Бош прокурор ўринбосари ўтказган йиғилишга Козим Тўлаганов келди
Куни кеча Бош прокурор ўринбосари Акмалхўжа Мавлонов раислигида бўлиб ўтган йиғилишда Қурилиш вазири муовини Козим Тўлаганов ҳам иштирок этди. Бу мутлақо табиий. Чунки, йиғилишда «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва бошқа дастурлар ижросини самарали ташкил этишга оид масалалар муҳокама этилдики, бундай машваратда қурилиш ишларига масъул орган мутасаддиларидан бири иштирок этиши ўз-ўзи равшан.
Маълумки, жорий йилнинг 24 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва бошқа дастурлар ижросини самарали ташкил этиш, ажратилган маблағлардан оқилона ва мақсадли фойдаланишни таъминлаш, эҳтимоли юқори бўлган талон-торожликларнинг олдини олиш бўйича аниқ топшириқлар берди.
2021 йилда «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» ва бошқа дастурлар доирасида 206 та туман ва шаҳарларнинг 8 мингга яқин қишлоқ ва маҳаллаларида аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида 21 трлн. сўм маблағ ажратилмоқда.
Ажратилаётган пул маблағларини манзилли ва самарали ишлатилишини таъминлаш, талон-торожликларни олдини олиш мақсадида Қўшма фармойиш билан Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида республика Штаби, вилоят ва туман - шаҳарларда прокурорлар раҳбарлигида алоҳида Ишчи гуруҳлар ташкил этилди.
Йиғилишда белгиланган вазифаларни тўғри ташкил этиш, барча вазирлик ва идоралар бир бўлиб, ҳар бир объект бўйича тизимли назоратни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.Қайд қилинишича, ҳар бир объектга қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг боришини кунлик ўрганиш учун прокуратура ва департамент ходимлари бириктирилди.
Ҳудудий ишчи гуруҳлар фаолиятини тўғри ташкил этиш ва назорат қилиш учун ҳар бир вилоятга Бош прокуратура бошқарма бошлиқлари жалб этилди.
Бириктирилган барча масъуллар ҳар бир лойиҳа бўйича ер ажратилишидан тортиб, то объект фойдаланишга топширилгунга қадар барча жараёнда шахсан иштирок этади ва кунлик назоратни ўрнатиб, қурилишларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, бюджет пулини манзилли ишлатилишини таъминлайди.
Қурилишнинг барча босқичларини онлайн кузатиб бориш мақсадида Бош прокуратурада дастурлар ижроси юзасидан онлайн мониторинг қилиш имконини берувчи электрон дастурий таъминот яратилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter