Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади — Президент қарори

Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади — Президент қарори

Президентнинг тегишли қарорига (ПҚ-4865, 19.10.2020й) кўра, 2021 йилда буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги кенг нишонланади.

Қарорга кўра:

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини мамлакатимиз ва халқаро миқёсда кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ташкил этилади;

Алишер Навоийнинг ижодий меросини чуқур ўрганиш ва оммалаштиришга улкан ҳисса қўшган мамлакатимиз ва хорижий давлатлар фуқароларини ҳамда илмий-ижодий муассасаларини тақдирлаш мақсадида Алишер Навоий ордени таъсис этилади;

хорижий давлатларда сақланаётган Алишер Навоий қаламига мансуб ва у яшаган даврга оид қўлёзмаларнинг факсимиле нусхаларини мамлакатимизга олиб келиш чоралари кўрилади;

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодий меросини тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқот ишларига давлат буюртмаси талабларига мувофиқ илмий лойиҳалар танлови эълон қилинади;

2021 йил охирига қадар Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Алишер Навоий асарлари ҳамда навоийшунослик фани бўйича амалга оширилган илмий тадқиқотларнинг электрон платформаси яратилади;

2021 йилда Тошкент шаҳрида Алишер Навоий номидаги ижод мактаби ташкил этилади;

2021 йил ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида Навоий шаҳрида «Алишер Навоий ижодий меросининг башарият маънавий-маърифий тараққиётидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг