Дарахт ва буталар электрон платформага киритилди

Бугун пойтахтимиздаги «Интерконтиненталь» меҳмонхонасида Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан БМТ Европа Иқтисодий Комиссияси, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, «Замин» халқаро жамоат фонди билан ҳамкорликда «Шаҳарларда дарахтлар» глобал ташаббуси доирасида ташкил этилган «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси: шаҳарларда яшил ҳудудлар ва дарахтларни кўпайтириш» мавзусидаги халқаро илмий-амалий семинар ўтказилмоқда.
Тадбирда шаҳарларни кўкаламзорлаштиришдаги мавжуд муаммолар ва имкониятлар, Москвани яшиллаштириш тажрибаси, хамда БМТ Тараққиёт дастури томонидан тақдим этилган «Яшил Макон» лойиҳасини молиялаштириш таклифи, Нурсултон(Остона)нинг «Яшил камар»и ва Сингапур «Табиатдаги шаҳар» каби «Яшил ташаббуслар» асосидаги муҳокамалар кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Флоренция университети профессори Франческо Феррини 2050 йилгача шаҳарлар яшил концепциясини режалаштириш ҳақида фикрлари билан ўртоқлашаркан:
— Ҳар бир дарахтнинг жони бор, уларнинг ҳар бирини ўрганиш, ҳар бирини «эшитиш» бугун бизнинг асосий вазифамиз. Бутун дунёда экологик муаммолар қайнаб турган пайтда бизга фақат табиатдаги яшиллик ёрдам бера олади, деди. — Айтишим мумкинки, шаҳарларингизда игнабаргли дарахтлардан кўра, катта баргли дарахтларни кўпайтирсангиз мақсадга мувофиқ. Сабаб катта баргли дарахтлар сизнинг иқлимингизга мослиги ва кўпроқ кислород етказиб бера олиши билан аҳамиятли. Яшил макон яратаяпсизми шаҳар барпо қилиб кейин дарахт экиш керакмас, ёки шаҳар қуриш учун дарахтларни аёвсиз кесиш шартмас, балки дарахт, яшиллик кўп жойга шаҳарни олиб бориш лозим. Чунки битта дарахтни етиштириб уни табиатга қўшиш учун озмунча меҳнат сарфланмайди.
Тадбир доирасида хорижнинг тажрибаларини тадбиқ қилиш масаласи ҳам ўртага ташланди.
—«Яшил макон» ягона электрон платформаси ишга туширилди. Давлат экологик инспекторлари томонидан назорат мониторингини амалга оширишда бу илова орқали янги экилган дарахтларнинг маълумотларини жойида киритиш имкони яратилади. Экилган 64 млндан ортиқ дарахт ва буталарнинг 31 млндан ортиғи платформага киритилди. Энди бемалол экилган кўчатларнинг аҳволини, хавфини аниқлашимиз мумкин, — деди Давлат экология қўмитаси бошқарма бошлиғи Абдуқодир Содиқов.
Семинар 19 март куни Тошкент шаҳрида дарахт экиш тадбирлари билан амалий тарзда давом этади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter