтириш, инновацион арзон мониторинг қурилмаларидан фойдаланишни илгари суриш ва Швейтсария гидрологик тажрибасидан фойдаланиш орқали фермерлар ва сиёсатчиларни муҳим қарорлар қабул қилишлари учун зарур воситалар билан таъминлашни мақсад қилганмиз», — деди К.Оболенский.
Ташаббус, шунингдек, барқарор сув бошқарувини ривожлантириш ва иқлимга чидамлилик учун минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун халқаро экспертизаларни, жумладан Meteoswiss ва Hyrosolutions GmbHʼни бирлаштиради.
Тадбир якунида тегишли шартномалар имзоланиб, лойиҳани амалга оширишга пойдевор қўйилди. Ташаббус ўзгарувчан иқлим шароитида сувни бошқаришнинг замонавий усулларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, улардан фойдаланиш имконияти ва самарадорлигини оширади.
Лойиҳадан маълумотлар оқими ва суғориш жараёнларини режалаштиришни яхшилаш учун 50 дан ортиқ иқлим мониторинги станцияларини ўрнатиш, 30 дан ортиқ ер ости сувлари мониторинги қудуқларини автоматлаштириш, 100 дан ортиқ фермер ва қишлоқ хўжалиги кластерларини сув ресурсларидан самарали фойдаланишга ўргатиш, Зарафшон шаҳридаги мактабларда «Яшил мактаб» концепциясини татбиқ этиш, сув ва об-ҳаво маълумотларини алмашиш учун ҳудудий платформа яратиш каби натижалар кутилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter