Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Сизни бойлик томон етакловчи ўнта одат

Сизни бойлик томон етакловчи ўнта одат

Бизнесни юритиш, бой-бадавлат бўлиш учун фойдали шартномалар тузишни билиш камлик қилади. Бу борада пулларга тўласинча муносабатда бўлиш жуда муҳим. «Сизнинг миллионер қўшнингиз» китоби муаллифлари Томас Ж.Стэнли ва Уильям Д.Данко худди шундай деб хулоса қилишган. Улар шахсий молиявий аҳволни инсон феъл-атворига боғлашди.

Аксарият миллионерлар аслида тежамкор. Пулларини шунчаки беҳуда сарфлайдиган бой одамларни эслаб кўринг-чи! Масалан, Уоррен Баффет ҳеч қачон бундай иш тутмайди.

Бойларнинг феълидаги 10 та ўзига хос хусусият билан танишинг:

  1. Сабр-тоқат.

Пул жамғармалари ҳақида гап кетганда энг муҳим ҳисобланувчи сифат. У кутишни билишни ифодалайди. Янги маҳсулот пайдо бўлганидан кейинги шов-шувларнинг тинишини кутиш. Янги машина харид қилишни бир неча йилга орқага суриш ҳам бўлиши мумкин.

Кредит олиш ўрнига ўзингиз бир қарорга келиб, хоҳлаган нарсани харид қилиш учун маълум фурсатни охиригача кутсангиз, асло зарар кўрмайсиз.

Сабр-тоқатни пул жамғармаси ва қарздорлик ўртасидаги тафовут сифатида ҳам кўриш мумкин. Шартнома учун қулай вақтни кутиш маҳорати молиявий омад калити ҳисобланади.

  1. Қаноат.

Агар сиз ҳаётдан тўлақонли лаззат олсангиз, ортиқча буюмлар учун пул сарфлашингизга ҳожат қолмайди. Рекламанинг ягона вазифаси – ташқи кўриниши билан «мафтункор» бўлган у ёки бу маҳсулотнинг бизни бахтиёр, бой-бадавлат қила олишига ишонтиришидир. Натижада шундоқ ҳам сокин, фаровон ҳаётимизда ўзгаришлар қилмоқчи бўламиз.

Одамлар рекламада акс этган шод-хуррамликни ўзларида синашни хоҳлаганлари учун ҳам пул сарфлайдилар. Ўзингизда борига кўнглингиз тўлса, ҳаётдан қониқиш ҳис қилсангиз ва ўта тўкис яшашга интилмасангиз, сизнинг молия, сармояларингиз ўзини сезиларли тарзда ажойиб ҳис қила бошлайди.

  1. Ташкилотчилик.

Агар сиз ташкилотчилик йўлидан борсангиз, маҳсулдорликка эришасиз ва ҳар қандай масалани ҳал қила оласиз. Яъни, тўловларни кечиктирмайсиз, у ёки бу буюмни иккитадан харид қилмайсиз. Молиявий ишларга доир барча масалаларни эса хотирангизда сақлайсиз ва қисқа фурсат ичида талай юмушларни амалга оширишга улгурасиз. Бу эса сизнинг молиявий ҳаётингизда ёқимли тарзда ўз аксини топади.

  1. Интизом.

Шахсий пуллар – тез бойишнинг йўли эмас, балки ҳаётий режаларга тартибли амал қилишдир. Шунинг учун узоқ муддатли харидлар учун ҳар ойда ғоят даражада аниқлик билан пул жамғаришда сиздан тартиб-интизом талаб қилинади.

  1. Руҳий ҳолат ҳақида ўйлаш қобилияти.

Молиявий масалаларга алоқадор қарорга четдан қараш ва натижасига баҳо бериш ниҳоятда муҳим. Сиз ўзгалардек хато қила бошлайсиз. Муҳими, шу каби ёки доимий дуч келадиган бир хил хатолардан хулоса чиқариб, бошқа такрорламасликдир.

  1. Ижодкорлик.

Воқеаларнинг фавқулодда ривож топиши синчиклаб ўйлаб тузилган молиявий режаларни чиппакка чиқариши мумкин. Бундай пайтда масалага ижодий ёндашиб, янги ҳолатларни тузатишга тўғри келади.

Ижодкорлик, масалан, сизга у ёки бу маҳсулотни харид қилиш учун пул бўлмаган тақдирда эски буюмнинг яроқлилик муддатини чўзишни тавсия қилади. Шу тарзда «енгил устомонлик» йўли билан қарздор бўлишдан қутулиб қоласиз.

  1. Қизиқувчанлик.

Қизиқувчанлик сизни ўқишга, ўз-ўзини камолга етказиш билан боғлиқ янги-янги билимларни эгаллашга мажбур қилади. Ҳаётингиз турли ўсиш-ўзгаришларга бой бўлади. Энг муҳими, кундалик бир хилликдан, зерикарли, биқиқ ҳаётдан қутуласиз.

  1. Таваккалчиликка тайёргарлик.

Молиявий мавқени эгаллаш учун таваккалчилик, таҳлика, хавф-хатарни қўрқмасдан кутиб олишга тайёр туриш керак. Сиз барча йўлларни ўйлаб қўйишингиз ва хавф туғилганда онгли равишда уларни ўз вақтида ўринли тарзда қўллашингиз лозим.

Масалан, биржадаги ўйин таваккалчиликка мойил, аммо маблағ ақл билан ишлатилса, келажакда бу фаолият ўз меваларини бера бошлайди. Молиявий хавф-хатардан қочадиганлар эса пулларини банк депозитларида сақлаб, пул қадрсизланишидан зарар кўришлари мумкин.

  1. Собитқадамлик.

Ўз олдига мақсад қўйиш ва унга сари юриш – ниҳоятда муҳим хислат. Акс ҳолда – қаёққа кетаётганини билмаган одамнинг охирги нуқтага етиши қийин. Ўз олдингизга аниқ, пишиқ-пухта молиявий мақсад қўйинг. Ана шунда уни забт этишнинг қудратли асоси вужудга келган бўлади. Аниқ мақсади йўқ одам хоҳиш-истаклари сари йўл харитасига эга бўлмаган кишини эслатади.

  1. Меҳнатсеварлик ва зеҳни ўткирлик

Оғир меҳнатсиз молиявий фаровонликка эришиш ва қарзга ботмаслик камдан-кам одамга насиб этади. Аксарият одамлар, лотореядан пул ютиш барча молиявий муаммоларни ҳал этади, деб умид қилишларт сир эмас. Бироқ молиявий эркинликка эришишнинг муҳаққақ йўли – кўп ишлаш, касбий маҳоратни ошириб боришдир.

Эҳтимол, сиз юқорида қайд этилган хислатларга эга эмасдирсиз? Бу тушкунликка сабаб бўла олмайди. Феъл-атворингиздаги бой-бадавлат одамларга хос етишмаётган хислатларни ўзингиздаги мавжуд билимлар даражасини қайта ишлаган, ўстирган ҳолда ривожлантиришингиз мумкин.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг