Депутатлик сўрови эътиборга муҳтож(ми)?!
Мақоланинг сарлавҳасидан сезяпсизки, бугунги мулоҳазаларимиз рақамлар ёки баландпарвоз гаплар устида эмас, балки етакчи партиянинг жойлардаги вакиллари депутатлик сўрови, давлат органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш институтлари имкониятларидан қандай фойдаланяпти, ушбу воситалардан самарали фойдаланиш бугунги кун талабига жавоб берадими ёки, ҳақиқатан ҳам, эътиборга муҳтожми? Сайловчилар ишониб овоз берган, кўксига халқ вакили сифатида нишон таққан депутатлар шу давр ичида одамларни ўйлантираётган қанча масалани ўрганди, унинг амалий натижалари қандай, деган саволлар атрофида кечади.
Маълумки, депутатга берилган ваколатлар орасида депутатлик сўрови алоҳида аҳамиятга эга институт ҳисобланади. Негаки, унда кўтарилаётган ҳар бир масала ортида, энг аввало, инсон тақдири, кўпчиликнинг манфаатлари туради. Қолаверса, бу тизим одамларнинг партияга ишончини оширишга хизмат қилади.
Қайд этиш жоизки, 2018 йилнинг апрель ҳолатига халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида O‘zLiDePдан 2276 нафар вакил фаолият олиб бормоқда. Шундан 291 нафари вилоят, 1707 нафари туман, 278 нафари шаҳар кенгашлари депутатларидир. Бу рақамлар партия ва унинг ғояларига сайловчилар томонидан жуда катта ишонч билдирилганини кўрсатади, албатта. Лекин бугун сайловчи партиямизга депутатларнинг сонига қараб эмас, балки уларнинг ишига қараб баҳо беради. Шу боис мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири десак хато бўлмайди.
Президентимиз парламентга қилган Мурожаатномасида “Нима учун аниқланган муаммолар ёки сайловчилар кўтараётган масалалар тегишли қонунлар қабул қилиш йўли билан ёки ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиш билан ҳал этилмаяпти? Самарасиз назорат, қуруқ мажлисларнинг, айтинглар, кимга кераги бор?” деган қатъий талабни қўйган эди. Тўғрисини айтиш керак, шундан сўнг ишимизда жонланиш бўлди. Жойларда муаммолар ўрганилди, улар бўйича қатъий тарзда депутатлик сўровлари жўнатиш тизими такомиллашди. Сессиялар кун тартибига ҳам кўпчиликнинг манфаатлари акс этган масалалар киритила бошлади. Лекин бу ишлар давомий бўлмади. Очиғи, ҳозир ўша пайтдаги шашт, ишчанлик етишмаяпти. Буни очиқ айтиш керак. Бундай вазиятда Президентимиз томонидан қўйилган қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт деган қатъий ва ҳаётий талабни амалда қарор топтириш мушкул. Ўз-ўзидан аёнки, таклиф қуйидан чиқсагина, қабул қилинаётган қонунлар шунчалик ҳаётга яқин бўлади.
Қанчалик оғир бўлмасин, шуни тан олиш керакки, олдимизда ижро ҳокимияти ёки бошқа органлар олдига масалани қатъий қўйиш, самарали ва асосли депутатлик назоратини ўрнатиш бобида қилиниши лозим бўлган ташкилий-ҳуқуқий масалалар мавжуд. Янада аниқроқ айтадиган бўлсак, масалани қатъий қилиб қўйишнинг аниқ чора-тадбирларини ўзида қамраб олган, олдиндан белгиланадиган аниқ дастурлар ишлаб чиқилмаган. Агар қуйи поғонадаги депутатлик сўровларининг жорий йил биринчи чорагидаги ҳолати таҳлилига назар ташласак, бу янада ойдинлашади.
Шу йилнинг биринчи чорагида халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳи ва аъзолари томонидан жами 4038та депутатлик сўрови ижро органлари мансабдор шахсларига юборилган бўлиб, шундан 549 таси вилоят кенгаши, 3489 таси туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ва депутатлик гуруҳлари ҳиссасига тўғри келмоқда.
Бу — сондаги ўзгаришлар таҳлили. Хўш, сифат борасида аҳвол қандай? Ижроия органлари депутатлик сўровларига ўз вақтида асослантирилган тарзда тушунтиришлар бераяптими ёки аксинча ҳолатлар ҳам мавжудми?
Қуйидаги мисол бу саволларга қисман жавоб бўла олади.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси томонидан жорий йил биринчи чорагида “Ҳудудларда якка тартибдаги тадбиркорлик фаолиятининг бугунги ҳолати, ушбу фаолиятни ривожлантириш истиқболлари” ўрганилган эди. Ушбу жараёнда 170 та туман, 30 та шаҳар (шаҳарча) қамраб олиниб, ўрганишларга барча поғонадаги депутатлар жалб этилиб, жами 574 та сўров чиқарилди. Шулардан 367 тасига жавоб олинган бўлса, 200 дан ортиқ сўров бўйича жавоблар ўз вақтида берилмаган.
Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзоси Ш.Кочкановнинг 2018 йил 27 апрелда Зарафшон шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Д.Ф.Елмуратовга “Ҳудуднинг инвестициявий салоҳиятини ошириш, тадбиркорлик субъектлари учун халқаро молиявий-инвестициявий ташкилотларининг маблағларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича Зарафшон шаҳрида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” ҳамда 30 апрелда “Истеъмол товарлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва аҳолининг уларга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш, жумладан, мақбул нархлар бўйича кенг турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан халқимизни тўлиқ таъминлаш борасида шаҳарда амалга оширилаётган ишлар юзасидан” маълумотлар сўраб йўллаган сўровларига ҳанузгача жавоб қайтарилмаган.
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан шу йилнинг 9 апрель санасида Каттақўрғон туман ҳокимига юборилган сўровга, Хонқа тумани Кенгаши депутати томонидан 18 май санасида Хонқа туман ҳокимига юборилган сўровлар ҳам жавобсиз қолмоқда. Бу каби мисолларни ўнлаб келтириш мумкин.
Аҳволни қандай изоҳлаш мумкин? Тўғри, барча айбни депутат сўровига ўз вақтида жавоб қайтармаган мутасадди ташкилотга ағдариш осонроқ. Лекин танганинг ҳам икки томони бўлганидек, ўрганишлар депутатлик сўровлари сифатини оширишни тақозо этаётганини ҳам кўрсатди. Минг афсуски, депутатлик сўрови предмети, юбориш субъекти, қўйиладиган масала долзарблигини белгилаш билан боғлиқ масалаларда барча депутатлар ҳам талаб даражасида фаолият кўрсата олмаяпти.
Яна бир муҳим масала. Депутатлик сўровини амалга ошириш жараёнида депутатлар, энг аввало, сўровни депутатнинг бошқа мурожаатлар билан ишлаш амалиётидан фарқлай олишлари керак. Шуни унутмаслик зарурки, ваколатли органга юборилган ҳар бир депутат мурожаати депутат сўрови каби ҳуқуқий мақомга эга эмас. Содда қилиб айтганда, депутатнинг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти мурожаатларни кўриб чиқиш борасида амалдаги қонун ҳужжатлари асосида тартибга солинса, депутат сўровининг мазмуни ва унга қўйилган талаблар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) кенгашлари депутатлари ва уларнинг мақомларига оид яхлит қонунлар асосида тартибга солинади. Минг афсуски, ҳалигача айрим депутатлар йўлланган ҳар қандай мурожаатни депутатлик сўрови сифатида тушунишмоқда. Буни айтиш оғир, аммо бор гап.
Айтиш жоизки, партия гуруҳи давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан партия гуруҳи сўровини юборишга ҳақлидир. Қонунлар, давлат дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, халқ депутатлари кенгашларининг қарорлари, маҳаллий аҳамиятга эга дастурларга киритилган вазифаларнинг ижроси, партия электорати ва сайловчиларни ўйлантираётган ижтимоий-маиший муаммолар сўровнинг предмети бўлиши мумкин. Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат ёки партия гуруҳи сўровига жавобни мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай юборадилар. Сўровга кўрсатилган муддатда жавоб берилмаган тақдирда бу борада вилоят, туман (шаҳар) прокуратурасига ариза билан мурожаат қилиш мумкин.
Ана шу мезонлардан келиб чиққан ҳолда, ўтган давр мобайнида депутатлик гуруҳлари ва алоҳида депутатларга сайловчилар томонидан 403 та мурожаат йўлланган. Шундан 375 таси ижобий ҳал этилиб, қолган масалалар юзасидан тегишли ташкилот ва идораларга сўровлар билан мурожаат этилиб, уларнинг жавоблари кутилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатдики, ҳисобот даврида ҳудудлардаги муҳим масалалар юзасидан муаммоларни ўрганиш ва улар юзасидан депутатлик сўровлари чиқариш бўйича Фарғона, Наманган, Қашқадарё вилоятларидаги депутатлик гуруҳлари ва депутатлари бошқа вилоят вакилларига нисбатан фаоллик кўрсатган бўлса, Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Андижон вилоятининг Жалақудуқ ва Хўжаобод туманлари, Сирдарёнинг Гулистон шаҳри, Сурхондарё вилоятининг Шеробод ва Узун туманлари депутатлик сўровлари юборишда сусткашликка йўл қўйган.
Жойларда қонунлар ижроси, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларининг бажарилиши юзасидан 612 марта ижро этувчи ташкилотлар раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари эшитувлари ташкил этилган бўлиб, бу борада Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Самарқанд, Фарғона вилоятлари бошқа вилоят кенгашларига нисбатан фаоллик кўрсатишди. Лекин шунга қарамасдан, айрим ҳудудларда хусусан, Тахтакўпир, Шаҳрисабз, Кармана, Сариосиё туманлари ҳамда Андижон ва Қарши шаҳарлари бу борада республика миқёсида паст кўрсатгични қайд этмоқда. Қоракўл, Зангиота, Оққўрғон туманлари ва Термиз шаҳрида чорак давомида бирорта ҳам эшитув ўтказилмагани ачинарли ҳол, албатта.
Ҳисобот даврида ташкил этилган эшитувларда асосан ҳудудлардаги молия бошқармалари томонидан 2017 йилда амалга оширилган ишларнинг ҳамда 2018 йилга мўлжалланган истиқболли бюджет параметрлари юзасидан бошқарма раҳбарларининг ҳисоботлари, ҳудудларни 2017 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиши якунлари ва 2018 йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари юзасидан туман (шаҳар) ҳокимлари ва ўринбосарларининг ҳисоботлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорининг ҳудудлардаги ижроси юзасидан ҳисоботлар, инвестиция бошқармаларининг 2017 йил давомида амалга оширган ҳамда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунлари ижроси каби мавзуларга алоҳида эътибор берилган.
Вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари сессияларига 2018 йилнинг 1 чораги давомида 187 та таклиф киритилган. Сессияларга киритилган таклифларнинг 16 таси вилоят, 171 таси эса туман (шаҳар) Кенгашидаги депутатлик гуруҳларимиз томонидан сессияларга киритилган масалалардир.
Афсуски, жойларда сессияга масала киритиш ва улар юзасидан қарор қабул қилинишига эришиш борасида жуда жиддий муаммолар бор. Бундан кўз юмолмаймиз. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида битта Жарқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳини ҳисобга олмаганда, қолган бирорта туманда сессияга масала киритилмаган. Вилоятдаги ушбу ҳолатни биринчи чорак давомида туман кенгашларининг сессиялари чақирилмагани билан боғлиқ дея баҳолаш мумкин. Лекин муаммонинг асл сабаби фақатгина бунда эмас. Ачинарлиси, айрим ҳудудий кенгашларда партия фаолларининг ишга муносабати ўзгармагани, ҳамон эскича қарашлар, принциплар асосида иш юритаётгани ана шу ҳолатни келиб чиқишига озми-кўпми замин ҳозирламоқда. Орамизда ўз вазифасига “Бу менинг ишим эмас, бу менинг ваколатимга кирмайди” каби тушунчалар билан ёндашаётган сафдошларимизнинг борлиги юқоридаги ҳолатларга олиб келмоқда. Айнан шу каби салбий ҳолатни Беруний, Пахтаобод, Пешку, Оқолтин, Фурқат, Боғот туманларида ҳам кузатиш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, бугун мамлакатимизда сиёсий партиялар, хусусан, O‘zLiDePнинг демократик ислоҳотлар жараёнида иштироки сезиларли даражада кучайиб бормоқда. Аммо шиддат билан ўзгараётган замон, тараққиётга ҳамоҳанг тарзда партиямиз фаолиятини янги босқичга кўтариш, янада ташаббускор ва фаол бўлиш, халққа тобора яқинлашишни талаб этаётир. Бунинг учун вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги депутатлик гуруҳларимиз кўпроқ ташаббус кўрсатиши, электоратга яқин бўлиши, замон билан ҳамқадам юриши, кўпчиликни ўйлантириб келаётган муаммоларни ҳал қилиш таклифлари билан чиқиши зарур. Ана шундагина бизга ишониб овоз бериб сайлаган сайловчилар ишончини оқлаймиз.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter