Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Фарғонада 4 ойда 18 марта «фоторадар»га тушган ҳайдовчидан (аёл) 10.7 млн. сўм жарима ундирилди

Фарғонада 4 ойда 18 марта «фоторадар»га тушган ҳайдовчидан (аёл) 10.7 млн. сўм жарима ундирилди

Фото:«Zarnews.uz»

Фарғоналик 32 яшар Г.М. (аёл)  шахсий «Нексия-3»ини  «учиртириб» юришни хуш кўради, чоғи. Йўқса, 4 ойда 18 марта «фоторадар»га «безак» бўлармиди?! Биринчи марта  (2020 йил 1 март) Ёзёвон туманида ҳаракатланиб кетаётган вақтида йўл ҳаракати қоидасини бузгани қайд этилганди.  2020 йил 18 июнь кунигача улар сони 18 тага етди. Г. М.нинг охирги (охиргимикан?) қоидабузарлиги Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида  аниқланган.

Шунча қоидабузарлигига қарамай жарималарни вақтида тўламаганига нима дейсиз?! Натижада барча «жарима қоғозлари»  МИБ Фарғона шаҳар бўлимига оширилди.

Ҳисоб-китоб қилингандики, 18 та қоидабузарлик натижасида йиғилиб қолган жарималар миқдори 10 млн. 700 минг сўмни ташкил қилди. МИБчилар унга  15 кунлик ихтиёрий муддат берди.  Шундаям унинг жарималарни тўлаш сиёқи кўринмади. Юраверди. Пичоқ суякка етгач,  «Нексия-3» жарима майдончасига тиқиб қўйилди.

Натижа? Ўша куннинг  ўзидаёқ  қарздор жами жаримани шаққилатиб тўлади.

Биласиз, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 332-1-моддасида ҳуқуқбузар тегишли қарор қўлига текканидан  ўн беш кун ичида жарима миқдорининг етмиш фоизини ихтиёрий равишда тўласа, қолган қисмини тўлашдан озод этилиши белгиланган. Яъниким, Г. М. қонунда белгиланган ушбу имтиёздан фойдаланганида  2 млн. 510 минг сўм маблағ тежаши мумкин эди. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Қоидабузар  ижро ҳужжатини ўз вақтида бажариш чорасини кўрмаганлиги учун унга нисбатан  2. млн 230 минг сўм маъмурий жарима жазоси ҳам қўлланилди. Бу эса Г. М. жами жарималарни тўлашдан ташқари  қўшимча 2 млн. 230 минг сўм  мажбурий чиқим қилганини англатади.

Яна бир гап. Пули борларнинг миллион-миллион жаримадан «бели чиқмас», эҳтимол. Бироқ ҳар бир йўл ҳаракати қоидаларини бузиш - инсон ўзи ва атрофдагиларнинг ҳаётига хавф туғдириш демакдир. Шу оддий ҳақиқатни ким-ким, АЁЛ киши англамаслиги каррасига оғриқлидир.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг