Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Суд раиси туман ХТБга «юриш» қилди

Суд раиси туман ХТБга «юриш» қилди

Ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атама – бу «коррупция»дир. Коррупция – ниҳоятда ижтимоий-сиёсий вайронкор куч, унинг оқибатида миллий иқтисодиётга путур етади, ижтимоий тенгсизлик чуқурлашади... Шу боис тараққиёт йўлини танлаган ҳар бир мамлакат, энг аввало, шу иллатга қарши курашади.

Мамлакатимизда коррупция кенг тарқалган соҳалардан бири халқ таълими тизими экани сир эмас.  Бунинг объектив ва субъектив сабаблари етарли, албатта. Бироқ мазкур тизимда коррупция мавжудлигининг хавотирлиги шундаки, бу иллат ёш авлод руҳияти ва дунёқарашига барвақт таъсир қилади. Барвақт таъсир қилинган иллатнинг асорати эса узоқ давом этиши маълум.

Жиноят ишлари бўйича Қибрай туман суди раиси С. Дусманов ва туман ИИБ ЙҲХБ бошлиғи Д.Нишонов 48 та умумтаълим таълим мактаби мутасаддилари билан учрашар экан, муаммонинг айни шу нуқтасига эътибор қаратишди. Айтилдики, бугун бу иллатга чек қўйилмаса, эртага кеч бўлиши мумкин. Шунингдек, мактаб ўқувчилари томонидан содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар ҳам жиддий ташвиш уйғотаётир. Бундан кейин мактаб ўқувчилари томонидан содир этиладиган ҳар бир жиноят фавқулодда ҳолат сифатида қаралади, мактаб директорига нисбатан халқ таълими бошқармасига хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдирилади.

Тадбирда Ўзбекистон Халқаро Ислом академиясининг катта ўқитувчиси Ф.Рашидов иштирокини ҳам алоҳида қайд этиш жоиз.  Домланинг коррупция иллати ҳақида миллий ва диний нуқтаи назардан келиб чиққан ҳолда қилган маърузаси анча таъсирли чиқди. Дунёвий қонунларда пора берувчига қўшилиб, пора олувчи ҳам жазога тортилса, Исломда бу гуноҳи кабира ҳисобланиши, унинг жавоби ҳам қаттиқ бўлиши алоҳида урғуланди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг