Сирдарёда йил бошидан буён 43 та тадбиркорнинг ҳуқуқлари тикланди
Йил бошидан буён Сирдарё вилоятида жами 43 та тадбиркорлик субъектларининг турли кўринишдаги ҳуқуқлари тикланди. Жумладан, 5 та ҳолатда 479,1 гектар ноқонуний олиб қўйилган ер майдонлари қайтарилди, 19 та ҳолатда тадбиркорлик фаолиятига ноқонуний аралашиш юзасидан чоралар кўрилди, 130 та ҳолатда 79,3 млрд.сўмлик тегишли имтиёзларни қўлланилиши таъминланди.
Масалан, Сайхунобод тумани ҳокимининг тегишли қарорлари билан «Исоқ ота Жасур», «Миржамолбой уруғчи» ва «Садулла-Сайидбек» фермер хўжаликларининг туман ҳокимлиги захирасига олинган жами 277,1 га ер майдонлари суд қарорлари асосида қайтарилди.
Шунингдек, жорий йилда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Соғлиқни сақлаш, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш, Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда вилоят давлат божхона бошқармаларида ўрганишлар ўтказилиб, тегишли тақдимномалар киритилди.
Умуман олганда, йил бошидан буён аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари бўйича 14 та назорат органига тақдимнома киритилиб, 2 нафар ходимга интизомий жазо чораси қўлланилиб, 2 нафар ҳодим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган бўлса, назорат органларининг 28 нафар мансабдор шахсига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомалари расмийлаштирилиб, кўриб чиқиш учун судларга киритилди.
Бундан ташқари, ёшлар бандлигини таъминлаш бўйича маҳаллий ҳокимликлар, Савдо-саноат палатаси, Бандлик бош бошқармаси ва бошқа мутасадди идоралар билан ҳамкорликда «Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор» тамойили асосида меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, бугунги кунга қадар вилоятнинг 6 та туманида ўтказилган ярмаркаларда 220 дан ортиқ ёшларнинг бандлиги таъминланди ҳамда бу тадбирлар ҳали давом этмоқда.
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятида юқорида таъкидланганидек ҳали анчагина муаммолар, ечилилиши зарур бўлган масалалар мавжуд бўлиб, бу борада ишларни кучайтириш талаб этилади.
Бизнес-омбудсман девони
Сирдарё вилояти ходимлари
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter