Суддан бурун «ҳукм»? Адвокат Чирчиқдаги ҳолатни танқид остига олди
Икки ҳафта илгари Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошевага нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, оёғи ерга теккизилмай «тиқиб қўйилиши» фаол жамоатчилик ўртасида яхшигина муҳокамага сабаб бўлганди. Бу муҳокамалар ҳали тўхтаганича йўқ.
Энг қизиғи, айни жараёнда прокуратура ўзининг тушунарсиз хатти-ҳаракатлари билан оловга мой сепмоқда. Масалан, бош шифокор ҳисбга олингани шов-шув бўлаётган пайтда Чирчиқ шаҳри прокурори Бахтиёр Иброҳимовнинг веб-сайтларнинг бирига берган катта интервьюси шундоғам тинмаётган сувни баттар лойқалатди.
У тергов босқичида бўлган «бош шифокор иши» тафсилотларини очиқлаб, суддан аввал ҳукм чиқариб қўйди, гўё... Таниқли адвокат Усмонхон Салоҳиддинов Чирчиқ шаҳар прокурорининг қонун қаричига кўпам тўғри келмайдиган мазкур хатти-ҳаракати юзасидан кескинроқ чиқиш қилишининг боиси ҳам шунда. Унга кўра: «...прокурор жаноблари мазкур интервьюсида амалдаги жиноят процессуал қонунчилик талабларига зид равишда, ҳали терговолди ҳаракатлари олиб борилаётган жиноят иши бўйича тергов маълумотларини ошкор қилиши ўз-ўзидан савол туғдиради: Жиноят иши дастлабки босқичда эканини тан олган прокурор айблов судда нафақат тасдиқланиши, балки далиллар рад этилиши ҳам мумкинлигини билмайдими ёки била туриб, қонунга зид тарзда бўлса-да жамоат фикрини шакллантиришни, шу орқали судга таъсир ўтказишни мақсад қилганми?».
— Эътиборли жиҳати шундаки, — дея давом этади адвокат, — мамлакатда қонун ҳимояси учун масъул бўлган бу амалдор ўзи, ўз интервьюси билан, аввало, амалдаги ҳуқуқий маданият ва прокурор этикаси талабларини жуда қўпол равишда бузган. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддаси («жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, у айби аниқланмагунча айбдор ҳисобланмайди») ҳамда амалдаги ЖПКнинг 23-моддаси («Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи унинг жиноят содир этишда айбдорлиги қонунда назарда тутилган тартибда исботлангунга ва қонуний кучга кирган суд ҳукми билан аниқлангунга қадар айбсиз ҳисобланади») талабларини ҳам мутлақо менсимаган.
Зеро, ҳали якунланмаган ва судда кўриб чиқилмаган жиноят иши бўйича ОАВ орқали прокурор хулосасини айтишга, ҳатто гувоҳларнинг кўрсатувларию, якунланмаган ҳужжатли тафтиш якунларигача ошкор қилишга унинг мутлақо ҳаққи йўқ! Шунга қарамасдан, у ўз интервьюсида жиноят иши қачон ва қандай қўзғатилганидан тортиб, аниқланган барча ҳолатларга бирма-бир тўхталади ва уларни айблов позициясидан келиб чиққан ҳолда, гўё рад қилиб бўлмас далил-исботлар сифатида талқин қилади ҳамда айбланувчининг бир бемор ўлимига шак-шубҳасиз сабаб бўлган ҳамда 250 млн. сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирган жиноятчи экани ҳақида узил-кесил хулоса чиқаради. Демак, прокурор ўз мақсадлари йўлида қонун талабларини атай бузган кўринади.
«...Суд-ҳуқуқ соҳасида узоқ тажрибага эга мутахассис сифатида яна бир масалани айтишни хоҳлардим. Г.Йўлдошевага эълон қилинган дастлабки айблар мавжуд тасниф бўйича нари борса «унча оғир бўлмаган жиноятлар» турига кирса-да, унга нисбатан қамоқда сақлаш туридаги эҳтиёт чораси қўлланилишини ҳам ўринли деб бўлмайди. Чунки Ўзбекистонда уй қамоғи туридаги эҳтиёт чораси ҳам мавжуд ва уни айнан аёл сифатида Г.Йўлдошевага нисбатан қўллаш мумкин эди. Аммо на прокурор, на журналист бу масалага эътибор қаратишмаган. Айниқса журналистнинг интервью давомида ўзини худди прокурор ёрдамчисидек тутиши ўқувчида бу суҳбатнинг олдиндан келишилиб, буюртма асосида тайёрлангандек таассурот уйғотади», дейди адвокат.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент вилояти Юқумли касалликлар шифохонасининг собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олинган. 10 сентябрь куни эса Бош прокуратура матбуот хизмати айблов тўғрисида маълумот берди. Г.Йўлдошева 9 сентябрдан бери ҳибсда сақланмоқда. Шифокор олти фарзанднинг онаси, кенжаси икки яшар гўдак экани айтилади.
«Advokathews.uz»нинг алоҳида таъкидлашига кўра, мазкур мавзуни ёритишдан мурод айбланувчини оқлаш, унга адвокатлик қилиш эмас. Аксинча, юқорида қайд этилган интервьюда яққол кўзга ташланган, аслида эса жамиятимизда аввалдан мавжуд ва ҳануз ечимини топмаган муаммога омма эътиборини тортмоқчи бўлинди, холос.
Гап айбсизлик презумпциясига риоя этиш масаласига бориб тақалганини эса тушунган бўлсангиз керак. Зеро, у жамиятимиз учун ҳамон ҳассос мавзулигича қолмоқда. Энг ёмони, фурсат бўлди дегунча ОАВ ва журналистларни айбсизлик презумпциясини бузишда айблашга уринадиган ҳуқуқ-тартибот идоралари мансабдорларининг ўзлари бу борада намуна бўла олишмаяпти.
Аслида эса айбсизлик презумпцияси жиноят-судлов процесси тамойили бўлиб, фақат шу жараёнгагина хос тушунчадир. Таниқли журналист ва ҳуқуқшунос Карим Баҳриев таъкидлаганидек, оддий фуқаро ва ҳатто журналистдан кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар мансабдор шахсининг бу мазмундаги ахборотидан фуқарога кўпроқ зарар етиши мумкин. Чунки бундай ҳолатда у ўз фикрини эмас, давлат томонидан берилган ваколатлари доирасидаги расмий нуқтаи назарини ифодалаётган бўлади. Бошқача айтганда, унинг нуқтаи назари давлатнинг нуқтаи назари бўлади, яъни унинг фикрида масаланинг ҳуқуқий томонлари ҳамда ҳуқуқий оқибатлари намоён бўлади. Бундан келиб чиқадики, мансабдор шахс жиноят содир қилганликда айбланувчи шахс ҳақида фикр билдираётганида у токи айбдорлиги тўғрисида ҳукм чиқиб, кучга киргунича айбсиз ҳисобланишини инобатга олиши лозим, яъни айбланувчини айбсиз «ҳисоблаш»га мажбурдир.
Дарвоқе, эслатиб ўтиш ортиқчалик қилмайди. Г. Йўлдошева тахминан бир ой муқаддам Kun.uz сайтига интервью бериб, пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирус беморларини ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётганини, оғир вазиятда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтган эди.
Прокурор чиқишининг ижтимоий муҳокама марказига жуда тез кўчиши сабабларидан бири ҳам шу.
Яна бир гап. Куни кеча марказий нашрлардан бирининг сайтида «Оқ халат остига яширилган қора ният. Ёхуд бош инфекционист нега қамоққа олинди?» сарлавҳали мақол чоп этилди. Суддан аввалги ҳукм тариқасида ёзилган ушбу мақола кўп ўтмай сайтдан ўчирилди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter