Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Европа Иттифоқи Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экади

Европа Иттифоқи Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экади

Шарлотта Адриан хоним бошчилигидаги европалик дипломатлар ниҳол қадамоқда.

Фото: ЕИ делегацияси

Европа Иттифоқи Ўзбекистон ҳукуматининг саҳрога айланаётган ҳудудни тиклаш бўйича хатти-ҳаракатларига кўмак сифатида жорий йил охиригача Орол денгизи тубига 27 минг туп ниҳол экиш мажбуриятини зиммасига олади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Шарлотта Адриан минтақага сафар давомида маълум қилган.

ЕИ, унга аъзо давлатлар ва Ўзбекистон вакилларидан иборат 30 кишили делегация Оролбўйи минтақасига борди. Мўйноқ ва «Кемалар қабристони»га ташрифнинг илк кунида ЕИ элчилари ниҳолларнинг биринчи тўпламини ўтқаздилар. Шу ерда минтақанинг «яшил» келажагида ЕИ ва аъзо давлатларнинг улушини эслатиб турувчи эсдалик тахтача ҳам ўрнатилди.

«Орол денгизининг йўқолиши  бу – миллий ва халқаро чегараларни ҳам босиб ўтган фалокатдир. Европа яшил курси ва Марказий Осиё бўйича ЕИнинг янги Стратегиясига мувофиқ ЕИ ва аъзо давлатлар Ўзбекистонни атроф-муҳит деградациясини олдини олиш ва зарар кўрган аҳолининг барқарорлигини ошириш бўйича барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга тайёр», – дейди Шарлотта Адриан хоним.

ЕИ Оролбўйи минтақаси учун БМТнинг Инсон хавфсизлиги бўйича Кўп томонлама шериклик траст жамғармасига 5 миллион евродан зиёд маблағ ажратди. Қайд этилишича, бу табиий офатнинг салбий оқибатларини юмшатиш ишига содиқлик ифодаси саналади.

«Шундай қилиб, биз бўлғуси «яшил» инвестициялар ва экотизимнинг ҳамда  Орол денгизи минтақасида  барқарор турмушнинг яхшиланиши учун имконият яратилишига умид қиламиз», – дейди  ЕИ элчиси.

Сир эмас, 1960-йилларгача дунёда катталиги бўйича тўртинчи ўринда турган кўл – Орол денгизи қуриши миллий ва минтақавий чегаралар доирасидан чиқиб глобал экологик фожиага айланди. Кўл қуриши ва чўлланиш минтақада яшовчи кўп сонли аҳоли учун ижтимоий-иқтисодий муаммолар юзага келтирган.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрь ойида Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форумида муҳим мавзулар қаторида яшил тикланиш масаласи ҳам муҳокама этилганди. Хусусан, Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида яшил сармоя иқтисодиётининг аҳамиятига ҳам тўхталганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг