Ўзбекистонда нотариусларнинг 10 фоизи талабга жавоб бермаслиги маълум бўлди
Адлия вазирлиги ҳар ярим йилда нотариусларнинг иш фаолияти сифатини баҳолаш тизимини йўлга қўйди.
Бундан кўзланган мақсад тизимда халққа хизмат кўрсатиш сифати ва тезкорлигини ошириш, улар фаолиятидаги камчилик ва муаммоларни тузатиш, халол, шаффоф ва очиқ ишлайдиган кадрлар салоҳиятини янада яхшилаш ҳисобланади.
Нотариусларнинг 2018 йил II ярим йиллик фаолиятини баҳолаш махсус автоматлаштирилган электрон дастур орқали амалга оширилганлиги эътиборлидир.
Сифатни баҳолашда нотариал ҳаракатлар сони, нотариуснинг хизмат фаолиятига оид маълумотлар ва унинг фаоллиги «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизимидаги маълумотлар асосида автоматик тарзда амалга оширилди.
Адлия вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар беришича, баҳолаш натижалари кўра жами 635 нафар нотариуслардан 21 нафари фаолияти «аъло», 341 нафари фаолияти «яхши», 209 нафари фаолияти «қониқарли» ва 64 нафари фаолияти эса «талабга жавоб бермайди» деб баҳоланди.
Баҳолаш рейтингида дастлабки 3 та энг юқори ўринни эгаллаган нотариусларнинг икки нафари Тошкент шаҳрида ва бир нафари эса Навоий вилоятида ишлайди:
1. Азиза Шухратовна Шаназарова — Тошкент шаҳар, Миробод туман 9-сон ДНИ нотариуси — 91 балл (максимал 100 балгача);
2. Фозилходжа Хашимходжаевич Набиев — Тошкент шаҳар, Олмазор туман 11-сон ДНИ нотариуси — 90 балл;
3. Исаев Икром Эшмирзаевич — Навоий вилояти, Нурота туман ДНИ нотариуси — 90 балл.
Рейтингда фаолият юритаётган нотариусларнинг 10 фоизи (64 нафари) «талабга жавоб бермайди» деб баҳоланган. Уларнинг 38 нафари Андижон вилоятида, 8 нафари Қашқадарёда, 6 нафари Фарғонада, 4 нафари Тошкент шаҳрида, 3 нафари Самарқанд, 2 нафардан Наманган, Хоразмда ҳамда1 нафари Сирдарё вилоятларига тўғри келади.
Адлия вазирлиги томонидан иш фаолияти «аъло» деб топилган нотариусларни рағбатлантириб бориш ва «талабга жавоб бермайди» деб баҳоланган нотариуслар фаолиятини яхшилаш чораларини кўриш тизими яратилган.
Рейтингнинг тўлиқ рўйхати билан www.minjust.uz сайти орқали танишишингиз мумкин.
Ҳозирги кунда вазирлик томонидан нотариуслар фаолиятини бевосита фуқаролар томонидан нотариал хизматларни олиш вақтида баҳолаш тизимини жорий этиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter