Чиққан чиқинди уйдан нарими?

Шаҳримиз гўзаллиги ҳақида ҳар қанча гапирсак оз. Аммо мана шу гўзалликка путур етказилаётган бир жиҳат бор. Олти ой бўлдики, шаҳримиз маҳаллаларида чиқиндилардан кичик тоғлар бунёд бўлаётир. Ачинарлиси, бу хунук манзарага кўникиб, лоқайд бўлиб қолганимиз. «Бошқа ишим йўқми шу муаммо билан шуғуллангани, кимга керак бўлса ўша қайғураверсин, менга нима?» кайфиятига тушиб қолганга ўхшаймиз. Ахир, бу чиқиндиларни ташлаб кетаётган кимлар? Қўшнилар, болалар, ён-атрофимиздаги савдо дўконлари, маиший хизматлар билан шуғулланувчилар... Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин.
Агар сиз яшаётган кўп қаватли уйнинг шундоққина ёнгинасига чиқинди ташлаб кетишса, дилингиз хуфтон бўлармиди? Албатта. Буни ўзингизга нисбатан ҳурматсизлик, ҳаттоки ҳақорат деб қабул қиласиз. Афсуски, улар маънавий қадриятларимизни, миллий анъаналаримизни оёқ ости қилаётганликларига фаҳму фаросатлари етмайди. Акс ҳолда, «сенинг уйинг олдида чиқинди тураверса бўлаверади» қабилида иш тутишмасди. Ўзини ҳурмат қилган одам уйидан чиққан чиқиндини дуч келган жойга ирғитиб кетмасди. Хўш, бунга қандай барҳам бериш мумкин?
Биз, 30-Алишер Навоий маҳалласи раиси Мурувватхон Ҳайдарова билан суҳбатлашдик.
— Маҳалла тинчлиги, ободлиги учун югуриб-елиб, мижжа қоқмай чиққанларимга сира оғринмайман, бу – менинг вазифам, лекин, тан олиб айтай, чиқинди муаммоси бошоғриқ бўлди, – дейди суҳбатдошим куюниб. — Ахир чиқинди ташлаб қочарларни ўша онда ушлаб бўлмаса, қандай ҳам чора кўра оласиз. Икки фаол аёлимиз 5-6та кўп қаватли уйнинг ёнида эрта тонгдан оқшомгача «қоровул»лик қилиб, бирорта қоидабузарни қўлга туширолмади. Чиқинди уюмлари тун қоронғусида, тушлик пайтида пайдо бўлиб қолади. Наҳот бундай одамлар шаҳар тозалиги учун жон куйдираётган юзлаб заҳматкашларнинг меҳнатларини ўйлашмаса! Менимча, маҳалламизга кирадиган 11та йўлни тўрттага камайтириш, «Тоза ҳудуд» МЧЖ томонидан ҳудудимизнинг ўнтача жойига контейнерлар ўрнатиш билан муаммонни ҳийла енгиллатамиз.
— Илгари чиқиндини дуч келган жойга ташлаб кетишганини эслай олмайман, — қўшимча қилади маҳалла фаоли Абдувоҳид ота Эркабоев. — Қиш мавсумида шаҳар четидан келиб ижарага турувчилар кўпайиб кетади. Улар қонун-қоидаларимизни билишмайди, чоғимда. Чиқиндиларни қаерга ташлаш лозимлигини суриштириб ҳам ўтиришмайди. Асосий сабаб мана шунда.
— Бизнинг маҳалламизда ҳам илгари бунақа кўнгилхираликлар бўлганини эслай олмайман, — дейди «Гулзор» маҳалласида истиқомат қилувчи фахрий Фотима опа Отажонова. — Бир мисол. Вилоят болалар шифохонаси ёнгинамизда жойлашган. Бу ерга бошқа жойдан ҳам одамлар келишади. Азонда ҳамма жой супириб кетилса-да кечга томон ариқлар, дарахтлар таглари егулик елим халталари билан тўлиб-тошади. Умуман, бутун маҳаллада шу аҳвол. Вақтинчалик чиқиндихона эса мактаб орқасида, овлоқроқ жойда. Йўли қоронғу бўлгани учун боришга қўрқишар, эҳтимол. Аммо айримлар куппа-кундузи ҳам асло иккиланмасдан чиқинди тўла халтани дуч келган жойга ташлаб кетадилар. Уларга «Ҳой, нима қиляпсиз? Бу ҳуқуқбузарлик-ку! Жаримасини тўланг!» дейдиган одам йўқ.
Дарҳақиқат, вазиятни томоша қилиб, дош бериш мушкул. Ахир бу қачонгача давом этади? Муаммони ўрганиш жараёнида жуда кўплаб ташкилотлар раҳбарлари ва мутахассисларнинг бу масаладаги таклифлари билан қизиқдик. Улардан бири 30 йилдан буён «Экологик тоза Фарғона учун» ассоциациясини бошқариб келаётган Иброҳим Домуллажоновнинг мулоҳазаларига қулоқ тутинг: «Мен узоқ йиллик тажрибамдан шундай қарорга келганман – шаҳар озодалигига эришиш жуда-жуда қийин масала. Экологик онг, экологик маданиятни юксалтириш учун ҳали қаттиқ тер тўкишимиз керак. Биз шаҳардаги «Парвоз» ва «Шодлик» мактабларида ва Фарғона туманидаги Янбарақ ва Оқбилол маҳаллаларида тарғибот ишларини олиб борамиз. Мактаб ўқувчиларининг ёзги соғломлаштириш мавсумида фаолиятимиз қизийди. Оромгоҳлардаги экотадбирларимиз самараларидан мамнунмиз. Болалар тадбирларда фаол иштирок этадилар. Кичик-кичик таъсирчан мисоллар, видеолавҳалар, викториналар, кўргазмаларнинг ўзи уларда катта таассурот қолдиради. Барча мактабларда биология, география, миллий ғоя, табиатшунослик каби фанлар ўқитувчиларига ишни худди шундай ташкил этишларини маслаҳат берган бўлардим. Гапнинг лўндаси – экологик тозалик, мусаффолик учун энг яқин ҳамкорларимиз мактаб ўқувчилари! Улардан менинг умидим катта. Биз уларга зарур даражада экологик билимларни бера олсак бас, улар эса, ўз навбатида, ота-оналарига таъсир ўтказиши, эриш туюлса ҳам айтай: экологик жиҳатдан тарбиялаши мумкин. Шу усул, менинг назаримда, юз карра осонроқ кечади».
Олий ўқув юртлари ўқитувчи-олимлари ҳамда мактаблар педагоглари ҳам шунга яқин фикрларни билдиришди. Экология фанини киритиш керакми-йўқми, у неча соат бўлади, қандай дастур ишлаб чиқилади, буни вақт кўрсатади. Айни кунда энг муҳими бу экологик тарбия тўгараклари ишини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқдир. Қолаверса, экологик онгни шакллантиришни болалар боғчасидан бошлаган маъқул. Тўғри, бу борада баъзи ишлар амалга ошириляпти. Бироқ методлар шунчалар эскирганки, бугуннинг талабларига жавоб бермайди.
Чиндан ҳам бу борада ўқувчилардан мадад кутса бўлади. Вилоят халқ таълими бошқармаси рус тили фани методисти Барно Турсуналиеванинг хорижий тилларга ихтисослаштирилган 2-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Азиза Мирзаева билан «Шу улуғ Ватаннинг фарзандларимиз!», «Фарғона – бизнинг уйимиз! Уни тоза сақлаймиз!» шиори остида «Тоза шаҳар» лойиҳасини тузгани ғоят ибратли. Муаллифлар ўқувчилар билан бирга шаҳар кўчаларини, истироҳат боғларини кузатганлар, ҳамшаҳарларнинг тозалик, орасталикни сақлаш бўйича таклиф ва мулоҳазаларини йиққанлар. Улар турли қадоқланган егуликлар ва ширинликларнинг ўрамларини ариқларга, дарахтлар тагига ташлаб кетилаётганидан ғоятда таассуфда эканликларини билдириб, ҳатто чиқинди ташланадиган идиш чизмаларини тайёрлашган. Бундан ташқари, лойиҳада экология муаммолари бўйича маърифий-оқартув тадбирлари, флеш-боблар ташкил этиш, иншолар ва расмлар танловлари, викториналар ўтказиб, ғолибларини рағбатлантиришни ҳам кўзда тутганлар. Яна лойиҳада таъкидланадики: «Ҳар бир инсоннинг маданияти ўз вужудини, ўз уйини, ўз маҳалласини – ўз Ватанини тоза сақлашидан бошланади. Ҳар қандай давлат шаҳарларнинг ташқи кўринишига, озодалигига катта эътибор қаратади. Ривожланган мамлакатларда дуч келган жойга чиқинди ташлаб кетавериш бутун халққа, одамларга нисбатан таҳқирлаш, деб қабул қилинади. Ва айни вақтда улар қайсидир нобакор қолдириб кетган чиқиндини олиб қутига ташлашни ўзларига ор деб санамайдилар. Келинг, биз ҳам ўзимизда шундай хислатларни камолга етказайлик!...»
Мактабларнинг педагог жамоалари, ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октябрдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросига киришиб, мутасаддиларга намуна бўлсалар. Қарорнинг айрим ўринларига диққат қилсангиз ҳаммаси аён бўлади. Масалан, ҳар бир кўп қаватли уй подездига кириш йўлига биттадан, ташкилотлар, савдо объектлари биноларига кириш йўлига бир, иккитадан, чекиш учун ажратилган махсус жойларга бир, иккитадан, бозорлар, булварлар, маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонларга, корхоналар, автотураргоҳлар ва ҳоказо жойларга ҳам майдонлари катта-кичиклигига мос равишда қутилар ўрнатилади. Мазкур қарордан англайсизки, юртимизда ҳам энг ривожланган малакатлардаги тартиб ўзи-ўзидан юзага келади. Ҳадемай шундай қадрият шаклланадики, кўча-кўйларда белгиланмаган жойларда чиқинди ташлашдан, чекишдан уяладиган, ҳаё қиладиган бўладилар.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг 2018 йил 10 октябрдаги 495-қонуни билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга тузатишлар киритилди. Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 2019 йил 12 январдан бошлаб жарималар оширилди. Янги санкциялар жорий этилди. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли масканларини ободонлаштириш қоидаларини бузиш (юқорида номи тилга олинган Кодекснинг 161-моддаси), шунингдек, тозалик ва санитария тартибини таъминлаш қоидаларига риоя қилмаслик республикада ўрнатилган энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 5 бараваригача жарима белгилаб қўйилди.
Юракдан шундай нидо келади: Нега бу қарор ижроси билан ҳеч ким, ҳеч қайси ташкилот, корхона шуғулланмаяпти? Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, янги ташкил этилган бўлимлар ва бўлинмалар, «Тоза ҳудуд» ДУК, 10та санитар-сервис маркази, маҳаллалар ва ширкатларнинг раҳбарлари, профилактика инспекторлари... улар шунчалар кўпки, санасангиз бармоғингиз етмайди, бироқ ҳамкорликдан, амалий ишдан ҳеч дарак йўқ. Худдики бу учинчи-тўртинчи масаладек. Баъзи муттасаддиларимиз ҳатто қарор ҳақида тушунчага ҳам эга эмасликларига нима дейсиз? Додингизни кимга айтасиз агар улар ҳуқубузарга жарима суммаси ўзгарганидан ҳам бехабар бўлсалар!? Қачон маҳаллаларнинг масъул комиссиялари экологик маданият масаласида иш олиб борадилар? Ва ниҳоят, қачон ҳуқуқбузарларга жарима қўлланила бошланади?
Хулоса: орзулаймизки, экологик маданиятли ёш авлод саъй-ҳаракатлари билан бу муаммо тез орада барҳам топади.
Ҳафиза Саляҳова,
«Хаbаr»нинг Фарғона вилоятидаги мухбири
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter