Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Шавкат Мирзиёев Бекобод металлургия комбинатига борди (фото)

Шавкат Мирзиёев Бекобод металлургия комбинатига борди (фото)

Фото: Президент матбуот хизмати.

Президент Шавкат Мирзиёев аҳоли ҳаёти ва саноат лойиҳалари билан танишиш мақсадида 12 август куни Бекобод шаҳрига келди.

Бу ернинг иқтисодий-ижтимоий ривожида Ўзбекистон металлургия комбинатининг ўрни катта. Унинг таркибида ўнлаб корхоналар, ижтимоий муассасалар бор. Комбинатда 11 минг киши ишлайди.

Шу боис унинг фаолиятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Сўнгги йилларда қатор инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, янги цехлар ишга туширилди, борлари модернизация қилинди.

Улардан бири - навли прокат мажмуаси. Қарийб 5 миллион долларлик лойиҳа эвазига бу ерга хориждан термо-мустаҳкамлаш линияси келтирилиб, жорий йил февралда ишга туширилди. Бу орқали йилига 500 минг тонна A500-A800 маркали арматура ишлаб чиқариш қуввати яратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

Давлатимиз раҳбари комбинатга ташрифи чоғида ушбу мажмуани кириб кўрди, лойиҳанинг иқтисодий самарадорлиги билан қизиқди.

Аввало, термо-мустаҳкамлаш жараёнида кимёвий моддалар тежалгани ҳисобига арматура таннархи камайган. Йилига 300 миллион долларлик импорт ўрнини тўлдириш ҳисоб-китоб қилинган.

Яна бир муҳим жиҳати, бу арматура халқаро DIN стандарти сертификатини қўлга киритган. Энди ушбу маҳсулотни Европага экспорт қилиш режалаштирилган.

Президент комбинатдаги яна бир муҳим лойиҳа - Қуюв прокат мажмуасининг қурилиш майдонида бўлди.

672 миллион евролик ушбу лойиҳа натижасида йилига 1 миллион тонна пўлат листлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Мазкур лойиҳа ишга тушгач, комбинат қувватлари 2 бараварга ошади.

Бугунги кунда мажмуа учун темир йўл ва автомобиль йўли қурилиши якунланиб, темир-бетон конструкциялари ўрнатилмоқда. Италиянинг «Danieli» компанияси томонидан зарур ускуналар келтирилмоқда. Уни 2024 йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари буни жадаллаштириш ва корхонани кафолатланган хомашё билан таъминлаш зарурлигини таъкидлади.

- Ўз вақтида бу комбинат учун 800-900 минг тонна иккиламчи қора металлни қайта ишлаш етарли эди. Лекин бугунги кунда иқтисодиётимизда қора металлга бўлган талаб 4 миллион тонна. Унинг ҳам 50 фоизи импорт ҳисобидан қопланмоқда. Шунинг учун бу корхонани тезроқ ишга туширсак, иқтисодиётимизга катта манфаат беради, - деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари ушбу лойиҳада иштирок этаётган Туркиянинг «Renaissance Heavy Industries» ва Италиянинг «Danieli» компаниялари раҳбарлари билан ҳам суҳбатлашди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг