8 мингдан ортиқ тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланди

Бош прокуратуранинг тадбиркорлик ва инвестицияларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 15 февралдаги «Прокуратура органларининг қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлашдаги фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони билан ташкил этилган эди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида тадбиркорлик субъектларидан келиб тушган 2462 та мурожаат ҳал этилиб, шундан 1073 таси қаноатлантирилган.
Ўтказилган назорат тадбирлари ва текширишлар натижасига кўра 8.109 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. Ноқонуний қарорларни бекор қилиш ва қонунчиликка мувофиқлаштириш юзасидан 377 та протест, қонунбузилиш ҳолатлари келиб чиқишига сабаб бўлаётган омилларни бартараф этиш юзасидан 111 та тақдимнома, судларга тадбиркорлик субъектлари манфаатида 1 млрд. 392 млн. сўмлик 129 та даъво аризалари киритилган.
Қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 101 нафар мансабдор шахс интизомий, 103 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган, аниқланган қўпол қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 62 та жиноят иши қўзғатилган.
Масалан, «Ермулккадастр» давлат корхонаси Олтинкўл туман филиали раҳбари Х.Т. ЯТТ Х.А.дан бино ва иншоотлари жойлашган ер майдонини расмийлаштириб бериш эвазига пора талаб қилиб, 500 АҚШ долларини хизмат хонасида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ёки Қўқон шаҳар ДСИ ходимлари «OQJAR PORLOQ KELAJAGI» МЧЖнинг фаолиятини текшириш учун асос ҳужжатларни сохталаштирган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган.
Тадбиркорлик субъектларининг муаммоларини ўрганиш ва уларга амалий ёрдам бериш борасида кўрилган чоралар натижасида 6.950 нафар тадбиркорлик субъектига амалий ёрдам берилган, шу жумладан, 1.340 нафарига кредит, 531 нафарига ер майдони, 77 нафарига бино ажратилишида, 743 нафарига муҳандислик коммуникация тизимларига уланишда, 318 нафарига лицензия (рухсатнома)лар берилишида ҳамда 3.941 нафарига бошқа масалаларда ёрдам кўрсатилган.
Жумладан, прокуратура аралашуви билан «Мега юнион бизнес» МЧЖга АТ «Ипотека банк» Сурхондарё филиали томонидан 4 млрд. сўм кредит маблағи ажратилиши таъминланди.
Хусусан, Ишчи гуруҳ ҳамда вилоят ҳокимлари ва прокурорларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигидаги вилоят ишчи гуруҳлари, ўз навбатида туманлар ишчи гуруҳлари томонидан республикадаги 2100 дан ортиқ экспорт билан шуғулланувчи корхоналар рўйхати шакллантирилиб, мазкур корхоналар раҳбарларининг ҳар бири билан юзма-юз учрашилди.
Бундан ташқари, белгиланган экспорт прогнозлари бажарилиши таҳлилини юритиш учун алоҳида (impex.prokuratura.uz) сайт ташкил этилган, эндиликда барча экспорт маҳсулотларнинг кўрсаткичларини доимий мониторинг қилиб бориш имконияти мавжуд.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter