Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Ўзбекистон атом энергетикаси орқали электр энергиясига эҳтиёжини тўлиқ таъминлай оладими?

Ўзбекистон атом энергетикаси орқали электр энергиясига эҳтиёжини тўлиқ таъминлай оладими?

Росатом лойиҳаларидан бири.

Фото: Росатом

Ортда қолган 2017 йилнинг декабр ойида Россиянинг «РосАтом» давлат корхонаси раҳбари мамлакатимизга ташриф буюрди. Унинг ташрифи ОАВ ва интернет сайтларида ёритилар экан, кўпчиликда бир савол пайдо бўлди: «Яқин йилларда Ўзбекистонда ҳам атом электр станцияси (АЭС) қуриладими?

Ҳозирча бу саволга аниқ жавоб йўқ, чунки бу ҳақда ҳеч қандай расмий хабар берилмади. Аммо «РосАтом» раҳбарининг фикрича, Ўзбекистонда бемалол кичикроқ ҳажмда АЭС қурса бўлади ва бунга ҳамма шароит бор. Ана ўшанда Ўзбекистон ўзининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаб, электр энергиясини импорт қилувчи давлатдан уни экспорт қилувчи давлатга айланиши мумкин. Албатта, бу қуриладиган АЭСлар сони ва қувватига боғлиқ.

Агар келажакда Ўзбекистонда АЭС қуриладиган бўлса, масаланинг энг муҳим томони — АЭСнинг хавфсизлик даражаси қандай бўлади? 2011 йили Япониядаги «Фукусима» АЭСда юз берган ҳалокатдан сўнг одамлар ўртасида АЭСларга нисбатан ишончсизлик пайдо бўлди, шу жумладан, юртдошларимизда ҳам. Аммо бир нарсани таъкидлаб кетишни хоҳлар эдик — «Фукусима» ҳалокатидан сўнг Япониядан бошқа биронта давлатда АЭСлар фаолияти тўхтатилгани йўқ. Ҳатто жаҳон бўйлаб қурилаётган янги АЭСларнинг ҳам қурилиши давом эттирилаяпти. Япониядаги ҳолатга келсак, мамлакат бош вазири Синдзо Абэ ўз чиқишларидан бирида мамлакатда АЭСлар фаолияти қайта тикланишини ва бу учун олдин ҳамма АЭСлар қаттиқ назоратдан ўтказилиб, хавфсизлик талабларига жавоб берганлари кечиктирилмасдан қайта ишга туширилишини айтиб ўтган.

Дунё атом энергетикасига назар

Агар АЭСларнинг дунё бўйлаб жойлашиш манзилларига қарайдиган бўлсак, энг кўп АЭС Европа қитъасида (Россия билан бирга) жойлашганини кўрамиз. Иккинчи ўринда Шимолий Америка жойлашган. Учинчи ўринда Осиё қитъаси туради. Экспертларнинг фикрича, яқин келажакда Осиё қитъаси АЭСлар сони бўйича дунёда биринчи ўринга чиқиб олади. Чунки дунёнинг иккинчи иқтисодиёти мақомига кўтарилган Хитойда йилдан-йил электр энергиясига бўлган талаб кескин ошиб боряпти ва ҳукумат эскиларини эксплуатация қилиш билан бирга, янги АЭСлар қуриш йўли билан бу муаммонинг ечимини хоҳлаяпти. Шунингдек Ҳиндистон ҳам ошиб бораётган электр энергия талабларини янгидан-янги АЭСлар қуриш йўли билан қондирмоқчи. Шунингдек, Ветнам давлати ўзининг илк АЭСини 2019 йилда ишга туширишни мўлжаллаяпти. Осиёнинг бошқа айрим мамлакатлари ҳам келажакда ўз давлатларида АЭСлар қуриш истиқболларини хомчўт қилмоқдалар.

Тўртинчи ўринда эса Аргентина ва Бразилияда жойлашган бир неча АЭСлари билан Жанубий Америка турибди.

Бешинчи ўринда Африка қитъаси жойлашган. Бу қитъада АЭСлар ҳозирча фақатгина ЖАРда бор. Аммо қитъанинг бир неча мамлакатлари яқин келажакда АЭСлар қуриб, ўзларидаги электр энергияси тақчиллиги муаммосини йўқотишни режалаштиряптилар. Бу йўлда Судан илк қадамларни ташлади. 2017 йилнинг 26 декабр куни «РосАтом» ва Судан ҳукумати ўртасида Суданда АЭС қуриш ҳақида шартнома имзоланди.

АЭСларнинг мамлакатлар бўйлаб тақсимланишида эса АҚШ мутлақ биринчи ўринда. Бу мамлакатда юзга яқин атом реактори ишламоқда. Кейинги ўриндаги Францияда 58 та реактор ишлаяпти. Учинчи ўринда эса ҳозирча реакторлари вақтинчалик тўхтатилиб ишламай турган бўлса-да, Япония туради — 43 та атом реактори бор.

  1. АҚШ. 99 реактор ишлаяпти, 4 таси қурилмоқда.
  2. Франция. 58 реактор ишлаяпти, 4 таси қуриляпти.
  3. Япония. 43 та бор ва уларнинг ҳаммаси ҳозир тўхтатилган.
  4. Хитой. 35 реактор ишлаяпти, 22 таси қурилаяпти.
  5. Россия. 35 реактор ишлаяпти, 7 таси қурилмоқда.
  6. Жанубий Корея. 25 реактор ишлаяпти, 3 таси қуриляпти.
  7. Ҳиндистон. 22 реактор ишлаяпти, 5 таси қурилмоқда.
  8. Канада. 19 реактор ишлаяпти. Янгилари ҳозирча қурилмаяпти.
  9. Украина. 19 реактор ишлаяпти.
  10. Буюк Британия. 15 реактор ишлаяпти.

Энди дунёдаги АЭСларнинг энг йириклари рўйхатига қарасак, ишламаётган бўлса-да, Япониянинг «Фукусима» атом электр станцияси дунёдаги энг катта АЭС ҳисобланади.

Иккинчи ўринда эса Япониядаги яна бир АЭС «Касивадзава-Карива» туради.

Катталиги жиҳатидан дунёда учинчи ўринда Украинанинг «Запорожье» АЭСи турибди.

Энди АЭСларнинг мамлакат электр энергияси ишлаб чиқаришидаги улушига қарайдиган бўлсак, энг катта кўрсаткич Франция ва Украинада: АЭСлар улуши бу мамлакатларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 50 фоизидан сал зиёдроқни ташкил этади. Қолган мамлакатларда эса 1 фоиздан 15 фоизгача бўлганини қоплайди.

Дунё атом энергетикасини эса IAEA (International Atomik Energy Agency, русчаси МАгАтЭ, Международное агентсво по атомной энергии), Халқаро атом энергетикаси агентлиги бошқариб боради.

Ҳаммамизга маълумки, Ер юзида энергетика ресурслари жудаям нотекис тарқалган. Бир ҳудудда катта-катта нефт-газ ёки кўмир конлари бўлса, иккинчи ҳудудда умуман ҳеч нарса йўқ. Ана ўша энергетика ресурслари йўқ ёки кам бўлган ҳудудларда жойлашган мамлакатларнинг аксарияти ўз мамлакатидаги энергия тақчиллигини яқин келажакда АЭСлар қуриш билан ҳал қилмоқчи. Масалан, Собиқ Иттифоқ даврида АЭСлар фақат Россия ва Украинада қурилган эди. Бошқа иттифоқдош республикаларда АЭС қурилмаган. Аммо бугунги кунда Беларусда янги АЭС қурилиши жадаллик билан давом эттириляпти. Қозоғистон яқин келажакда АЭС қуришни режалаштирмоқда. Шунингдек бу минтақа билан чегарадош бўлган Туркияда РосАтом билан ҳамкорликда АЭС қуриш ишлари бошлаб юборилган. Умуман олганда, жаҳондаги аксарият ривожланаётган давлатлар келажакда энергия тақчиллигини АЭСлар қуриб ҳал қилишни мўлжалламоқдалар. Тўғри, бугунги кунда дунё давлатлари орасида қуёш энергияси, шамол энергияси, ҳатто денгиз тўлқинларидан энергия олиш каби қайта тикланувчи энергия олиш технологиялари ҳам жадаллик билан ривожланиб бормоқда, аммо шу билан бирга АЭСлар қуришга ҳам асло қизиқиш камайгани йўқ. Қайта тикланувчи энергия манбалари технологияларидан кўра АЭСлар қуриш катта харажатни талаб қилгани учун кўп давлатлар ҳозирча ўзларида АЭСлар қуришни кечиктириб туришибди, холос.

Энди хавфсизлик масалаларига келсак. АЭСлар тарихида иккита ҳалокат бўлган. Бири «Чернобил», иккинчиси «Фукусима». Ҳар иккаласида ҳам ҳалокатлар табиий равишда эмас, балки инсонлар хатоси билан юз берганини ва дунёдаги қолган барча АЭСларда 500 га яқин атом реакторлари ишлаб турганини инобатга олсак, АЭСлар одамлар ўйлаганидай хавфсизлик ва экологияга жиддий хавф соладиган иншоот эмас.

Ўтган асрнинг охирларида содир бўлган Чернобил АЭС ва янги асрнинг бошида содир бўлган «Фукусима» АЭС ҳалокатлари одамларда АЭСларга қарши салбий тасаввур уйғониши учун етарли бўлди. Аммо энергетика захираларининг дунё бўйлаб нотекис тарқалиши, йилдан-йил ўсиб келаётган иқтисодиёт ва аҳоли сонининг ошиши ва шу каби бошқа омиллар турли давлатларда янгидан-янги АЭСлар қурилишига сабаб бўляпти. Албатта, АЭСларнинг атроф-муҳит ва экологияга қисман зарари бўлиши мумкин, аммо энергетик мустақиллик жуда муҳим.

Энди биз ўзимизга тегишлисига ўтсак

Хўш, мамлакатимизда АЭС қуриш қанчалик истиқболли ёки аксинча бўлади. Юқорида ҳам айтилди, энергия мустақиллигига эришиш ҳар бир давлат учун ўта муҳим ҳисобланади. Шу жумладан биз учун ҳам.

Бизда шу пайтгача электр энергиясининг етишмаётгани, аччиқ бўлса-да, ҳақиқат эди. Уни бугунги кунда ён қўшнимиз Қирғизистондан импорт қиляпмиз, келажакда Тожикистондан олишимиз ҳақида гап-сўзлар бўляпти, аммо мамлакатимиз учун энергетика мустақиллиги кўп нарсани англатади. Чунки четдан импорт қилиб олинадиган электр энергияси иқтисодий ёки сиёсий сабабларга кўра исталган вақтда тўхтаб қолиши мумкин.

Бу масаланинг муҳим бир томони. Иккинчи томони шундан иборатки, бизга электр энегиясини экспорт қилаётган Қирғизистон уни асосан ГЭСларда ишлаб чиқаради. Шунинг учун ҳам маълум бир йилларда об-ҳаво ноқулай келса ва ёғингарчилик кам бўлса, уларда электр энергиясини ишлаб чиқариш камаяди. Бунинг натижасида улар бизга электр энергиясини мўлжалдан камроқ экспорт қилишлари ва шу туфайли бизда яна узилишлар бўлиши мумкин. Ана шу жиҳатдан олиб қараганда биз ўзимиздаги бор имкониятлардан фойдаланиб АЭС қурсак ва бунинг натижасида энергетик мустақилликка эришсак ҳам мақсадга мувофиқ иш бўлади.

«РосАтом» раҳбарининг юртимизга ташрифидан сўнг аҳоли орасида: «Агар бизда АЭС қуришса, у қаерда қурилади. АЭС реакторларини совитиш учун кўп сув керак, ўша сувни қаердан олишади? Унинг хавфсизлиги қандай бўлади?» деган саволлар пайдо бўла бошлади. Масаланинг бошқа жиҳатларига жавоб беришни соҳа мутахасисларига қолдириб «Унинг хавфсизлиги қандай бўлади?» деган саволга жавоб беришга уриниб кўрамиз.

Агар дунё бўйлаб АЭСлар жойлашган ҳудудларни кўрарканмиз, уларнинг аксарияти аҳоли зич жойлашган ҳудудларда қурилганига гувоҳ бўламиз. АҚШда ёки Хитой ва Японияда ҳам, Европа давлатларида ҳам, Украина ва Россияда ҳам АЭСлар аҳоли пунктлари орасида қурилган Ҳатто Беларусдаги янги АЭС шундоққина Беларус-Литва чегарасига яқин ерда қуриляпти ва АЭС билан Литва пойтахти Вилнюс шаҳрини бор-йўғи 50 км. масофа ажратиб турибди. Ёки бир пайтлар Собиқ Иттифоқ даврида Шарқий Европадаги собиқ социалистик лагерга кирувчи Венгрия, Болгария, собиқ Югославиядаги АЭСлар ҳам йирик шаҳарлар яқинида қурилган эди. Шундай экан, АЭСлар пишиқ ва пухта қилиб қурилса ва кейин уни бошқаришда ҳам кучли назорат олиб борилиб, хатога йўл қўйилмаса, АЭСларда анча-мунчада ҳалокат содир бўлмайди.

Албатта, келажакда мамлакатимизда АЭС қуриладими ёки йўқми буни вақт кўрсатади. Аммо энергетик мустақиллик биз учун муҳим ва долзарб муаммо бўлиб кун тартибимизда тураверади.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг