Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ бекор қилинди

Бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун солиқ бекор қилинди

Фото: «Xabar.uz»

Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга мувофиқ, бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига фуқароларнинг суғурта бадаллари ҳамда давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди. Бунда бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ акциз солиғи объектига киритилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали хабар берди.

Солиқ имтиёзлари алоҳида ҳолларда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида ҳам назарда тутилиши мумкин. Илгари имтиёзлар фақат Солиқ кодексида, қонунларда ҳамда Президент қарорларида белгиланган.

Эндиликда йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади. Илгари солиқ ҳисоботи Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармаларига тақдим этилган.

Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган суммани бошқа турдаги солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига, бошқа турдаги солиқлар бўйича пеня ва жарималарни узиш ҳисобига ёки бошқа турдаги солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилиги томонидан амалга оширилади. Илгари ушбу ҳаракат тегишли молия органлари томонидан амалга оширилган.

Қонун 2019 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг