ҚҚС пасайтирилди, аммо нархлар нега тушмади?
Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари Ўзбекистонда қўшилган қиймат солиғи (ҚҚС) нинг 15% дан 12% га туширилиши истеъмол товарлари нархига қандай таъсир кўрсатишини ўрганди.
ҚҚС тўловчиси бўлгани ва асосан расмий иш юритувчи ҳисоблангани сабабли таҳлил учун миллий супермаркетлардаги нархлар асос қилиб олинди. Жумладан, 97 турдаги 3754 та истеъмол товарлари бўйича тўрт ойлик статистик маълумотлар data-scraping йўли билан юклаб олинди. Ҳар бир товар тури бўйича декабрь ва январь ойларида нархлар ўртасидаги ўзгариш (treatment group) ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгариши (control group) билан солиштирилди.
Натижалар шуни кўрсатадики, ҚҚС 15% дан 12% га туширилиши нархларнинг тегишли равишда тушишига олиб келмаган. Жумладан, декабрь-январь ойларида нархлардаги ўзгариш ноябрь-декабрь ва январь-февраль ойларидаги нархлар ўзгаришига нисбатан 0,3 фоиз пунктига кўп бўлган. Бу дегани бошқа барча омилларнинг таъсир кучи тўхтатиб турилган тақдирда ҳам 2,6% га (1,12/1,15*100%-100%) тушиши керак бўлган нархлар 0,3% га ошган.
Хусусан, 46 та гуруҳ бўйича 1115 та товар нархи ўзгармаган (болалар озуқаси, музқаймоқ, макарон, тана парвариши маҳсулотлари ва б.). 20 та гуруҳ бўйича 1306 та товар нархи 1% гача ошган (шоколад, ширинлик, гигиена маҳсулотлари ва б.). 12 та гуруҳ бўйича 585 та товар нархи 1-5%га ошган (кир ювиш кукунлари, мева, гўшт маҳсулотлари, сут ва б.). 7 та гуруҳ бўйича 567 та товар нархи (1,6% гача) пасайган (канцелярия товарлари, соуслар, қаҳва ва б.).
Аввалроқ ПМТИ экспертлари Input-output модели асосида иқтисодиётнинг 78 та тармоғи учун ҚҚС ставкасининг 3 фоиз пунктига пасайтирилиши, харажатларнинг камайишига ва бунинг ҳисобига иқтисодиётнинг реал секторида нархларнинг 0,8 фоиз пунктига пасайишига олиб келиши аниқлаган эди. Аммо, амалиётда эса ҳозирча тадбиркорлар солиқ бўйича олган енгилликни истеъмолчига ўтказиш бўйича қарор қабул қилмаяпти.
ҚҚСнинг туширилиши нархлар даражасига таъсир этмаганлигининг асосий сабаблари қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
- Истеъмол товарлари бозорида хуфёна иқтисодиёт улушининг катталиги ва солиқлардаги пасайишлар расмий ишлаётган фирмаларнинг нисбатан кичик миқдордаги фойда маржаси ошишига йўналтирилиши;
- Бозорларда тегишли равишда рақобат муҳитининг шаклланиб улгурмагани;
- Нархларга таъсир этувчи бошқа асосий омиллар (доллар курси, қайта молиялаш ставкаси, пул массаси ва б.) таъсир кучининг ошиб бориши.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter