Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шаҳноза Соатова: «Бу кун байрам қилинса арзийди»

Шаҳноза Соатова: «Бу кун байрам қилинса арзийди»

Тантанали тадбир бўлди. Ҳайкаллар пойига гул қўйишдан кейин Президентнинг табриги ва бошқа нутқлар эшитилди. Табрикда мени умидлантирган бир қанча муждалар айтилди. Масалан, давлат тили борасида айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги лойиҳалар қонунчилик палатасига киритилди, деган гаплар. Хайрлиси бўлсин!

Тадбирда адабиётшунос олим Баҳодир Каримовни учратиб қолдим. Домла: «Бу байрам мен учун, Салим учун (Салим Ашурни кўрсатиб), Рустам учун (Рустам Мусурмонга ишора қилиб) – биз учун барибир бошқача. Биз бу байрамга эришиш учун кўп ҳаракат қилганмиз, Давлат тили ҳақидаги қонун қабул қилинишини қаттиқ истаганмиз», деди.

Мен ҳам хаёлан 1988-89 йилларга қайтдим. 11-12 ёшларимда телевидениеда, радиода ҳар куни «ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш» деган жумлани кўп эшитар эдим. Ҳамма ёқда шу гап, ҳамма «тил» дейди. Мен ҳам тақлид ва жўравозликда тил дея бошладим: мактабда эркин мавзуда тил ҳақида иншолар ёздим, ўзимча шеър ҳам ёзмоқчи бўлдим (ўхшамади), тарих, адабиёт дарсларида «ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш нима дегани?» деб ўқитувчиларимни ноқулай аҳволга солдим (ҳали бу мавзуларни мактаб дарсларида қандай гапириш кераклиги ўқитувчиларга уқтирилмаган бўлса керак). Хуллас, жажжи тақлидчи тил фидойисига айландим. Ҳозир эсласам кулгим келади: муштдек қиз, ҳеч нимани тушунмай «байроқ кўтариб югурганимга».

Аммо айрим ғоялар аввал тилда айланиб, кейин дилга тушиши ҳам бор экан. Шу воқеалар сабаб мактабда математкани яхши ўқийдиган, математика ўқитувчисининг энг севимли ўқувчиси бўлган Шаҳноза Соатова газет-журнал титадиган, ТВ кўриб, радио эшитадиган, фаол тилчига айланди-қолди. Газета-журнал кўп ўқишим ўшанда ижтимоий онгимни ўстириши билан бирга, ўзбек тилини амалда қўллаш кўникмаларимни ҳам шакллантирди. Шунда мен ҳаётимнинг асосий танловини қилдим: филолог бўламан дедим. Яъни мен ҳозир турган жойга етиб келишимда ўша тарихий 1989 йил воқеалари катта рол ўйнаган, «Давлат тили ҳақидаги қонун»нинг тақдиримдаги ўрни шундай бўлган эди.

Мен шу воқеаларни содир этганлари, тил ҳимояси учун ҳақиқатда жон куйдириб, Қонуннинг қабул қилинишига эришганлари учун оталарга, акаларга раҳмат дейман. Бу ҳақиқий маънавий инқилоб, мустақиллигимиз сари қўйилган энг дадил қадам эди. Бу кун шунинг учун ҳам байрам қилинса арзийди.

Байрам муборак бўлсин, азизлар!

Шаҳноза Соатова

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг