Суд тизимида 1 январдан нималар ўзгаради?

Адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқ – инсон ҳуқуқлари ҳимоясининг ягона кафолатидир. Шу боис уни амалда таъминлаш давлат органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 28-моддасида жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда ва ошкора кўриб чиқилиши белгилаб қўйилган. Шу маънода, мамлакатимизда қатъият билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аввало инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларини амалда кафолатли таъминлаш мақсади мужассамдир.
Шу нуқтаи назардан, 2023 йил 27 сентябрда «Суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текшириш институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунининг қабул қилингани бежиз эмас. Айни қонуннинг мақсади ҳуқуқни қўллаш фаолиятини жиддий таҳлил қилган ҳолда, шунингдек, ягона суд амалиётини шакллантириш, ишларни сифатли ва қонуний муддатларда кўриш орқали одил судловни таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилишдир.
Ушбу қонунга кўра, суд ҳукмлари, ажримлари, қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини текширишнинг умумий шартлари тубдан такомиллаштирилмоқда. Жумладан, 2024 йил 1 январдан апелляция, кассация ва тафтиш инстанцияларини жорий қилиш белгиланди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмлари, ажримлари устидан дастлаб апелляция тартибида, агар апелляция тартибида кўрилмаган бўлса, қонуний кучга кирган ҳукмлар, ажримлар устидан кассация тартибида шикоят, протест бериш, апелляция ёки кассация тартибида кўриб чиқилган жиноят ишлари бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар устидан эса, тафтиш тартибида шикоят, протест бериш, шунингдек, тафтиш тартибида такроран шикоят, протест билдириш юзасидан илтимоснома билан мурожаат қилиш имкони яратилмоқда.
Бундан ташқари ҳукм устидан апелляция тартибида шикоят, протест бериш муддати йигирма суткадан ўн суткага қисқартирилмоқда. Шунингдек, жиноят ишини кассация ва тафтиш тартибида кўриш натижалари юзасидан янги оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш ваколатлари берилмоқда.
Буларнинг барчаси, шубҳасиз, суд қарорларини бекор қилиб, янгидан кўриш учун қуйи инстанция судларига қайтариш амалиётига чек қўяди ва фуқароларнинг ортиқча сарсонгарчиликлари олдини олади.
Қонунга киритилган ушбу ўзгартиришларга мувофиқ, тафтиш тартибидаги шикоят, протест туман (шаҳар) судларининг апелляция ёки кассация тартибида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари устидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судларига берилади.
Туман (шаҳар) судларининг апелляция, кассация ёки тафтиш тартибида кўриб чиқилган ҳукмлари, ажримлари устидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари томонидан биринчи инстанция бўйича чиқарилган ҳукмлар, ажримлар ва улар юзасидан чиқарилган апелляция ёки кассация инстанциясининг ҳукмлари, ажримлари устидан эса, бундай шикоят ёки протест Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига берилади.
Олий суд раиси ва Бош прокурор Олий суд Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг тафтиш тартибида чиқарилган ҳукмлари, ажримлари устидан Олий суднинг Раёсатига тафтиш тартибида такроран кўриб чиқиш учун протест билдиришлари мумкин.
Бу ҳуқуқ маҳкум, унинг ҳимоячиси, қонуний вакили, шунингдек, жабрланувчи, унинг вакили, фуқаровий даъвогар, фуқаровий жавобгар ва улар вакилларининг фуқаровий даъвога дахлдор қисми устидан, оқланган шахс, унинг ҳимоячиси ва қонуний вакили ҳамда ишда тараф бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахлдор қисми устидан илтимосномаларини кўриб чиқиш натижалари бўйича таъминланади.
Хусусан, ушбу қонуннинг амалиётга жорий этилиши:
— фуқароларнинг шикоят қилишга бўлган конституцион ҳуқуқлари амалда таъминланиши ҳамда уларнинг эътирози ва оворагарчилигининг олдини олишга;
— Олий суд судьяларининг асосий эътиборини қуйи судлар учун ягона суд амалиётини шакллантиришга қаратишга;
— судларнинг маъсулиятини ошириб, ишларнинг сифатли ва ўз вақтида кўрилишига;
— суд қарорларини қайта кўришда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар имкониятидан янада кенгроқ фойдаланишга;
— аҳолининг судларга бўлган ишончини оширишга;
— ушбу ислоҳотлар шубҳасиз одил судловни таъминлашга кўмаклашади.
Дилдора Пўлатова,
Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судининг судьяси
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter