Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×

Чирчиқдаги «шов-шувли иш» якунланди. Шифокорларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Чирчиқдаги «шов-шувли иш» якунланди. Шифокорларга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Фото: «Kun.uz»

Бугун, 5 апрель куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, судланувчилар Гулжаҳон Юлдашова (1975 йилда Самарқанд вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори), Шиҳназар Рўзметов (1990 йилда Хоразм вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси шифокори), Жахонгир Зиядуллаев (1986 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Тошкент вилояти кўп тармоқли тиббиёт маркази шифокори), Алишер Дадаматов (1990 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош ҳисобчиси) ва Жанар Акимова (1977 йилда Тошкент вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган, Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси бош ҳисобчиси вазифасини вақтинча бажарувчиси, иқтисодчиси) га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни ниҳоясига етди.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар суди раиси С.Авлакулов раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра, Г. Юлдашова Жиноят кодексининг 25,167-моддаси 3-қисми «а» банди билан реабилитация қилиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а», «б», «в», «г» бандлари, 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди ва 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) 2-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ш. Рўзметов Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми ҳамда 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 2-қисми «а», «б» бандлари ва 3-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Ж. Зиядуллаев Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми билан реабилитация қилиниб, Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми ва 28,228-моддаси 2-қисми «б» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

А. Дадаматов Жиноят кодексининг 25,167-моддаси 3-қисми «а» банди билан реабилитация қилиниб, Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилди. Унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 

Ж. Акимова Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми «б», «в», «г» бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Шунингдек, жиноят натижасида етказилган моддий зарарни судланувчилардан солидар тартибда ундириш белгиланди.

Ушбу жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бош шифокори — вилоят бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олиниши ортидан катта шов-шув келиб чиққанди. Орадан бир ой ўтиб, жамоатчиликнинг босими натижасида олти фарзанднинг онаси бўлган Г. Йўлдошевага нисбатан қўлланган «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси «уй қамоғи»га ўзгартирилади. Унга нисбатан қўлланган эҳтиёт чораси ўзгартирилган куни эса Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонасининг бошқа шифокори  қўлга олинганди. Кейинчалик Бош шифокорга оид шов-шувли жиноят иши судга оширилиб, судланувчи битта эмаслиги маълум бўлганди.

Изоҳлар

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг