Бекобод шаҳри ҳокими ишдан бўшаётганини эълон қилди
Тошкент вилояти Бекобод шаҳри ҳокими Зафар Файзуллаев бугун, 12 май куни ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали ишдан бўшаётганини эълон қилган ва аҳоли билан хайрлашган.
«Ҳурматли ҳамшаҳарлар, дўстлар. Бугун мени Бекобод шаҳар ҳокими сифатида ваколатим якунига етди.
Бу буюк шаҳарга раҳбар этиб тайинлаганлари учун ҳурматли Президентимиз Шавкат Миромоновичга чексиз ҳурматимни ва миннатдорлигимни билдираман. Шу 5 йил давомида ҳурматли Президентимиз доим ўз меҳрларини Бекобод шаҳрига ва унинг меҳнаткаш аҳолисига билдириб келдилар. Қилинган ишларни санаб чиқсак, қоғозлар том-том бўлиб кетади.
Мен барча бекободликларга ҳурматимни билдириб, уларнинг ҳаётларида омад ва саодат тилайман.
Мен ҳам қўлимдан келганча сизлар билан ишлаб, яшаб, шу ернинг сувини ичиб, ҳавосидан нафас олиб, тузини еб, фаолият кўрсатдим. Барчангизга сиҳат-саломатлик, омад тилайман. Йўл қўйилган камчиликларим учун сизлардан узр сўрайман. Хайр!», деб ёзган ҳоким.
Ҳоким пости остидаги изоҳларда фойдаланувчилар омад тилаган бўлса, айримлари лавозимдан кетаётганига афсус қилишган.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ангрен шаҳри ҳокими бевақт ҳаётдан кўз юмганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter