Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Андижон. МИБга савол: эътиборсизликми ёки «ўч олиш»?

Андижон. МИБга савол: эътиборсизликми ёки «ўч олиш»?

Фото: Архив

Кеча «Андижоннома» газетаси таҳририятининг бир кунлик иш вақти ҳавога совурилди. Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Андижон шаҳар бўлими инспектори таҳририятни электр тармоғидан узиб кетди! «Қарздорлик мавжуд» деган асос билан.

МИБ ходими таҳририятга 26 октябрь куни (санаси бор, аммо рақами йўқ) талабнома юборганди. Анчайин саводсизлик билан ёзилган талабномани (мазкур ҳужжат хатолари тузатилиб, кейинроқ, 30 октябрь куни янгидан ташлаб кетилган) кўриб, ҳайрон бўлингандики, бу ерда тушунмовчилик бор-ов, майли, келсин, ҳолатга аниқлик киритиш қочмас.

Кеча, 4 ноябрь — иш куни бошланай-бошланай деганда МИБ ходими келди. Ва дарҳол далолатнома ёзиб, таҳририятни тармоқдан узишга шошилдики, «ҳай-ҳай» деган гапга қулоқ солса, қани?! Турган гап, таҳририят вакили далолатномага имзо чекишдан бош тортди: аввал тўловларни солиштирайлик?!

Йўқ, инспектор МФЙ раисини гувоҳ тариқасида далолатномага имзо чектирди-ю (дарвоқе, оқсоқол таҳририят биносига кириб, ҳисоблагични ўз кўзи билан кўрмагани, имзони ташқарида қўйиб бергани айтилмоқда) таҳририятни шартта тармоқдан узди: «Нима гап бўлса, кейин гаплашамиз»!

Caption

Шу тариқа таҳририятда ишлар тақа-тақ тўхтади.

...Қисқаси, кузакнинг илк совуқ куни шундай ёқимсизлик билан бошланди ва... кечгача (!) давом этди. Ниҳоят, иш вақти якунланиши арафасида маълум бўлдики, «Андижоннома» (истеъмолчи)нинг электр энергиясидан қарздорлиги йўқ. Аксинча, 1 ноябрь ҳолатига 1 млн. 206 минг ҳақдор бўлиб чиқди.

Унда муаммо нимада?

Гап шундаки, таҳририятнинг бир ойлик электр истеъмоли харажати 2 млн. 250 минг сўмни ташкил этади. Ва бу маблағ олдиндан ўтказилиши керак. Инспектор эса шу пулдан (2 млн. 250 минг) юқорида қайд этилган суммани (1 млн. 206 минг) айирганда, ҳосил бўлган миқдорни қарз сифатида зарб этаверган чоғи?.. Бироқ МИБчилар кейинроқ берган оғзаки изоҳи шу бўлдики: «ўтказган пулинглар бу ёқда (базада) кўринмади...».

Нима бўлганидан қатъи назар, бир нарса аниқ: 1 ноябрь ҳолатига таҳририятнинг қарздорлиги йўқ. Камида 15 иш кунига етадиган пул аввалдан ўтказиб қўйилган. Шу вақт оралиғида қолган суммани ўтказишда ҳам муаммо йўқ.

Шундай экан, МИБ инспекторининг салла ўрнига калла олишининг боиси не? Бу шунчаки эътиборсизлик ёки ўзбошимчаликми ёхуд «ўч олиш»нинг белгиси?

«Ўч олиш»? Бу нима дегани дерсиз? Эшитинг: ўн беш кунлар аввал «Андижоннома»да «МИБнинг ҳокимликларга «тиши ўтмайдими»? сарлавҳали мақола чоп этилганди. Мазкур мақола аввалроқ «Xabar.uz»да ҳам эълон қилинган бўлиб, унда МИБ Андижон вилояти бошқармасининг тўққиз ойлик фаолиятига бағишланган тадбир тафсилоти қаламга олинганди. Матндаги бироз нордон жумлалар муаллифнинг фантазияси маҳсули эмас, балки анжуманда айтилган гапларнинг бир шингили эдики, айни шу нарса тизимнинг маҳаллий ходимларига тегиброқ кетиб, «Андижоннома»нинг бурнига чертиб қўйилдимикан?! (Умуман, мақола сидирғасига танқид бўлганда нима?)

Вазиятни бўрттирворяпмизми? Қайдам. Бироқ бўлиб воқеликда (айлансак ҳам, ўргилсак ҳам) айни мантиқ устунлик қиляпти-да.

Ишқилиб, янглишаётган бўлайлик.

Дарвоқе, кеча фақат «Андижоннома» ходимларининг бир кунлик иш вақти исроф бўлгани йўқ. Таҳририят биносида Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг вилоят бошқармаси, Журналистлар ижодий уюшмаси, ҳатто Андижон шаҳар сайлов комиссияси ҳам жойлашган. Кутилмаган «неъмат»дан улар ҳам бебаҳра қолишмади...

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг