Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бухорода тилла кукуни бор тош ва қумларни қайта ишлайдиган яширин цех аниқланди

Бухорода тилла кукуни бор тош ва қумларни қайта ишлайдиган яширин цех аниқланди

Фото: «Xabar.uz»

Бухорода таркибида тилла кукуни бўлган тош ва қумдан тилла заррачаларини ажратиб олиб, уни қайта ишлаб, олтин ҳолатига келтиришга мўлжалланган яширин корхоналар фаолият юритаётгани аниқланди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Жалолов хабар бермоқда.

Таъкидланишича, «Бухоро худудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг Шофиркон туман бўлими ходимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш бўйича тадбир ўтказилган. Тадбир давомида туманнинг «Назаробод» қишлоғида яшовчи, 1992 йилда туғилган И.У. хонадонида ҳаддан зиёд электр энергиясидан фойдаланилаётгани аниқланган. Биргина оилада бунча катта қувватли электр энергиясининг сарфланиб келинаётгани ва тўловларнинг амалга оширилмаётгани шубҳага солган. Тадбирга ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳам жалб қилинган.

Ўрганув давомида И.У. ўзининг яшаш хонадонида яширин цех ташкил этиб, тегишли шартномалар тузилишини таъминламасдан, таркибида тилла зарралари бор тошларни майдалашга ҳамда кукунни тозалашга мўлжалланган, 18,5 кВт қувватга эга бўлган ускунани электр тармоғига ноқонуний улаб, фойдаланиб келаётганлиги аниқланган.

«Ўзэнергоинспекция» Бухоро ҳудудий бўлими мутахассисларининг берган хулосасига кўра, ушбу фуқаро томонидан умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб келган. У 383,62 кВт/соат электр энергиясидан ноқонуний тарзда фойдаланиб келгани натижасида давлат манфаатларига 130.838.400 сўмлик зарар етказган.

Маълумот ўрнида: «Навоий тоғ-кон металлургия» комбинати таркибида тилла кукуни бўлган катта миқдордаги бундай қум уюми ва тошларни Зарафшон чўл тизмасининг белгиланган ҳудудида тўплаб боради. Бу қум ва тошлар тоғи келажакда таркибидан тилла ажратиб олиш ва яна қайта ишлов беришга мўлжалланган.

Бундан бир неча йил илгари Шофиркон туманидаги Назаробод, Қайроғоч, Боғишамол ва Паттахон МФЙда яшовчи 30 нафардан ортиқ фуқаро шундай қум ва тошларни айланма йўллар орқали ташигани, улар узоқ вақтдан буён қум таркибидан тилла заррачаларини ажратиб олиб, уни қуйма олтин ҳолатига келтиришга мўлжалланган яширин цехлардан фойдаланиб келишгани фош этилган эди.

Юқорида аниқланган ҳолат юзасидан эса «тадбиркор»га тегишли бўлган барча жиҳозлар тегишли тартибда ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб олинган.

Аниқланган ҳолатлар бўйича Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 165-моддаси бўйича 30 нафар фуқарога нисбатан қонунда белгиланган жазо чоралари қўлланилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 185 /2-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг