Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Яшил энергиядан дезинформацияга қарши курашга қадар. АҚШ Марказий Осиёга қўшимча сармоя киритмоқда

Яшил энергиядан дезинформацияга қарши курашга қадар. АҚШ Марказий Осиёга қўшимча сармоя киритмоқда

АҚШ Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик чуқурлашаётгани тасдиғи сифатида минтақага 14,3 миллион доллар қўшимча ёрдам ажратади. Бу ҳақда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) администратори Саманта Пауэр 24 октябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон вакиллари иштирокидаги C5+1 минтақавий вазирлар йиғилишида маълум қилган.

Машварат якунида қабул қилинган қўшма баёнотда АҚШ ва минтақа давлатлари савдо-сармоявий робиталарни кучайтириш, экспорт-импорт бозорларини диверсификация қилиш, яшил энергия тараққиётини рағбатлантириш, энергия самарадорлиги ва инклюзив, барқарор иқтисодий ривожланишга содиқлигини таъкидлаган. Иштирокчилар, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, жумладан, аёллар, болалар ва имконияти чекланганлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муҳимлигини тасдиқлаган.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра,  USAID Марказий Осиёда савдони кенгайтириш ва хусусий секторни мустаҳкамлаш бўйича аввал амалга оширилган ишларга таяниб, 100 тагача микро, кичик ва ўрта корхоналарга грантлар тақдим этади. 10,8 миллион долларлик лойиҳалар АКТ, яшил иқтисодиёт каби муҳим секторлардаги стартапларни қўллаб-қувватлаш, иш ўрни яратиш, аёллар, ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини дастаклашга хизмат қилади.

10 йилдан ортиқ вақт давомида Марказий Осиё бўйлаб қайта тикланадиган энергияга ўтишни қўллаб-қувватлаб келаётган USAID қўшимча 2 миллион долларлик сармоя орқали қайта тикланувчи энергияни кенгайтириш билан боғлиқ лойиҳаларни молиялаштиради. Янги сармоя шаффоф бизнес амалиётларини жорий этиш, минтақада АҚШ компаниялари инновацияларини кўпайтириш ҳамда минтақада кучли тижорий интеграцияга йўл очиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда йўлга қўйиладиган қиймати 1,5 миллион долларга тенг бўлган яна бир минтақавий дастур онлайн платформа ва оммавий ахборот воситаларида ахборот сифатини яхшилаш ҳамда дезинформацияга қарши курашишга қаратилган.

Таъкидланишича, USAID Марказий Осиё давлатлари ўртасида божхона тизимини модернизация қилиш бўйича чора-тадбирларни ҳам қўллаб-қувватлайди. Бу эса трансчегаравий савдони кенгайтириб қолмай, Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликнинг асосий жиҳатларини ҳам ифодалайди.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ Ўзбекистонга сил хасталиги, эпидемия ва пандемия таҳдидларига қарши кураш, бизнес ва хусусий секторни мустаҳкамлаш, самарали маҳаллий бошқарув каби йўналишлар учун 14,2 миллион доллар маблағ ажратмоқда.

USAID администратори С.Пауэрнинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида таълим соҳасида 4,5 миллион долларлик янги ташаббус ҳам эълон қилинган.

 

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг